Инновацион ишланмалар ва технологиялар кўргазмаси
Фото: "Халқ сўзи"
Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги “Қуёш” қўрғонида физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга йўналтирилган инновацион ишланмалар ва технологиялар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги бир қатор илмий муассасалар олимлари ҳамда муҳандис-техник ходимларнинг янги илмий кашфиётлари намойиш этилган ушбу кўргазмада соҳага оид юқори технологик инновацион ғоялар илгари сурилди.
Фанлар академияси тизимидаги илмий ташкилотларнинг элликка яқин кашфиётлари намойиш этилган анжуманда маҳаллий хом ашёдан тайёрланадиган энергия ҳамда ресурстежамкор, импорт ўрнини босувчи экспортбоп илмий тадқиқотларнинг айримлари дунёда ягоналиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Жумладан, Материалшунослик институти ва Ядро физикаси институти олимлари томонидан тақдим этилган янги технологиялар ўз нуфузи билан кишилар эътиборини тортди.
— Сўнгги беш йилда ҳукуматимиз томонидан мамлакатимиз илм фанини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда, — дейди ЎзР ФАнинг Материалшунослик институти директори Одилхўжа Парпиев. — Бугунги кўргазмада намойиш этилаётган барча кашфиёт ишлаб чиқаришга татбиқ қилишга тайёр бўлган янгиликлардир. Бугунги учрашув эса ўша тайёр ишланмаларни тадбиркор ҳамда фермерлар, кластерлар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятига жорий этиш бўйича ўзаро келишувларга эришиш, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда қўл келди. Чунки олимларимиз томонидан яратилган барча кашфиёт ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради.
Дарҳақиқат, мазкур институт жамоаси томонидан тақдим этилаётган нанокомпозит плёнка ҳар қандай табиий иқлим шароитига мослаша олади. Шунинг учун ҳам у ҳозирча дунёда ягоналиги айтилмоқда. Ундан самарали фойдаланилган иссиқхоналарда ҳарорат доимий мўътадил сақланади. Ёзнинг чилласида ҳам, қаҳратон қишда ҳам. Бу экинлар ҳосилдорлигини 35 — 50 фоизгача оширади. Айни кунларда ушбу турдаги маҳсулотлар Жиззах пласмасса корхонасида синов тариқасида ишлаб чиқарилмоқда.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Навбатдаги кашфиётлар водород энергетикасини йўлга қўйиш, “яшил” карбон толалари ҳамда қишлоқ хўжалиги учун “совуқ плазма” технологияларини, шунингдек, чўл шароитида ҳамда лалми экин майдонларидаги иссиқхоналарда сув танқислигига барҳам берувчи гидрогель полимерларини ишлаб чиқариш жараёнларини қамраб олган.
— Олимларимиз тамонидан тақдим этилган сув тозалаш қурилмаси анжуман иштирокчиларида жуда катта қизиқиш уйғотди, — дейди ЎзР ФА Ядро физикаси институти директори, техника фанлари доктори Илҳом Содиқов. — Бу қурилма яроқсиз деб топилган сувни тозалаб, белгиланган талабларга мос равишдаги истеъмол манбаи даражасига олиб келади. Ушбу қурилмада қўлланиладиган фильтрлар, католизатор ва сорбентлар ҳам институтимиз олимлари томонидан яратилган. Бу ускуналар сув танқислиги мавжуд бўлган ҳудудларда оддий бир хонадондан тортиб, бутун бошли қишлоқ ва овулни, шаҳарчаларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкониятига эга.
Яна бир илмий ишланма беморларга ташхис қўйиш ҳамда даволашда зарур бўлган радиофармоцевтик воситалардир. Булар саратон касаллигини тўртинчи босқичида суяк ва мушаклар ҳамда юмшоқ тўқималардаги оғриқни сусайтиришга хизмат қилади.
Тадбир якунида қайд этилганидек, илмий ишланмалар замирида мамлакатимизнинг тоғ-кон, металлургия саноати, қишлоқ хўжалиги, энергетика, сув ресурслари ва бошқа кўплаб тармоқларини янада юксалтиришга хизмат қиладиган истиқболли лойиҳалар мужассам.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг