Инсон қадри улуғланган юртда яшаш шараф
Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Инсон ҳамиша меҳрга ташна. Айниқса, ўзгалар парваришига муҳтож, ногирон ва ёлғиз кексалар доим меҳрни қўмсаб яшайди. Бугун юртимизда ногиронлиги бор шахсларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг соғлом ҳаётга мослашишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Улар давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга олингани юртимизда инсон қадри юксалаётганидан далолат беради.
87 ёшли Aнтонина Куйчиева Зарбдор туманининг Шодлик маҳалласида яшайди. Ўзбекистон ҳудудида яқин қариндошлари қолмаган. Зарбдор туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан Aнтонина Михайловнага уй-рўзғор юмушларига кўмаклашиш учун ижтимоий ходим бириктирилди.
— Ўзбеклар меҳрибон ва бағрикенг халқ. Доимо ҳолимдан хабар олиб туради. Инсон қадри улуғланган юртда яшаш шараф, — дейди Aнтонина Куйчиева. — Яқинда маҳалламиз раиси янги ташкил этилган ижтимоий ходим билан уйимизга келди. Яшаш шароитим, соғлиғимни ўрганди. Менга ҳар куни уч соатдан ижтимоий хизмат кўрсатиладиган бўлди. Санаторийда соғлиғимни тиклашим учун онлайн навбатга қўйишди. Яқин кунларда “Жиззах” санаторийсида бепул даволаниб чиқаман. Ўзбек тилини яхши биламан. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни телевизор орқали кузатиб бораман. Мамлакатимиз тинч, осойишта. Халқлар, миллатлар ўртасидаги дўстлик мустаҳкам.
— Янги йилдан бошлаб вилоятимиздаги барча туманларда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти йўлга қўйилди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Наргиза Мавланова. — Ҳар бир маҳаллага ижтимоий ходим бириктирилмоқда. Эндиликда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ барча масалалар улар орқали ҳал қилинади. Ижтимоий ходим аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар тўғрисида шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш беради.
Президентимизнинг 2023 йил 28 сентябрдаги “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан дастлаб Жиззах вилоятида ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш мақсадида муҳим вазифалар белгилаб берилганди. Бахмал, Ғаллаорол туманларидаги 48 маҳаллада эксперимент тариқасида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
— Айни пайтда Ғаллаорол туманидаги 35 маҳалла фуқаролар йиғинидаги 26 та маҳаллада ижтимоий ходимлар ўз фаолиятини олиб бормоқда, — дейди Ғаллаорол туман “Инсон“ ижтимоий хизматлар маркази бош мутахассиси Бахтиёр Эсонов. — Илгари фуқаролар болалар нафақаси ёки моддий ёрдам сўраб келганда, маҳалла раиси ёки хотин қизлар фаоли ўша хизматни кўрсатган. Аммо улар оилаларнинг нима сабабдан моддий ёрдамга муҳтожлигини ўрганмаган. Ижтимоий ходимлар ҳар бир фуқаронинг яшаш шароити билан яқиндан танишиб, комплекс ёрдам кўрсатади. Иложи борича, фуқароларни давлатга ёки маҳаллага қарам, боқиманда қилиб қўймасдан келажакда ўзини-ўзи таъминлашга ёрдам беради.
Зомин тумани Небўса қишлоғида яшовчи 30 ёшли ногирон Санжар Қурбоновнинг ногиронлик аравачаси олганига уч йил бўлди. Ўтган йилдан бери аравачаси сингани учун сайр қилиш имконсиз эди. Янги арава олишга оиланинг моддий имконияти етмади. Онаси янги арава сўраб мурожаат қилганда, масъуллар ҳали навбати келмаганини айтишади.
— Ўғлимнинг аравасини устахонага олиб бормоқчи эдим. Уйимизга маҳаллага янги тайинланган ижтимоий ходими келди, — дейди Санжарнинг онаси Боғдагул опа. — Шароитимизни ўрганиб, муаммоларимизни сўради. Биринчи навбатда ўғлимга арава сўрадим. Уч кун ўтмасдан янги арава олиб келди. Санаторийларга бепул даволаниш учун онлайн рўйхатга қўйди. О, бундан ўғлимнинг қувончини кўрсангиз эди. Ҳозир ўзи тоза ҳавода сайр қилади.
Соҳани рақамлаштириш ҳисобига ўрнидан туролмайдиган, ўзгалар кўмагига муҳтожларга ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилгани тизимда шаффофликни таъминламоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун санаторийларга йўлланма учун навбатга олишнинг янги “IHMA Sanatoriya” модули ишга туширилди. Яратилган янги тизим ёши улуғ отахон, онахонларни узоқ муддат навбат кутиб, қанча оворагарчиликлар билан санаторийларга боришига чек қўйди.
— Санаторийларга йўлланма бериш онлайн тизимга ўтганидан хурсандмиз, — дейди “Жиззах” санаторийсида соғлиғини тиклаётган ғаллаороллик Толибжон Қўйчиев. — Қишлоғимиз вилоят марказидан 100 км узоқликда жойлашган. Олдинлари йўлланма олиш учун туман, вилоят марказигача овораю сарсон бўлардик. Ҳозир йўлланма таниш-билишчиликка йўл қўйилмасдан ҳақиқатдан соғлиғини тиклашга муҳтожларга берилмоқда.
Дарҳақиқат, янги тизим ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг самарали усулига айланмоқда. Бу янги Ўзбекистонда инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш энг устувор вазифа этиб белгиланганлигини яна бир исботидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг