Инновацион ривожланиш агентлиги 2024 йилда 365 та лойиҳани молиялаштирди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда агентлик директори Шерзод Ражаббаев иштирок этиб, 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Анжуманда билдирилишича, агентлик 2024 йил давомида илм-фан, иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш, илмий ташкилотларнинг тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ҳамда ёшларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган.
Йил давомида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 365 та лойиҳа молиялаштирилиб, уларнинг умумий қиймати 400,4 млрд сўмни ташкил этди. Солиштириш учун, 2023 йилда 325 та лойиҳа учун 373,8 млрд сўм ажратилган эди. Жумладан, 246 та илмий лойиҳа (353,6 млрд сўм), 5 та тижоратлаштириш лойиҳаси (6 млрд сўм) ва 114 та стартап лойиҳа (39,9 млрд сўм) молиялаштирилди. Бу орқали 898 та янги иш ўрни яратилди.
Ёшларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон ва вилоятларда 13 та Ёшлар технопарки фаолият юритмоқда (2023 йилда 6 та эди). Уларда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 34 650 нафар ёшлар (2023 йилда 16 400 нафар) 3D дизайн, компьютер графикаси, робототехника каби 7 турдаги ўқув курсларида таҳсил олмоқда.
Ёшлар технопаркларида “InnoX” бизнес-инкубатор ва акселератор дастури самарали ишламоқда. 2024 йилда дастурда иштирок этиш учун 2 484 та ариза қабул қилиниб, 554 нафар ташаббускор саралаб олинди. Дастур якунида 326 та лойиҳа танлаб олиниб, улардан 91 таси (умумий қиймати 27,4 млрд сўм) турли манбалар орқали молиялаштирилди. Шу жумладан, Инновацион ривожланиш агентлиги танловлари доирасида 38 та лойиҳа (16,9 млрд сўм), хўжалик шартномалари асосида 10 та (8,5 млрд сўм), Ёшлар академияси танловлари орқали 37 та (1,2 млрд сўм), маҳаллий ҳокимият ва инвесторлар грантлари орқали 6 та лойиҳа (805,3 млн сўм) молиялаштирилди.
2024 йилда давлат илмий дастурлари доирасида 1 351 та лойиҳа қабул қилиниб, 960 таси илмий экспертизага йўналтирилди, улардан 889 таси муваффақиятли ўтди (2023 йилда 535 та эди).
Инновацион лойиҳаларни шаффоф ва самарали баҳолаш мақсадида “Loyiha.ilmiy.uz” платформаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, илм-фан соҳасини рақамлаштиришга ҳам жиддий эътибор қаратилди. Агар 2021 йилда фақат 3 та рақамли платформа мавжуд бўлган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 10 тага етди. Актив фойдаланувчилар сони 85 600 нафарга етди (2021-2023 йилларда 44 100 нафар), қоғозбозлик эса 78 фоиздан 35 фоизга камайтирилди. 2026-2027 йилларга қадар электрон платформалар сонини 40 тага, фойдаланувчилар сонини 140 000 нафарга етказиш режалаштирилган.
Венчур инвестициялари борасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Республикада фаолият юритаётган 6 та венчур компания 6,84 млн АҚШ долларига тенг бўлган 50 та лойиҳани молиялаштирган. Улар орасида маҳаллий ва хорижий ташкилотлар фаолият юритмоқда.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг