Имконият — омилкорликда

22:04 03 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
253 0

Эндокрин хасталиклар профилактикасида шифокорлар кўпинча, денгиз маҳсулотлари, айниқса, балиқ истеъмоли мунтазамлигини тавсия этишади. Сиртдан қараганда дунё уммонлари ва йирик сув ҳавзаларидан йироқ мамлакатимизда бунинг имкони паст туюлиши мумкин. Бироқ сўнгги йиллардаги изланиш ва янгиланишлар табиат бу борада ҳам халқимиздан ўз марҳаматини аямаганлигини кўрсатмоқда.

Навоий вилоятида балиқчилик равнақи учун қулай табиий имкониятлар мавжуд. Зарафшон дарёси вилоятнинг Хатирчи, Кармана, Навбаҳор ва Қизилтепа туманлари ҳудудидан ўтса, Конимехда Шўркўл, Нуротада Айдаркўл, Қизилтепада Тўдакўл каби сув ҳавзаларининг мавжудлиги аҳолининг балиқ ҳамда балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантириш, омилкорлик билан иш кўрилса, экспорт қилиш имконини ҳам беради. Бироқ, яқин-яқинларгача вилоятдаги сунъий кўллар балиқ ҳосилдорлигининг гектарига 20 центнердан ошмаслиги, ўртача кўрсаткичлардан анча паст бўлиб, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, интенсив технологияларни кенг жорий этиш ва балиқ етиштиришнинг юқори технологик усулларидан фойдаланиш алоҳида эътиборни талаб қиларди.

Балиқчиликни янада ривожлантириш ва аҳолини кенг турдаги ва арзон балиқ маҳсулотлари билан таъминлашдаги бу каби камчилик ва муаммолари ҳамда мавжуд имкониятлар Республикамиз Президентининг Навоий ва Жиззах вилоятларига ташрифлари чоғида атрофлича муҳокама этилган эди. Натижада уларнинг комплекс ечими ўз аксини топган Ўзбекистон Республикаси Президентининг (ПҚ2939 сонли) «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бугун вилоятнинг 199 та балиқчилик хўжаликлари томонидан 1 та табиий, 450 гектарлик ярим интенсив ҳамда 35 гектарлик интенсив ҳавзаларда балиқ етиштирилмоқда. Шунингдек, 4 та инкубация цехи, 477 гектар майдонда репродуктор ҳавза, 5 та ёпиқ сув айланма тизими (УЗВ)га асосланган балиқчилик хўжаликлари фаолияти йўлга қўйилган. Натижада вилоятда 2019 йилда 13 042 тонна балиқ етиштирилган бўлса, жорий йилда уни 20 000 тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу йиллик ўсиш эллик фоиздан юқори демакдир.

— Мазкур кўрсаткич марра эмас, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулла Истамов. — Шу сабаб ҳар йили балиқчилик хўжаликларининг соҳани ривожлантиришга бағишланган семинарини ўтказиб, унда илғор тажрибаларни оммалаштириш билан бирга, унинг равнақига халақит бераётган муаммоларни ҳам муҳокама қилиб, ечимида кўмаклашамиз. Республика «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликдаги ушбу семинар ҳам шулар жумласидандир.

Балиқчиларининг жорий йилги семинари медиа тур кўринишида Қизилтепа тумани ҳудудидаги Тўдакўл сув ҳавзасида бўлиб ўтди. Ҳавзада фаолият олиб бораётган “GOLDEN LAKE FISH” МЧЖ томонидан 5 гектар майдонда 5 та интенсив ҳавза ташкил этилган бўлиб, 500 тонна балиқ етиштирилмоқда. Тадбиркор томонидан 2019 йилда Венгрия давлатидан олиб келинган 390 дона ота-она карп балиқлари билан иш бошланганини инобатга олсак, бу соҳага эътибор самарасининг ифодасидир.

Шунингдек, Тўдакўл табиий сув ҳавзасига 550 та қафас (садок) мосламаси ўрнатилган бўлиб, унда олти нафар хитойлик мутахассислар фаолият юритади. Жорий йил баҳор мавсумида 183 тонна, кузги мавсумида эса 90 тонна балиқ чавоқлари билан балиқлантирилди. Чавоқлар асосан Венгрия карп балиғи, маҳаллий зоғора, оқ амур, оқ дўнгпешона балиқларидан иборат. Келгуси йилда хитойлик мутахассислар инвестиция киритиб, 1000 дона қафас мосламаси ўрнатишни режалаштиришмоқда.

Ҳавзада йилига 100 миллион дона балиқ личинкаси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган инкубация цехи фаолияти йўлга қўйилган. Ўн бир кишининг бандлигини таъминлаган цехда 2019 йил 20 миллион , 2020 йилда эса 50 миллион дона балиқ личинкалари ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари 210 гектар майдонни эгаллаган репродуктор ҳавзаларида 2019 йилда 3 миллион дона маҳаллий, 2020 йилда 5 миллион дона венгер карп балиғи чавоқлари етиштирилди.

Тўдакўл ҳудуднинг нафақат балиқчилик балки туризм ривожи учун ҳам қулай манбаларидан бири. Шу боис бу ерда сайёҳлик жозибадорлигини ошириш, хусусан истиқболда балиқ овлаш туризмини кенгайтириш мўлжалланган. Мазкур мақсад рўёбида “AQVA FURE” Ўзбекистон - Венгрия қўшма корхонаси томонидан ҳар қандай мавсумда ҳам балиқ овлашга имконини берувчи катерлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилганлиги дастлабки қадамдир. Йил охирига қадар корхонада усти очиқ ва усти ёпиқ турлардаги қайиқлар, келгуси йил февраль ойидан эса яхта ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Россия Федерациясидан 3000 дона гибрид ўрдаклар олиб келинганлиги тадбиркорлар Тўдакўлда узоқ истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётганлигидан далолатдир. Энг муҳими биргина “GOLDEN LAKE FISH” МЧЖ томонидан ҳавзада 78 та доимий, 126 та мавсумий иш ўринлари яратилиб, халқимиз дастурхонига парҳезбоп ва доривор хусусиятга эга маҳсулот етказиш ҳажми оширилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?