«Имом Бухорий» ордени таъсис этилди

10:18 16 Август 2022 Сиёсат
350 0

Фото: Халқ сўзи

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат аъзолари, тегишли идора ва ташкилотларнинг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Сенаторлар томонидан «Имом Бухорий» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда яшаб ижод этган илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Бухорий, Имом Термизий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк ҳадисшунос-алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн ан-Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.

Мазкур илмий-тадқиқот марказларида кўплаб олим ва тадқиқотчилар буюк алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиб, уларнинг ислом маърифати ва жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини халқаро ҳамжамиятга етказишда, шунингдек, муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш, Ўзбекистонда юз берган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари ва мазмун-моҳиятини мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларга етказиш бўйича илмий изланишлар олиб боришмоқда.

Сўзга чиққан сенаторлар фуқароларимизни мамлакатимиздаги илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришгани учун тақдирлаш мақсадида «Имом Бухорий» орденини таъсис этишни даврнинг ўзи тақозо этаётганини қайд этдилар.

Таъкидланганидек, мазкур орденни таъсис этиш тўғрисидаги Қонун билан «Имом Бухорий» орденининг низоми ва унинг тавсифи тасдиқланмоқда. Шунингдек, «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

«Имом Бухорий» ордени икки даражадан иборат бўлади: «Олий даражали Имом Бухорий» ордени ҳамда «Имом Бухорий» ордени. «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени «Имом Бухорий» орденидан юқори даражада ҳисобланади.

«Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришганлиги учун:

хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;

хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;

халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек хорижий арбоблар ва олимлар;

мамлакатимизнинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, атоқли олимлар, адиблар, педагоглар ва илмий тадқиқотчилар мукофотланади.

«Имом Бухорий» ордени билан:

улуғ алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиб, ўсиб келаётган ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги хизматлари;

юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган тарихий меросимизни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари, илмий-амалий тавсиялар тайёрлашдаги самарали меҳнати;

мамлакатимиздаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишдаги фаолияти;

«Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган ғаразли таҳдид ва ҳаракатларнинг олдини олиш, бундай хатарларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда қўллаш борасидаги хизматлари;

ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан, халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ҳамда аҳамиятини ўрганиб, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этишдаги катта хизматлари учун мукофотланади.

«Олий даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» ордени билан бошқа шахслар ҳам илм-маърифатни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланиши мумкин.

«Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти, «Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахслар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади.

Сенаторлар ушбу орденни таъсис этиш тўғрисидаги Қонунни маъқуллади.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз биринчи ялпи мажлиси якунланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер