Инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги — муқаддас тушунча

11:11 21 Декабрь 2023 Жамият
334 0

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон шаъни, қадр-қиммати ва қонуний ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Аввало, бу Бош қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилди.

Эътиборлиси шундаки, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлатнинг мажбуриятлари уч мартага ортган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари уч ярим бараварга ортди. Янги таҳрирдаги Конституциямизни чинакам инсон қадрини улуғлайдиган бош ҳужжатга айланди, десак, айни ҳақиқат. Жумладан, унда инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги муқаддас тушунча сифатида баён этилди.

Шу ўринда Бош қомусимизнинг 31- ва 47-моддаларида мустаҳкамлаб қўйилган конституциявий нормаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, уларда ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ўзининг шахсий ҳаёти ва оилавий сирини ҳимоя қилиши, ўз мулкига эга бўлиши ва унинг дахлсизлигига ўзга шахсларнинг тажовузидан хавотирсиз ҳаёт кечириши мустаҳкамлаб қўйилди.

Маълумки, кейинги йилларда телекоммуникация тармоқлари ва ахборот технологияларининг ривожлангани сари ахборот ва маълумотларни узатиш, тарқатиш жараёнлари осонлашди ва халқ ичида оммавийлашди. Яқин кунларгача ижтимоий тармоқ ва интернет сайтларида шахснинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлари, минг афсуски, унинг розилигисиз олиниши, тарқатилишига гувоҳ бўлдик. Натижада кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига, шахсига оид маълумотларнинг тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўрдилар.

Бундай шароитда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, ёзишмалари ва биометрик маълумотларини сақлаш ва тарқатилишида ташқи таъсирлардан ҳимоя зарурати юзага келди. Шу нуқтаи назардан, янги таҳрирдаги Конституциямизда дахлсизлик ҳуқуқи сифатида шахсий, оилавий сир ва маълумотларнинг ноқонуний тўпланиши ва тарқалиб кетиши чекланди.

Шунингдек, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар сир сақланиши ҳуқуқи берилди. Бу ҳуқуқнинг чекланишига эса фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз билан ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўлди.

Яна бир муҳим жиҳат — ҳеч кимнинг уй-жойига унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмаслиги ҳам конституциявий норма сифатида мустаҳкамланди, уй-жойга киришга, шунингдек, унда олиб қўйишни, кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиши белгилаб қўйилди. Айниқса, уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйиладиган бўлди.

Энг муҳими, шахсий ҳаёт дахлсизлиги янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди.

Сир эмаски, бир неча йиллар аввал жамиятимизда ўткир муаммолардан бирига айланган “снос” билан боғлиқ муаммо долзарблик касб этганди. Бунга оқилона ечим сифатида ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳамда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 47-моддасида конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.

Умуман олганда, инсон қадри улуғланган жамият ва халқпарвар давлат деганлари ўзи аслида шу бўлади. Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизни йил давомида ҳар куни ўқишимиз, англашимиз ва кенг жамоатчилик ичида тарғиботини кучайтиришимиз керак. Чунки олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришишимиз учун, аввало, халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксак бўлишига эришишимиз талаб этилади.

Даврон МИРАЗОВ,

Жамоат хавфсизлиги университети Жиноий ҳуқуқий фанлар кафедраси бошлиғи, ю.ф.д., профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер