Илм — инсонларни эзгулик йўлида бирлаштирувчи, ёшларни энг тўғри йўлга бошловчи катта кучдир

20:56 07 Июнь 2023 Жамият
627 0

Давлатимиз раҳбарининг “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўртасида таълим жараёни ҳамда тармоқ ташкилотлари билан ишлаб чиқариш амалиёти узвийлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди, десак, айни ҳақиқат.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, профессионал таълим муассасаларини методик ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан уларга олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва докторантларини бириктириш ҳамда бу борада тизимли ишларни ташкил қилиш мақсадида республика бўйлаб олий таълим муассасалари томонидан профессионал таълим муассасаларига методик ва илмий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар режасининг ишлаб чиқилгани ниҳоятда аҳамиятлидир.

Қарорнинг ижроси юзасидан республикадаги олий таълим муассасалари ректорлари ва филиаллар директорларига уч кун муддатда профессионал таълим муассасаларига олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва докторантлари рўйхат асосида бириктирилди ҳамда бир ҳафта муддатда профессионал таълим муассасаларига бириктирилган профессор-ўқитувчилар ва докторантларга уларнинг вазифалари тушунтирилди, бошқа ҳудудларда жойлашган профессионал таълим муассасаларига бириктирилган (юборилган) профессор-ўқитувчиларга олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда хизмат сафари харажатлари қопланди.

Шу билан бирга, профессионал таълим муассасаларига бириктирилган профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламалари 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб 15 фоизга қисқартирилди ва бириктирилган профессионал таълим муассасаларида методик ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этган профессор-ўқитувчиларни олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш чоралари кўрилган бўлиб, бу ҳам ўз навбатида тизимли ишларнинг амалга оширилаётганининг самараси ўлароқ намоён бўлмоқда.

Ўз навбатида, профессионал таълим муассасалари раҳбарларининг иш фаолияти ҳам олий таълим муассасалари томонидан профессионал таълим муассасаларига бириктирилган профессор-ўқитувчилар ва докторантларнинг фаолиятига мувофиқлаштирилгани ҳамда профессионал таълим муассасалари томонидан олий таълим муассасаларининг тегишли мутахассисларига ўзларига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўладиган барча шарт-шароитлар яратиб берилгани Янги Ўзбекистонимизда илмга қаратилаётган эътиборнинг яққол мисолларидан биридир.

Урганч давлат педагогика институтида бу борада бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Дастлаб, институт раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари Хива, Янгибозор, Хонқа ва Ҳазорасп педагогика коллежларига ташриф буюриб, уларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишиб, ўқув-меъёрий ҳужжатлари ва моддий-техника базасини ҳамда хорижий тилларни, хусусан, инглиз тилини ўрганишга бўлган талабни пухта ўрганиб чиққан бўлсалар, кейинчалик Хива ва Хонқа педагогика коллежлари инглиз тили курсларини ўқитиш учун танлаб олинди.

Бугунги кунда Хива педагогика коллежи ва Хонқа педагогика коллежларида янги педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда педагог кадрлар учун ўқув-семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Коллежларда мавжуд бўлган Мактабгача таълим ташкилоти ёрдамчи тарбиячиси, Мусиқа раҳбари, Кутубхонашунослик, Мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва Жисмоний тарбия йўналишлари билан Урганч давлат педагогика институти йўналишлари бир-бири билан узвий боғлиқдир.

Хусусан, инглиз тили фани бўйича ўқитувчиларга дарс жараёнларини ташкил этишнинг энг самарали усуллар ва методлари ҳамда дарсларда замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш бўйича методик ёрдам кўрсатилмоқда, инглиз тили фани ўқитувчиларининг дарслари таҳлил қилиниб, ютуқ ва камчиликлари бўйича уларга услубий кўрсатмалар берилмоқда, ўқув машғулотларини самарали ва мазмунли ўтказиш бўйича услубий ишланмалар тайёрлашга кўмаклашилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларини илмий фаолиятга жалб қилиш ўзига хос аҳамиятга эга. Ҳеч биримизга сир эмаски, профессионал таълим муассасаси ўқитувчилари орасида илмий изланишлар олиб борадиган, илмий лойиҳаларда муаллифлик қилиб, илмий материаллар тайёрлашда иштирок қиладиганлари жуда камчиликни ташкил қилади.

Айнан хорижий тил билимлари билан қуролланган илмсеварларнинг бу борада имкониятлари янада кенгроқдир. Урганч давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари томонидан иккала коллежда ҳам инновацион таълим технологиялари ва олий таълимнинг илғор тажрибаларини амалиётга жорий этиш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш кенг йўлга қўйилган ва бунда асосий эътибор хорижий тилларни, хусусан, инглиз тилини мукаммал ўзлаштиришга қаратилмоқда.

Профессионал таълим муассасалари битирувчиларини мутахассислиги бўйича олий таълим муассасаларига йўналтириш ҳам жуда муҳим масала бўлиб, ўқувчиларга дарсдан ташқари вақтларида маърузалар ташкил этиш ҳамда касбий фаолияти бўйича психологик тайёргарликни шакллантириш учун амалий ёрдам кўрсатиш долзарблик касб этади ҳамда бу борада таъкидлаш лозимки, коллеж битирувчиларини, хусусан инглиз тили курси битирувчиларини, Урганч давлат педагогика институтининг Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили йўналишига жалб қилиш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Албатта, ҳамкорлик доирасида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб, биз, аввало, маънан етук шахсларни тарбиялашимиз лозимки, Ватан келажаги айнан маънавияти юксак, ақли теран, илми етук, юртига содиқ ёшлар қўлидадир. Бу борада ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, умумхалқ байрамлари ва муҳим саналарни юқори савияда нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этишга кўмаклашиш борасида ҳам коллежларда қилинаётган тадбирлар кўзни қувонтиради.

Коллежларда яна бир долзарб масала бугунги кунда ёшларнинг тўртинчи ҳокимият дея юритилувчи оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашиш борасидаги тизимли ишлар амалга оширилмоқдаки, бунда ҳам кенг ахборотдан тўғри ва унумли фойдаланишларида жаҳон тилларидан бири ҳисобланадиган инглиз тилининг ўзига хос ўрни бор, албатта. Айниқса, ҳозирги глобаллашув жараёни ва шиддат билан ўзгариб бораётган бир даврда, ахборотлар оқими ва маънавий бўҳронлар замонида ёшларнинг онгида маънавий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, уларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим масаладир.

Шуни ҳам қўшимча сифатида айтиб ўтишим лозимки, инглиз тили курслари билан бир қаторда, коллежларда амалга ошириладиган ишлар доирасида профессионал таълим муассасасида илмий тадқиқот ва тажриба синов амалиётларини олиб бориш ва энг муҳим масалалардан бири – уларга илмий изланишларни олиб бориш бўйича мотиватсиялар бериш, мақола ва тезислар ёзиш бўйича маслаҳатли учрашувлар ташкил қилиш ҳам муҳимдир.

Албатта, педагоглик шарафли иш, бироқ, илм нури билан суғорилган ниҳолларнинг меваси ниҳоятда тотли бўлиши аниқ ва эртанги кун эгаларининг илмий изланишлари Ватаннинг порлоқ келажаги, дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторида туриши учун зарурий омилдир. Албатта, бу борада ўқувчилар билан давра суҳбатлари, тадбирлар ва семинарлар ташкил этиш, таълим муассасаларининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда шахсий тажрибани ошириб бориш, ўқувчиларни ўз устида ишлаш, умумий ва касбий компетенсияларини ривожлантириб боришга кўмаклашиш ҳам зарурий шартлардан биридир.

Албатта, илм — таълим муассасаларини, инсонларни эзгулик йўлида бирлаштирувчи, Учинчи Ренассанс бунёдкори бўлган ёшларни энг тўғри йўлга бошловчи жуда катта кучдир!

Жуманазар ЯРМЕТОВ,

Урганч давлат педагогика институти ректори вазифасини бажарувчи,

физика-математика фанлари номзоди, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер