Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми дунё миқёсда тажриба алмашишга замин яратди

23:17 13 Июнь 2024 Жамият
311 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Жорий йил 13 июнда инсон ҳуқуқлари бўйича VI Самарқанд форуми Ўзбекистоннинг қадимий ва навқирон шаҳрида ўз ишини бошлади. Бу галги анъанавий халқаро анжуман «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган мазкур халқаро анжуман БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, ИҲТ, ШҲТ, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги жамғармаларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда Туркий давлатлар Парламент Ассамблеясининг юқори даражали вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади. Мурожаатни Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Форумнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иқлим ва инсон ҳуқуқлари муаммолари муҳокама қилинадиган ушбу халқаро анжуман Ўзбекистон Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги нутқида илгари сурилганини таъкидлади.

Шундан сўнг, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччининг видеомурожаатлари намойиш этилди.

Спикерлар Самарқанд форуми ишига муваффақият тилаб, ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилаётганига эътибор қаратдилар. Сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни, иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаймоқда. Бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда айниқса, жиддий сезилмоқда. Шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда.

Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилаётган бўлишига қарамай, бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти 2023 йил 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик» резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу ташаббус глобал иқлим ўзгаришларининг Марказий Осиё билан боғлиқ таҳдидлари олдини олиш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади ҳамда барча ҳамкорларнинг манфаатларига бирдек мос келади. Бу таклифнинг негизида мавжуд экологик муаммоларга фақат минтақавий даражада ёндашиш эмас, балки айни таҳдидларнинг ўзига хос жиҳатларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш мақсади ҳам мужассамдир.

Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига ҳам эга бўлди.

Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилди.

Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқишда турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Форум доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилди. Биринчи ялпи мажлисида сўзга чиққан экспертларнинг фикрича, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўз дастурларини экология муаммоларига ечим топишга оид режалар билан уйғунлаштириши мақсадга мувофиқдир. Чунки бундай амалий ёндашув, ўз навбатида, экология адолатсизлигини бартараф этиш, шунингдек, барча инсонларнинг қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган мақбул сиёсатни тарғиб этишда ушбу тузилмалар ҳал қилувчи мавқега эгалигини амалда намоён этишга хизмат қилади.

Иккинчи ялпи мажлисда глобал иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга таъсири имкон қадар чуқурроқ таҳлиллар негизида кўриб чиқилди. Бунда аҳоли заиф қатламларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича аниқ стратегияларни тақдим этишда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.

Учинчи ялпи мажлисда ўзгарувчан иқлим шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар батафсил кўриб чиқилди. Муҳокама давомида халқаро ва минтақавий ҳужжатларда мустаҳкамланган белгиланган стандартларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Сессиянинг асосий мақсади сайёрамизда барқарор ва адолатли яшаш шароитларини таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва глобал стратегияларни ишлаб чиқишдир. Муҳокамаларда нафақат долзарб муаммоларга, балки иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги истиқболли ечимларга, шунингдек, салбий ижтимоий ва экологик оқибатларнинг олдини олишга ҳам эътибор қаратилди.

Сессия якунида иқлим бўйича глобал ташаббуслар доирасида мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми доирасида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Форумда 200 нафар мутахассис қатнашди. Иштирокчилар асосан, миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институти, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат. Инсон ҳуқуқлари бўйича VI Самарқанд форуми 14 июнь куни якунланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?