Миллий армия салоҳияти янги босқичга кўтарилмоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов / «Халқ сўзи»
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида Республикамиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга қодир бўлган тезкор ва ихчам миллий армиямиз шаклланиб бормоқда. Қолаверса, соҳага қаратилаётган эътибор натижасида ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг моддий-техник базаси йилдан-йилга такомиллашиб, энг янги русумдаги қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда муҳандислик иншоотлари билан таъминланмоқда.
Жорий йилнинг 30 январь куни вазирлик, ташкилот ва идораларнинг ахборот хизмати бошлиқлари, ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари ходимларини тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий қисм ва муассасаларда тайёрланаётган офицер ва сержантлар учун яратилаётган шароитлар билан таништириш мақсадида пресс тур ташкил этилди.
Пресс тур Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилган «Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи» давлат корхонаси фаолияти билан танишишдан бошланди. Янги юқори технологик бўлинмалар фаолияти йўлга қўйилган ушбу заводга шу йилнинг 13 январь куни давлатимиз раҳбари ҳам ташриф буюрган эди.
Завод базасида МДҲ ҳудуди ва минтақамизда ягона бўлган «Airbus» русумли вертолётларга хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилган. Мазкур марказ Франциянинг «Airbus» компанияси томонидан расман сертификатланган бўлиб, бу ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этишнинг юқори даражаси, халқаро стандартлар ва ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган талабларга тўлиқ мос эканини тасдиқлайди.
Бу ерда H-125, H-215 ва H-130 русумли вертолётларни ўз ичига олган замонавий ғарб авиатехникасига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашнинг тўлиқ цикли йўлга қўйилган. Ушбу марказ Ўзбекистонни «Airbus» вертолётларига хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш бўйича минтақавий асосий узелга айлантириш имконини беради.
Шундан сўнг ОАВ вакиллари Мудофаа вазирлигининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган Махсус операциялар кучлари полигони томон йўл олди. Пресс тур иштирокчиларига мазкур дала ўқув майдонида бўлинмалар билан ўтказилаётган машқларни кузатишга имкон яратилди.
Ушбу машқлар давомида бўлинмаларнинг жанговар имкониятлари ҳамда уларнинг биргаликдаги ҳаракатлари, кичик командирларнинг замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда мустақил қарор қабул қилиш кўникмалари ва бошқарув маҳорати даражаси, ҳарбий хизматчиларнинг тез ўзгариб бораётган жанговар вазият шароитида жанг майдонида замонавий қурол-яроғ ва техникани самарали қўллаш бўйича касбий маҳорати намойиш этилди.
Полигон объектларида жанговар кўникмаларни такомиллаштириш, шахсий таркибни самарали тайёрлаш ҳамда уларнинг ахлоқий-руҳий барқарорлигини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда ҳарбий хизматчилар жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотларини ташкил этишнинг янги услубларини амалда бажариб, касбий кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 июлдаги қарорига мувофиқ Мудофаа вазирлиги тизимидаги барча олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти ислоҳ қилинди ва ягона марказлашган тизимга бирлаштирилди. Мазкур янги тизим асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди. Вазирлик, ташкилот ва идораларнинг ахборот хизмати бошлиқлари ҳамда ОАВ ходимларининг навбатдаги манзили ушбу университет таркибидаги Қуруқликдаги қўшинлар институти бўлди.
Айни пайтда институтда юқори малакали профессор-ўқитувчилар томонидан 13 та кафедрада тахминан минг нафар курсантга таълим берилмоқда. Жараёнлар «50 фоиз назария + 50 фоиз амалиёт» тамойилига асосланган дуал шаклда ташкил этилган бўлиб, бу курсантларнинг институтдаги ўқиши билан қўшинлардаги амалиёти ўртасида узлуксиз боғлиқликни таъминлайди.
Пресс тур иштирокчилари дастлаб институт ҳудудидаги «Шон-шараф» майдони билан танишиб, янги ташкил этилган «Рақамли полигон», «Мафкуравий полигон» ҳамда замонавий синфхоналарни кўздан кечиришди.
Таъкидлаш лозимки, ҳарбий таълим муассасасининг асосий вазифаси ҳарбий бўлинмани бошқара оладиган Ватанга садоқатли, юксак интеллектуал салоҳият ва тафаккурга эга бўлган командирлар, мураккаб тактик вазиятларда, тезкор ва ностандарт қарор қабул қила оладиган, мустақиллик ғояларига содиқ, дунёқараши кенг, ўз Ватани ва Қуролли Кучларига содиқ офицер кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг