Илм-фан, таълим ва технологиялар ривожи миллий ғоя сифатида
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов “Халқ сўзи” газетасининг жорий йил 11 апрель сонида чоп этилган “Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” сарлавҳали мақоласида миллий ғоя қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги мушоҳадаларини баён этди.
Мақолани ўқир эканман, устознинг бундан 23 йил бурун жамиятимиз фуқароларини бирлаштирувчи куч сифатида қаралган “миллий ғоя”нинг бошданоқ мавҳумликка юз тутиб, халқимиз қалбига сингмаганлиги ҳақида алам билан билдирган фикрлари диққатимни тортди.
Дарҳақиқат, мустақилликка эришилгач, орадан 10 йил ўтиб, яъни 2000-йилда юқори идоранинг топшириғига биноан бир гуруҳ файласуф олимларга миллий ғоя фани бўйича дастур ва ўқув қўлланма тайёрлаш вазифаси юклатилди. Шундай қилиб ҳеч қандай жамоатчилик, зиёлиларнинг кенг иштирокисиз ва муҳокамаларисиз зудлик билан “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” фани бўйича 2001-йилда катта тиражда ўзбек ва рус тилларида рисола тайёрланди, вазирлик буйруғи билан таълим муассасаларига махсус фан сифатида ўқитиш учун ўқув дастурларига киритилди, ҳатто битирувчилар учун давлат имтиҳони ўтказиш лозимлиги белгиланди.
Ижро учун туширилган ушбу сунъий фанни биз ижтимоий фанлар профессор-ўқитувчилари талабалар онгига синдиришга ҳаракат қила бошладик, кафедралар очилди, дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилиб, илмий анжуманлар ўтказилди, бироқ йиллар давомида қилинган ишлар ўзининг самарасини бермади.
Ўзбекистон халқининг бош эзгу ғояси деб эълон қилинган — озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш масаласи оддий чақириқ, орзу ва ниятлигича қолиб кетди. Унинг асосий йўналишлари — Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик (толерантлик) мақсадга эришишнинг етти шарти деб эълон қилинишига қарамасдан, халқимиз, ёшларимиз қалбига сингмади.
Миллий ғоя эълон қилингандан кейин, мен ушбу рисола муаллифларидан бирига мурожаат қилиб, халқимиз ушбу тавсия этилган ғояларни билса янада жипслашадими, бошқа ҳаётий ғоялар йўқмиди, деб савол берганимда, у киши қўлини бигиз қилиб тепага ишора қилдилар, тушундим. Ўша йиллари шоирларимиздан бири “бизнинг миллий ғоямиз — «Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деб телевидениеда чиқиш қилдилар, буни ҳам ҳазм қилдик. Шундай қилиб, давлат томонидан туширилган ғоя ғоялигича қолиб кетди. Хулоса шуки, халқни, жамиятни жипслаштирадиган миллий ғоя фуқароларнинг онг-шууридан келиб чиқиши керак бўлиб, жамиятда шаклланиши ва ривожланиши лозим экан.
Хуллас ўтган йилларда орзу-ҳавас, яхши ният, чақириқ ва шиорлар билан ўз- ўзимизни овутиб юрдик...
Муаллифнинг Янги Ўзбекистон миллий ғояси асоси сифатли таълим ва самарали илм-фан негизида юқори интеллектуал даражали авлодни тарбиялашдан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир, керак деган фикрини қўллаб-қувватлайман. Шунингдек, ушбу таклиф нақадар асослилигини ўз тарихи, маданияти, ментал хусусиятларига кўра бизга яқин бўлган, ривожланган Япония, Жанубий Корея, Хитой каби мамлакатлар халқларини бирлаштирувчи миллий ғоялари шаклланиб ривожланганлиги ва ушбу давлатлар ғоялари асосини айнан илм-фан, технологиялар ташкил этишини кўришимиз мумкин.
Масалан, тарихдан маълумки, иккинчи жаҳон урушидан сўнг Япония бутунлай вайрон этилган эди. Миллат оғир дамда бирлашиб мамлакатни тиклади, ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратилиб, минглаб фуқаролар фарзандларини хориждаги университетларда ўқиттирди ва бугунги кундаги юксалишининг асосий омили – таълим, фан, технологиялар ривожи ҳисобига дунёнинг етакчи ривожланган мамлакатлари сафидан ўрин олди.
Жанубий Корея миллий ғояси ўтган асрнинг 60-йилларида генерал Пак Чжон Хи раҳбарлиги пайтида шаклланди. Ёш олим ва тадбиркорлар иштирокида миллий юксалишнинг еттита устувор йўналиши орасида таълим соҳаси ҳам бўлиб, уни молиялаштириш, фан ва корейс миллий маданият институтлари ривожига муҳим эътибор берилди. Давлатнинг тарғибот қудрати халқ онгига миллий уйғониш ғоясини сингдиришга қаратилди.
Қадимий тарихий-маданий омиллар, ютуқлар ва оғир синовлар Хитой халқларини бирлаштириб Хитойнинг азалий орзуси — мамлакатни юксалтириш умуммиллий ғоясини шакллантириш имкониятини берди.
2013-йилда Хитой раҳбари Си Цзиньпин Хитой орзуси — мамлакат юксалиши, миллат яшариши ва халқ бахти ғояси барча мамлакатлардаги инсонларга ҳам яқиндир, деб таъкидлади. Хитой миллий ғояси Ғарб цивилизациясига муқобил бўлган, минг йиллар давомида анъанавий асосга эга кучли ва юксалаётган жамият қуришдир.
Таъкидлаш жоизки, жаҳоннинг етакчи ривожланган мамлакатларининг миллий ғоялари негизида айнан илм-фан, таълим технологияларини юксалтириш ётади.
Миллий ғоя бутун халқ ҳаётининг асоси бўлиб, олдинги ва ҳозирги авлодларнинг орзу-умидлари ва келажакдаги имкониятлари, манфаатлари, мақсадларини ўзида акс эттиради. Масалан, АҚШнинг миллий ғояси — бутун дунёда демократия орзусини амалга ошириш, технологик устунликка эришиш, бутун инсониятни турли бало-қазолардан қутқаришдир.
Давлатимиз мадҳиясидаги “Яшнагай то абад илму фан, ижод, Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон” деган сатрларида ҳам айнан ушбу мақсад турибди, назаримда.
Шуҳрат ҒОЙИБНАЗАРОВ,
Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг
Тошкент шаҳридаги филиали директори ўринбосари,
сиёсий фанлар доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг