Илмли, маърифатли аёл — миллат тарбиячиси

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ cўзи». Ҳар қандай жамиятда аёлнинг оила ва оиладан ташқаридаги мавқеи, ҳаётдан розилиги бевосита жамиятнинг муносабати, ижтимоий фаоллигини таъминлай олиши билан белгиланади. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, касалманд, ишсиз, уй-жойи йўқ ва амалий ёрдамга муҳтож аёл. Ушбу ҳолатлар қайсидир асар ёки бадиий фильмдан олинган эмас. Шунчаки яқин ўтмишнинг тасвири. Кўриш нари турсин, эшитишнинг ўзи кишининг қалбини оғритади. Афсуски, йиллар давомида шу оғриққа чидаганмиз.
Мамлакатимиздаги янгиланишлар ушбу долзарб масалани мутлақо янги ракурсдан ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш вазифаларини илгари сурмоқда. Чунончи, давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномаларининг бирида «...Биз мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим, аёлларнинг андиша қилиб, биз эркакларга айта олмаган дарду ташвишлари, кундалик муаммолари, орзу-ниятларини уларнинг ўзидан яхши тушунадиган инсон йўқ», дея таъкидлаганди.
Аёлга эҳтиром — миллат ва давлатнинг ўз келажаги, эртанги кунига муносабатининг кўзгуси. Жаҳолат ҳар доим жаҳолатга, маърифат эса тараққиётга туртки берган. Хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик жамиятга улғайиб келаётган авлод садоқати, меҳнати, фароғати ва фидокорлиги бўлиб қайтади. «Аёллар дафтари» ижтимоий лойиҳаси жорий этилганидан буён биргина Навоийнинг ўзида 108 минг нафар мазкур тоифадаги хотин-қизларнинг муаммолари бартараф этилди. Бу вилоятдаги аёлларнинг қарийб бешдан бир қисмидир.
Ёзнинг жазирамасида пахта далалари атрофидан ўтинг, юзи аралаш бошига рўмол танғиб олган аёлларнинг ғўзани чопиқ қилаётганининг гувоҳи бўласиз. Ваҳоланки, шифокорларнинг таъкидлашича, қуёш нурининг тўғридан-тўғри таъсири аёлларда камқонлик ва саратон касаллигини келтириб чиқаради.
— Иш сўраб кирмаган идорам қолмаган, — дейди Навоий шаҳридаги Ватан маҳалласидан Норгул Рамазонова. — Бирида диплом сўраса, бошқаси «қисқартириш» кетаётганини айтди. «Меҳнат ярмарка»ларида эркакбоп, тажриба ва малака талаб этадиган ишларни таклиф этишди. Шу тахлит беш йил сарсон бўлиб, ўзимга муносиб иш тополмадим. Бу оралиқда соғлиғим йўқолди. Оиласида етишмовчилик бўлган кишига даволаниш, саломатлигини тиклаш ўз-ўзидан бўлмайди. Хуллас, тақдирга тан бергандим.
Н. Рамазонова Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида «Аёллар дафтари»га киритилиб, оила ва хотин-қизлар фонди ҳисобидан даволаниши ва жарроҳлик амалиёти учун 34 млн сўм моддий ёрдам ажратилди. Касалликдан фориғ бўлиши учун муолажалар давом эттирилмоқда.
— Вилоятда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича устувор вазифалар белгиланиб, мавжуд муаммолар бўйича «Аёллар дафтари»га киритилганлар олти тоифага ажратилди, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Малика Мамадиярова. — Биринчи тоифа бўйича вилоятдаги 3634 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган бўлса, иккинчи тоифадаги 304 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 4 млрд. 151 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. «Аёллар дафтари»га киритилган 255 нафар хотин-қизларнинг жарроҳлик амалиёти учун оила ва хотин-қизлар фонди томонидан 2 млрд 51 млн сўм маблағ сарфланди.
Айниқса, чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи аёллар бандлигини таъминлашда ҳудудларнинг мавжуд хом-ашё ресурсларидан унумли фойдаланиш, асрий анъаналарни рағбатлантириш ўз самарасини бермоқда.
— Қувонарлиси, кичик бизнес ва тадбиркорликка қўл урган, ўзи ва дугоналари учун иш ўринлари яратаётган хотин-қизларнинг сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда, — дейди Навоий вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулсанам Норова. — Бугун тадбиркорлик билан шуғулланаётган опа-сингилларимиз сонини беш йил аввалги кўрсаткичлар билан солиштирсак, бир неча баравар ортганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, хотин-қизларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш бўйича манзилли дастурга кўра, ўтган йилда қарийб 30 минг нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Янгидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган 1,5 минг нафар хотин-қизларимиз бугун иш берувчига айланди. Шунингдек, тадбиркорлик соҳасида яратилган имтиёзлар асосида экспортёр аёлларимиз сони 22 тага ортди. Хусусан, Нурота туманидаги «Нур сўзана» корхонаси раҳбари Саодат Файзиева 10 та маҳалладаги 150 дан ортиқ хотин-қизларни касаначилик асосида иш билан таъминлаб, корхона томонидан қиймати 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар Канада, Руминия, Туркия, Франция давлатларига экспорт қилинди.
Президентимизнинг «Битта қиз болани ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз» деган даъватларида айни эзгу мақсад ўз ифодасини топган. Зотан, мамлакатимиз раҳбари хотин-қизларни олий таълимга жалб этиш, бу борада уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга эътибор қаратиб, аёлни ўқитиш жамиятни, оилани маърифатли қилиш баробарида янги Ренессанснинг биринчи шарти, дея эътироф этади.
— Тўрт йилдан буён ҳар йили 150 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги талаба қизлар учун ўртача 1,5 млрд. сўмлик контракт пуллари давлат бюджетидан тўлаб берилмоқда, — дея давом этади Малика Мамадиярова. — Вилоятимизда ҳар йили 60 нафар хотин-қизлар ОТМларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши таъминланиб, «маҳалла еттилиги» тавсиялари орқали кам таъминланган, ногиронлиги мавжуд оилалар фарзанди бўлган талаба қизларга фоизсиз талаба кредитлари ажратилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида дунё ҳамжамияти эътиборини гендер тенглиги масаласига қаратиб, республикамизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини таъкидлаганди.
Ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий фаоллигини янада оширишнинг барча соҳаларда таъсирчан институционал механизми яратилди. Шу нуқтаи назардан, Навоийда ўтган йили раҳбар аёллар улуши 17 фоиздан 20 фоизга оширилди. Ўрта бўғиндаги бошқарувда ҳар тўртта раҳбарнинг биттаси ва юқори бўғиндаги бошқарувда ҳар бешта раҳбарнинг биттаси аёллардан тайинланган. Буни Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ўтказилган очиқ мустақил танловларда биргина Навоий вилояти бўйича ғолибликни қўлга киритган 439 нафар номзодларнинг 66 нафари ёки 15,3 фоизи хотин-қизлар эканлигида яққол кузатиш мумкин.
— Вилоятда «Аёллар дафтари» тизимининг иккинчи босқичида 29 минг 927 нафар хотин-қизларнинг турли муаммолари ҳал этилди, — дейди вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси етакчи мутахассиси Дилноза Ғаффорова. — «Аёллар дафтари»нинг учинчи тоифасидаги 8610 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёлларнинг ҳар бирига нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдамлар тарқатилди. Шунингдек, ушбу тоифа хотин-қизларнинг 142 нафарининг яшаш хонадони таъмирлаб берилди. Тўртинчи тоифадаги 11 936 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга ҳар бирига нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ушбу тоифа хотин-қизлардан 135 нафарининг яшаш хонадони таъмирланиб, бешинчи тоифадаги 377 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг ижара тўловлари тўлаб берилди. Олтинчи тоифадаги 3040 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд аёлларга моддий ёрдамлар ажратилиши таъминланди. Ушбу чора-тадбирлар доирасида умумий ҳисобда 20 млрд. 156 млн. сўм маблағлар ажратилди.
Ҳазрат Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида аёлларга «Мувофиқ тушса кадбону, давлат ва жамиятға бўлмоқдурур ҳамзону», дея таъриф беради. Яъни, кадбону — уй бекаси мувофиқ тушса яъни, рисоладагидек бўлса, давлат ва жамият билан ёнма-ён, елкама-елкадир. Бугун жамиятда аёл улуғланаркан, у миллатнинг маънавий ва маданий даражасини ифода этади. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг фаровонлиги ва маънавий камолотининг асосий мезони аввало оиланинг аҳиллиги, ундаги фарзандларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида намоён бўлиб, уни оила бекалари иштирокисиз тасаввур этиш мушкул.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг