Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича маҳорат дарслари ўтказилди

18:51 06 Декабрь 2022 Жамият
652 0

Фото: Халқ сўзи

5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим» глобал форуми доирасида айни мавзуда маҳорат дарслари бўлиб ўтди.

Самарқанд давлат университетида ташкил этилган ушбу тадбирдан кўзланган Ўзбекистон олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун инсон ҳуқуқлари фанидан сабоқ бериш бўйича намунавий дарслар ташкил этиш кўникмасини шакллантиришдан иборатдир.

Маҳорат дарслари илғор хорижий тажрибалар асосида оффлайн ва онлайн усулда олиб борилди. Жаҳоннинг турли университетларидан таклиф этилган таниқли профессорлар иштирокидаги қизиқарли маъруза ва баҳс-мунозаралар, ўз навбатида, жонли мулоқот ва амалий савол-жавоблар учун қулай майдон яратди.

Тажрибали хорижлик эксперт ва мутахасислар тақдим этган маърузалар кенг қамровли тингловчилар аудиториясини бефарқ қолдирмади. Маърузачилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўп йиллик тажрибага атрофлича тўхталдилар. Ҳуқуқни қўллаш кўникмалари, соҳадаги креатив ва инновацион ёндашувлар, халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича олиб борилаётган ибратли амалиётга эътибор қаратдилар.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойиллари ва қадриятларининг инсон, жамият ва давлат манфаатларига хизмат қилиши эътироф этилди. Таълим соҳасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, қонунчилик ва давлат органларининг амалий фаолиятига айни соҳадаги халқаро стандартларни тўлиқ имплементация қилиш механизмлари ҳамда тартиби самарадорлигини ошириш борасида атрофлича фикр алмашилди.

Маҳорат дарсларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юридик йўналишда фаолият олиб борувчи 20 дан ортиқ олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларидан 6,5 мингдан ортиқ профессор-ўқитувчи, прокуратура ходимлари, бакалавриат ва магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар, илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш олимлар иштирок этди. Шунингдек, Адлия вазирлиги тизимидаги 14 та юридик коллеж ўқувчилари маърифий-ҳуқуқий тадбирда фаол қатнашди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?