Имконияти чекланган ўқувчилар учун «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда «Касб ва ёшлар» шиори остида «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. Ушбу тадбирда вилоятдаги барча алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ҳамда умумтаълим мактабларининг ногиронлиги бор бўлган 125 нафар битирувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этиб, техникумда яратилган шарт-шароитлар, ўқитиладиган касблар билан яқиндан танишди.
Бугунги кунда мазкур техникумда 226 нафар ўқувчиларга касб-ҳунар сирлари ўргатилиб келинмоқда. Бу таълим масканида «Тикувчи», «Маиший техника жиҳозларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш», «Аппарат ва дастурий таъминот созловчиси», «Пойабзал ишлари», «Дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари ишчиси», «Мебель ишлаб чиқариш» каби касблар бўйича машғулотлар ўтказилади. Унга республикамизнинг Самарқанд вилояти ва туманларидан, шунингдек, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларининг махсус мактаб-интернатлари битирувчилари ўқишга қабул қилинади.
Техникумда ўқув амалий машғулотларини олиб бориш учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган ўқув устахоналари мавжуд бўлиб, «Тикувчилик» ва «Пойабзал ишлари» касблари бўйича иш берувчи корхоналар билан тузилган ҳамкорлик шартномаларига мувофиқ, уларнинг буюртмаси асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
«Маиший техника жиҳозларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш» касби бўйича ҳудуддаги аҳолининг уй-рўзғор электротехник буюмларини таъмирлаш ишлари йўлга қўйилганлиги сабабли ўқувчиларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш, уларда касбий компетенцияларни ривожлантиришга эришилмоқда.
«Дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари ишчиси», «Мебель ишлаб чиқариш» касблари бўйича ҳам иш берувчи корхоналарнинг буюртмасига асосан дурадгорлик ва мебель жиҳозлари, жумладан, шкаф, хонтахта каби дурадгорлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Техникумда таълим-тарбия олаётган ўқувчи-ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида мунтазам фаолият олиб борувчи 32 та тўгарак гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, шулардан умумтаълим фанлар, бадиий ҳаваскорлик, рассомчилик, зардўзлик ва касбий тўгаракларга ўқувчилар жалб қилинган.
Тадбир давомида ўқувчилар ва ота-оналар техникумдаги дарслар, ўқув амалиёт машғулотларида бевосита иштирок этиб, хоналарнинг техник жиҳатдан жиҳозланиши, ўқитувчиларнинг дарс ўтиш маҳоратига баҳо беришди.
«Очиқ эшиклар куни» доирасида давра суҳбати ташкил этилиб, ўқувчиларни касбга йўналтириш, ўқишга қабул қилиш тартиби, уларнинг бандлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш каби мавзулар батафсил муҳокама қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг