Имтиёз сабаб 206 балл тўплаган оддий оиланинг фарзанди ўқишга киролмаслиги адолатданми? Депутат ДТМ ва Олий таълим вазирлигидан изоҳ сўради
Ижтимоий тармоқларда бир неча кундан буён ОТМларга ўқишга кириш учун маълум соҳа вакилларининг фарзандларига берилаётган имтиёзлар муҳокама қилинмоқда. Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла Рузметов ўз муносабатини билдирди.
"Ўйлаб кўринг, бу билан биз конституциявий ҳуқуқларни четлаб ўтмаяпмизми? «Отанг фалончи бўлгани учун сенга, мана, имтиёз! Сен қишлоқнинг содда боласисан, бетиним ўқийсан, билимингга ишонасан, лекин олийгоҳга киролмайсан!» деганими бу? Кимларгадир берилган имтиёзлар туфайли ўқиб-изланаётган, иқтидорли, салоҳиятли, интилувчан ёшларимиз жабр кўриб қолмаяптими?
Фикрларим билан орган ходимлари фарзандларига имтиёз берилаётганини қораламоқ фикридан мутлақо йироқман. Имтиёзга қарши ҳам эмасман. Албатта, улар ота-оналарининг Ватан олдидаги фидойи меҳнатлари, куюнчак ва содиқ хизматлари учун ҳар қандай имтиёзга муносиблар. Бироқ имтиёз яратилар экан, улар учун қўшимча ўринлар яратилиши мақсадга мувофиқ бўлармиди? Шунда сих ҳам, кабоб ҳам куймасди!
Айрим мана шундай имтиёзлар ҳисобига оддий халқнинг боласи азият чекмасин, уларнинг ҳам орзулари завол топмасин, мақсадлари бевақт синмасин. Эртага буюк давлатнинг келажагини яратадиган аслида бугун ўз келажагини билим ва иқтидор, изланувчанлик қобилиятлари билан қуришга ошиқаётган мана шундай йигит-қизлар эканини унутмайлик.
Ахир бугундан ёшлар орасида «сен фалончининг фарзандисан, сенинг имкониятинг ёнингдаги оддий тенгдошингникидан устунроқ» деган маънони англатувчи ишларни «тарғиб» қилсак, эртага уларнинг қалбидаги юрт ишқи, келажак орзулари, улкан мақсадлардан ҳам ажратиб совитиб қўймаймизми? Уларнинг онг-у шуурида «Бугунки имтиёзлилар сабаб ўқишга киролмадим, демак, эртага ҳам улар сабаб муносиб иш жойимни тополмайман» деган фикрни шакллантириб қўймаймизми?
Хўш, Олий таълим вазирлиги ва тест маркази мутасаддилари нега айни важларни ҳисобга олмаяпти? Неча йиллаб репититорма-репититор ўқишга тайёрланиб, юқори балл тўпласаю, аммо кимнингдир ҳисобига «имтиҳондан йиқилди» деган жавобни олса... алам қилмайдими?!
Бу борада юқоридаги мутасаддилардан изоҳ ва масалаларнинг ечимини кутиб қоламиз.
Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам...
Мана, абитуриентлар орзиқиб кутган кунлар келди. Тест натижалари аллақачон эълон қилинди. Кимнингдир боши осмонда, кимдир талабалик бахтига эриша олмаганидан афсусда.
Аммо шу кунларда мазкур мавзуда турфа гап-сўзларга ҳам дуч келаётганимиз бор гап. Ғалвир сувдан кўтарилди, ҳар ким билимига кўра натижани олди, деймиз. Ҳақиқат борда, деймиз. Бироқ... ана шу ҳақиқат айрим ўринларда синиб қолганидан гоҳида бехабармиз. Кўзимизни ижтимоий тармоқлар очади...
Тест натижалари эълон қилингач, facebook ижтимоий тармоғидаги бир постга кўзим тушди. Санобар Қўчқарова исмли фуқаро томонидан ёзилган эътироз, истаймизми-йўқми, рост эди. Турмуш ўртоғи шахтадаги фаолияти жараёнида бевақт ҳалок бўлган аёл ўғлининг ўқишга киролмаганини ноҳақлик деб ҳисоблаяпти. Аслида эътирозлари тўғри. Кўз ўнгидаги имтиҳон топширмаган ёки 60 балл билан ҳарбийнинг фарзанди талаба бўлсаю, тинмай тайёрланган, билим олган ва 206 балл тўплаган оддий оиланинг дилбанди институтга киролмаса?! Шу адолатми?" дейди депутат.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг