«InnoWeek.Uz-2024» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бошланмоқда
Фото: Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»
13 ноябрь куни АОКАда «InnoWeek.Uz-2024» халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббаев ҳамда Агентлик масъуллари, журналистлар, ОАВ вакиллари қатнашдилар.
2024 йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан «Барқарор ривожланиш учун инновациялар» шиори остида Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги «InnoWeek.Uz-2024» ўтказилади.
Хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестиция жамғармалари, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторлар иштирокида бўлиб ўтаётган мазкур тадбир мавжуд инновацион технологиялар билан танишиш баробарида сармоядорларни жалб этиш ва ишончли ҳамкорлар топиш учун ажойиб имкониятдир. Қолаверса, ҳафталик хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, мутлақо янги инновацион ривожланиш босқичида устувор вазифалар тўғрисида фикр алмашиш учун муҳим майдон саналади.
Ҳафталик Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 апрелдаги «Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалий жорий қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
ПҚ-3682-сон Қарорига асосан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Таъкидлаш ўринлики, «InnoWeek.Uz» 2018 йилда ўз фаолиятини бошлаганидан буён, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ривожланиб, Марказий Осиёда илғор инновацияларни намойиш қилиш ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш учун энг йирик ва ноёб платформага айланди.
Бу йил ҳафталикда Хитой, Малайзия, Таиланд, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Германия, Корея, Испания, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистон каби дунёнинг 30 га яқин давлатларидан жами 150 нафардан ортиқ вакиллар ва элчилар иштирок этадилар. Ҳафталикка Эрон Ислом Республикаси фан, технологиялар ва инновацион иқтисодиёт бўйича вице- президенти ўринбосари Тураж Амраэ бошчилигида 15 дан ортиқ компания, Таиланд Миллий тадқиқот кенгаши ижрочи директори Випарат Деонг бошчилигида 15 дан ортиқ олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаси вакиллари ва Россия Федерациясининг 20 кишилик делегация вакиллари ҳамда бошқа давлатларнинг олий мартабали меҳмонлари ташриф буюрадилар.
Ҳафталикнинг расмий очилиш маросими 14 ноябрь куни соат 10:00да «Ўзэкспомарказ» конференциялар залида бўлиб ўтади. Унда ҳукумат аъзолари, Агентлик, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, хорижий ва маҳаллий экспертлар, илм-фан доира вакиллари, профессор-олимлар, инновацион ғоя етакчилари ҳамда ёш ихтирочи-олимлар иштирок этадилар. Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган халқаро инновацион маҳсулотлар кўргазмасида 512 та маҳаллий, 34 та хорижий ташкилотлар томонидан «Тижоратлаштириш», «Стартап» ва «Илмий тадқиқот» лойиҳаларини амалга ошириш натижасида яратилган инновацион маҳсулот намойиш этилади.
Иштирокчиларнинг илм-фан соҳасига оид билим ва кўникмаларини янада ошириш ҳамда тажриба алмашишлари учун қулай муҳит яратиш мақсадида 22 та халқаро форум, конференция ва семинар, 2 та маҳаллий тадбир ҳафталик дастуридан ўрин олган.
«InnoWeek.Uz-2024» доирасида илк маротаба илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланаётган хориждаги ватандошлар билан онлайн давра суҳбати уюштирилади. Унда нуфузли хорижий университетларда фаолият юритаётган ўзбек олимлари, муваффақиятли стартаперлар, хорижда илмий изланиш олиб бораётган ёш тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва магистрлар иштирок этадилар. Тадбир доирасида чет элда фаолият юритаётган ватандошлар билан илмий, технологик ва бизнес алоқаларни кенгайтириш, қўшма илмий лойиҳалар ва ёш тадқиқотчилар учун стажировка дастурларини қўллаб-қувватлаш, халқаро тадқиқот гуруҳларини ташкил қилиш ва университетлар ҳамда илмий марказлар базасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинади.
«InnoWeek.Uz-2024» доирасида ўтказиладиган 120 дан ортиқ B2B учрашувларда 10 дан ортиқ давлатлардан 50 га яқин компания вакиллари билан инвестицион ва грант шартномаларини имзолаш кутиляпти.
Шунингдек, ҳафталикда иқтидорли ва муҳандис ёшлар учун алоҳида павильон ташкил этилиб, унда робототехника, дрон рейсинг, хакатон, арт инжиниринг, ВР/АР, 3Д моделлаштириш, дастурлаш каби йўналишлардаги турли мусобақаларга 1200 дан ортиқ ёшлар жалб қилиниб, мусобақа якуни бўйича 70 нафар ғолиблар тақдирланади.
Фото: Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
- Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида вафот этди
- Алишер Усмонов янги лавозимга сайланди
- Расман Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов лавозимдан кетди. Унинг вазифасини бажарувчи ҳам тайинланган
- Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг