Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари қаерга, нима учун сарфланди?

00:59 15 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
1066 0

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг видеоконференц алоқа тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Президентимизнинг жорий йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлар ва ундан келиб чиқадиган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишни парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов кириш сўзи билан очаркан, давлатимиз раҳбарининг воҳага ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари фаолияти билан танишилгани, вилоят фаоллари, ёшлар билан учрашувлар ўтказилганини таъкидлади. Хусусан, Хоразм вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама қилиниб, ҳар бир шаҳар ва туман, маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, «ўсиш нуқталари» белгиланганини қайд этди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи воҳада давом этаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариши қайд этилиб, бу борада ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Давлат бюджети ҳақидаги маълумотлар ҳамма вақт ҳам одамлар учун қизиқ бўлиб келган. Чунки давлат ғазнасидан ажратилаётган маблағларнинг қаерга, нима учун сарфланиши кўпчиликни қизиқтиради.

Кимдир бу йилги бюджет маблағлари коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга сарфланди деса, яна кимдир аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда, дейди.

Хўш, жорий йил давлат ғазнасидан ажратилган катта миқдордаги маблағлар айнан қайси соҳани ривожлантириш учун сарфланди? Ўтган йили тасдиқланган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун ижроси қай даражада таъминланди? Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари қаерга, нима учун сарфланди?

Депутатлар «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида шу каби саволларга жавоб излашди.

Халқ вакилларининг айтишича, қонун лойиҳаси билан юқоридаги қонуннинг 16-моддаси биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда. Яъни, “2020 йил давомида Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5,5 млрд. АҚШ доллари, шундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2,5 млрд. АҚШ долларигача миқдорида белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан лойиҳани пишиқ-пухта қилиш бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, узоқ тортишув, баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси навбатдаги ўқишга киритиладиган бўлди.

Сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, шахс, давлат ва жамиятнинг ахборот хавфсизлиги, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатлар, шунингдек барқарор миллий ахборот маконини яратиш замонавий жамият ҳаётида муҳим роль ўйнайди.

Шу жиҳатдан сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда ахборот соҳаси, жумладан, ОАВ ва оммавий коммуникациялар фаолиятини демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлик даражаси сезиларли даражада ўсиб, жамиятда фикр ва уни билдириш эркинлигини таъминлайдиган очиқ мулоқот майдони яратилди.

Лекин шунга қарамай, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган, жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш, шунингдек, ОАВ, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш ҳоллари афсуски, тез-тез такрорланиб турибди. Демак, бундай шароитда фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини таъминлайдиган ҳуқуқий майдонни яратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг асосий мақсади – долзарб, ишончли ва жамият учун муҳим бўлган ахборотни эркин тарқатиш жараёнларига кўмак берадиган амалий ҳуқуқий механизмларни яратиш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва журналистларнинг профессионал фаолиятининг ҳимояси тўғрисидаги қонунчиликни ҳимоясини таъминлашдан иборатдир.

Қонун лойиҳасида шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ҳамда жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун қонунчиликка юридик жавобгарлик чораларини киритиш, диффамация (туҳмат ва ҳақорат) ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар таркибига нисбатан енгиллаштириш чораларини амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Халқ ноиблари ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши миллий ОАВ ва журналистларнинг профессионал фаолияти учун янги самарали механизмларни яратишга имкон беришини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер