Инсонга эътибор ва таълимни юксалтириш ўқитувчиларга муносабатда яққол намоён бўлмоқда

14:18 24 Январь 2023 Жамият
949 0

Инсонга эътибор — бутун халққа, жамиятгa, мамлакатга эътибор демакдир. Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезони. Давлатимиз раҳбари томонидан президентлик фаолиятининг илк давридан бошлаб худди шу шиор остида амалга оширилаётган ишлар бугун янги босқичда давом этмоқда. Юртбошимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасини тинглаган киши борки, буни янада теран англайди.

2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинганда кўпчилик зиёлилар руҳланди. Зеро, йилнинг номланишида улуғ ният — юртдошларимизнинг бугуни ва эртанги фаровон ҳаётига дахлдор мақсадлар акс этган.

Давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам тараққиёти инсон омилига боғлиқ экан, унинг савиясини, билим ва салоҳиятини юксалтириш энг долзарб масалага айланади.

Президентимиз юртимиз бўйлаб қайси корхона ёки ташкилотда бўлмасин, мутасаддилар билан учрашмасин, албатта, учта сўзни такрорлаши ва талаб этиши бежиз эмас. Булар — сифат, самара ва натижадорлик. Ҳар бир қилинган ҳаракатнинг натижаси, самараси сифатга боғлиқлиги аён. Мана шу сифатни эса яхши таълим олган етук кадрлар таъминлайди. Демак, Президентимиз маърифатпарвар жадид боболаримизнинг сўзлари билан эътироф этгани каби «Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади».

Таълим беришнинг ҳам ўзига хос машаққати, роҳати, муҳим усул ва услублари бор. Билиш бошқа, уни етказиш ва унга амал қилиш бошқа. Чунки илму амал бирликда бўлмаса, самара ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Сифатли таълим масаласи, авваламбор, интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий билим, технологиялар билан қуролланган, теран тафаккурли, дунёқараши кенг муаллимга боғлиқдир.

Ўқитувчи кўп билимга эга, ахборот технологияларини обдан ўрганган, турфа тилларни эгаллаб, хориж сертификатларини олган, ҳатто бўйи баробар китобу илмий мақолалар ёзган бўлса ҳам, ҳали бу таълимнинг сифати ва самараси дегани эмас. Бу масаланинг бир томони, холос. Ўқитувчи болаларга ўз билимини қанчалик етказиб бермоқда, бу жараёнда қандай усул ва услублардан фойдаланмоқда, ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини таҳлил этиб боряптими, жараёнда пайдо бўлаётган муаммоларни қай даражада самарали ҳал этяпти? Таълимнинг сифати мана шу саволларга бекаму кўст жавоб топишни тақозо қилади. Бунинг учун муаллим жаҳон миқёсидаги энг сўнгги соҳавий янгиликлар ва билимларни пухта ўрганиб бориши, малакали ўқитувчилар тажрибасини мунтазам ўзлаштириши, хорижлик етук мутахассислар билан ҳамкорлик ришталарини боғлаши лозим.

Мурожаатномада таълим ҳақида, илмнинг қиймати, олимнинг ўрни, муаллимнинг рутбаси ҳақида долзарб мулоҳазалар билдирилди. Мактабгача таълим, мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим узвий, босқичма-босқич равишда бири-бирини тўлдирадиган, бойитадиган бўлиши кераклиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг «Тақдиримизни муаллим ва мураббий ҳал қилади», деган эътирофини педагогларимиз ниҳоятда сергакликка, ўз устида ҳар қачонгидан кўпроқ ишлашга даъват ўлароқ қабул қилиши керак. Бугуннинг ўқитувчиси, аввало, ўз салоҳиятини мунтазам равишда бойитиб бориши ва замонавий таълим услубини намоён қила олиши шарт, деб биламан.

Бугун ўқитувчи қадри, нуфузи юксалаётган, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими изчил такомиллаштирилаётган муҳим жараёнларни бошдан кечиряпмиз. Мана шу эътибор ва ғамхўрликдан ҳар бир ўқитувчи фахр-ифтихор туюши билан бирга, уларга муносиб бўлишга интилиши — давр талаби. Педагоглар бугуннинг ёшлари ҳаёти ва талабига жавоб бера оладиган ўқув методикаси билан ишлаши лозим. Очиғи, эски, замон руҳига мос бўлмаган билимларни бераверсак, бугунги тарихий имкониятни қўлдан бой берамиз. Биз мамлакат эртасини камолга етказяпмиз, юртдошларимиз зиёли қатлам дея ортимиздан эргашмоқда. Ана шу масъулият, залварли вазифа юки ҳар биримизни доим сергак торттириши шарт.

Бугуннинг ўқитувчиси янгича фикрлайдиган, ёшлар ҳаётидан узилмаган, ўз соҳасининг келажак тараққиётини теран таҳлил эта оладиган, асосийси, навқирон авлод кўнглига йўл топа оладиган ҳақиқий муаллим — зиёли бўлиш керак. Аслида, Президентимиз таълим соҳаси вакилларидан кутаётган ва талаб қилаётган муҳим вазифа ҳам айнан шудир.

Билимларни ўргатиш билан бирга, улардан самарали фойдаланмаслик анъанасига ҳам барҳам бериш вақти келди. Боғчаданоқ ўғил-қизларнинг қобилиятига ташхис қўйиш, қизиқишини аниқлаб, шу йўналишга бошқариш мақсадга мувофиқ. Мактаб давридан бошлаб ўқувчилар салоҳиятидан самарали фойдаланиб, инновациялар яратиш, эгаллаган билимини айнан шу лаёқатга йўналтиришга ўргатиш керак. Ҳозир иқтидори, қизиқишидан қатъи назар, болалар бир хил дастур асосида ўқитилади. Бунинг ўрнига юқори синфлар ўқувчилари қобилиятига мос соҳа ва йўналишлар бўйича таълим олса, ишласа, дарсга ҳам, ишга ҳам завқ-шавқ билан боради. Самарали ақлий меҳнати билан жамиятда ўз ўрнини топади.

Оилада, боғча, мактабларда ақлий меҳнат билан шуғулланадиган боланинг мияси яхши ишлаши учун қандай зарур шароит бўлса, барчаси ҳозирланиши лозим. Бунга эришиш учун оила ва таълим муассасаларида болаларни тарбиялаш ва ўқитиш жараёнлари билан бирга уларни яхши парваришлаш, сифатли овқатлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратиш айни муддаодир. Шу боис ўтган йили Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизимининг келгуси ўқув йилидан бошлаб қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши, бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилиши барчамизни жуда қувонтирди.

Муаллимлар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган камтар авлодни етиштириб берсагина, тараққиёт йўлидаги кўплаб тўсиқлар бартараф этилади. Япония, Сингапур, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар тажрибаси шундан далолат беради. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бизда ҳам мутасаддилар, зиёлилар таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиши, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича масалаларни биргаликда ҳал этиши керак. Демакки, бутун эътиборни янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратишимиз лозим.

Ёшларга таълим бериш билан бирга, тарбиянинг ҳам уйғунлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, педагогларнинг маънавий-руҳий дунёсини бойитишига имкониятларни янада кенгайтириш талаб этилади. Бунинг учун уларга бўш вақт яратиб бериш, уни мазмунли ўтказишига шароитлар ҳозирлаш зарур. Таассуфки, фарзандларимиз келажагига масъул инсонлар йиллар давомида ўқитишдан ташқари бошқа ишларга кенг жалб қилиб келинди.

Эсласак, ўқув йили ибтидоси муаллимнинг ёзилмаган йиллик иш режасида пахта мавсумининг бошланишини англатарди. Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни ўқитувчи ўз ўқувчилари билан бирга «ёлланма теримчи» сифатида далада ўтказарди. Баҳор бошланиши билан яна дала юмушларига жалб қилинарди. Бундан ташқари, ободонлаштириш, аҳолидан коммунал тўловларни йиғиш, қурилиш ишларида ҳам «дастёрлик» ўқитувчиларнинг зиммасида эди. Бу хизматлари учун эса арзимаган маош тўланарди. Муаллимнинг обрўйи, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани туфайли, аксарият ўқитувчилар ишини ташлаб, бошқа соҳага ўтиб кетди. Тизимда эркак ўқитувчилар деярли қолмади. Таълим сифати ва самарадорлиги, ўқитувчиларнинг сифат таркиби ҳам шунга мутаносиб эди.

Шукрки, 2017 йил сентябрдан бошлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, барча олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, мактаб, лицей, коллеж педагоглари ва ўқувчилари зудлик билан пахта далаларидан ўқишга қайтарилди. Ниҳоят мажбурий меҳнатга чек қўйилди, пахта қуллигидан қутулдик. Ўқитувчи барча ортиқча юмушдан озод этилди. Унинг олдида фақат ёш авлодни етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш вазифаси қўйилди.

Айни пайтда машаққатли ва шарафли касб соҳибларининг маънавий ҳордиқ чиқариши, китоб ўқиб, тафаккурини ўстириши, яхши дам олиб, руҳан тетиклашиши, маънан юксалишига барча шарт-шароит муҳайё қилинмоқда. Педагогларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Уларнинг қадрини ошириш борасида тегишли ишлар бажарилмоқда. Мурожаатномада таклиф этилганидек, ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг Конституцияда алоҳида белгилаб қўйилиши олиб борилаётган ишларни янада юқори даражага олиб чиқади.

Мамлакатимизда ўқитувчиларга вазифасидан ташқари иш юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тез орада қабул қилиниши кутилмоқда.

Педагоглар меҳнатининг қадрланиши, эъзозланиши, ижтимоий ҳимояси кучайтирилиши уларнинг кучига куч қўшмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда педагоглар ойлик маошининг 1,5 баробар оширилгани соҳа вакилларини ниҳоятда хурсанд қилди.

Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар яратиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз саъй-ҳаракати ҳар қанча таҳсин ва рағбатга муносиб. Шунинг учун ҳам ўтган олти йилда илм-фан соҳасини молиялаштириш тўрт карра кўпайди. Илмий ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида уларнинг иш ҳақлари уч баробар оширилди. Фан доктори ва номзодлари учун алоҳида устама ҳақ белгиланди.

Ана шу эътиборга муносиб тарзда бугун ўқитувчи ўз соҳасининг билимдони бўлиши лозим. Энди ўқитувчиларни дипломи бўйича банд қилиш эмас, билими, маҳорати ва савиясини инобатга олиб ишга олиш зарур. Педагогнинг мавқеини кўтариш деганда, масъулиятини ҳам ошириш назарда тутилади. Замон талабига жавоб берадиган инноватор кадрларни тайёрлаш учун биринчи галда муаллимнинг ўзи ҳам янгиликка интилувчан бўлиши керак.

Яна бир мулоҳаза. Таълим нафақат давлатнинг, балки бутун халқнинг диққат марказида бўлсагина сифат ва самарадорликка эришиш мумкин. Биринчи галда бу масалага ота-оналарнинг эътибори ошиши даркор. Чунки мактабда уларнинг келажаги тарбияланмоқда. Шунингдек, мактабга фақат моддий ёрдам эмас, балки маънавий кўмак, рағбат, меҳр бериб туриш ҳам ўқитувчига катта қувват бағишлайди. Муаллимларнинг ҳурматини жойига қўйишга одатлансак, нур устига нур. Ҳозирги кунда ўқимаган ўқувчига танбеҳ берса, ота-оналар келиб, педагоглар билан баҳслашаётган ҳоллар, афсуски, кам эмас. Аксинча, улар фарзандининг тақдирига бефарқ бўлмай, таълим муассасаси билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Агар ота-оналарни ўқитувчининг дарс бериши, билими қаноатлантирмаса, буни ҳам очиқ айтиб, вазиятни ўнглаш чораларини кўриш зарур.

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўртинчи устувор йўналишида айнан адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш бўйича қатор мақсадлар белгиланган. Демак, таълим ислоҳотлари изчил давом этади. Янги ўқув даргоҳлари қурилади. Мавжудлари замон андозаларига мос таъмирланади. Таълим сифати, ўқитувчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари мунтазам кенгайиб боради. Зеро, бу ишларнинг натижаси таълим-тарбия сифатида, ёшларимиз камолотида намоён бўлади.

Мухтасар айтганда, жамиятни инсон ўзгартиради, таълим инсонни ўзгартиради. Таълимнинг марказида эса доим ўқитувчи туради. Демак, муаллимларнинг жамиятдаги ўрнини, ҳурматини жойига қўйиш, фаровон яшаши учун имкониятларни кенгайтириш борасидаги ишлар халқимизнинг азалий орзуси — янги Ўзбекистонни, учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Амалга оширилаётган ишлар қалбимга қувонч бағишлаб, руҳимни янада кўтаради. Юрагимнинг туб-тубидан қуйидаги мисралар сизиб чиқади:

Кўзларда нур, чеҳралар гулгун...

Кунлар ўтиб, оппоқ тонг отди.

Ёноқларда ёнди табассум,

Келажакка умид уйғотди.

«Таълимдадир юксалиш, нажот,

Билим элтгай чўққилар томон.

Ёш авлодга бергувчи қанот,

Устозларни алқанг ҳар замон».

Адолатли шундай даъватда

Қад кўтармиш оқил сиёсат,

Муаллимлар сийланган юртда

Равнақ топгай илму маърифат.

Токи омон бўлса бу Ватан,

Қаддимиз тик, қадримиз юксак.

Мураббийлар эъзозда экан,

Ишонч билан уради юрак!

Собитхон ТУРҒУНОВ,

Наманган давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер