Иккиюзламачи ҳукуматлар, оммавий қирғинлар ва инсон заковатининг ёвуз кўриниши: барчаси кимёвий қуроллар ҳақида

Дунё урушлар ва тўқнашувлар билан яшамоқда. Инсониятнинг оддий тошлардан бошланган жанжаллари ядро бомбалари билан қуролланишгача олиб келди. Бу қуролларни фақат бир-биридан кучли эканини исботлаш учун ушлаб тургани, кимўзарга бел боғлаб, оддий одамлар ҳаётини таҳликага солаётгани ачинарли ҳол. Шундай қуроллар борки, уларни тўсатдан битта капалак (бу фанда «Капалак эффекти» деб аталади – таҳрир) ҳам ишга тушириб юбориши мумкин. Бу ҳолатда «жим ётган» «дўст»ларимиз биз, ўз ихтирочиларига қарши жангга киради. Улар кимёвий қуроллардир.
I
Кимёвий қуролнинг энг қадимги қўлланиши милоддан аввалги 431-404 йилларда Афина ва Спарта ўртасидаги «Пелопоннес уруши»га тақалади. Милоддан аввалги 429 йилда «Платей қамали»да Спарта кучлари заҳарли тутун ҳосил қилиш учун ёнаётган олтингугурт ва қатрон бирикмасидан фойдаланган. Кимёвий қуролнинг бу ибтидоий кўриниши қалъа ҳимоячиларининг нафас олишларини қийинлаштириб, таслим бўлишга мажбур қилган. Гарчи бу замонавийлари каби мураккаб бўлмасада, ушбу усул урушда заҳарли моддаларнинг имкониятларини очиб берганди. Бундай усуллардан фойдаланиш қадимги тўқнашувларда вақти-вақти билан ишлатилиб, бу доимий қўлланилиши учун пиллапоя бўлган десак, адашмаймиз.
Милодий VII асрда Византия империяси ҳам «юнон олови» номли кимёвий қуролдан фойдаланишни бошлаган. «Юнон олови» жуда тез алангаланувчи суюқлик бўлиб, ҳатто сув ҳам уни ўчира олмасди. Шу тариқа бу византияликларни денгизлардаги имкониятини ошириб юборган. Византияликлар денгиз жангларида, хусусан, Константинополни араб қамалларидан ҳимоя қилишда унумли фойдаланганлар.
II
Кимёвий қуроллар ўрта асрларда византияликларникидан ортиқ катта ютуқларга эришмади, албатта. Аммо бу қуроллар ХХ асрга келибгина ҳақиқий даҳшат воситасига айланди. Юнон файласуфи Гераклит «Уруш ҳамма нарсанинг отаси» деган эди. Замонавий кимёвий қурол айнан Биринчи жаҳон уруши даврида қўлланилган. Кимёвий урушга бундай шафқатсиз киришиш 1915 йил 22 апрелда Иттифоқ қўшинларини Бельгиянинг Ипр шаҳрида қамал қилган немис кучларининг хлор газини қўллашидан бошланган. Бунинг таъсири ҳалокатли бўлиб, 1000 дан ортиқ ўлимга олиб келди. 4000 дан ортиқ аскар энди жангга ярамас эди. Тасаввур қилинг, немислар кўп куч ва хомашё сарфламай 5000 та аскарни «чиқит»га чиқариб юборди. Агар шуни автомат ўқлари билан амалга оширганда, камида бир эшелон ўқ кетарди. Ипрдаги тадбир кимёвий моддаларнинг уруш қуроли сифатида ҳалокатли потенциалини кўрсатиб, дунёнинг етакчи ҳарбий кучлари ўртасида кимёвий қурол яратиш учун пойгага «старт» берди.
III
Хлор гази дастлаб қурол сифатида мўлжалланмаган бўлсада, инсон нафас олиш тизимига кўрсатган жиддий таъсирини паст баҳолаб бўлмайди. Нафас олишда хлор гази ўпкада сув билан реакцияга киришиб, хлорид кислотасини ҳосил қилади. Бу эса бўғилиш ва ички куйишга олиб келади. Аскарларга психологик таъсир бир хил даражада кучли бўлиб, жанг майдонида қўрқув ва ноаниқликнинг янги даражасини белгилаб берди. Иттифоқчилар дастлаб ҳужумнинг янги шаклига тайёр эмас эдилар. Бу эса ҳимоя чоралари ва қарши чоралар учун курашга олиб келди. Газ ниқоблари ва бошқа ҳимоя воситаларини жорий этиш шу тариқа табиий зарурият ва эҳтиёжга айланди.
Биринчи жаҳон уруши даврида кимёвий қуроллардан фойдаланиш хлор гази билан чекланиб қолмади. Ипрдаги дастлабки ҳужумдан кўп ўтмай, немислар фосген ва хантал газини ҳам жангга киритдилар. Уларнинг ҳар бири ўзининг даҳшатли таъсирига эга эди. Хлордан кўра кучлироқ бўғувчи восита бўлган фосген нафас олишни мутлақо чеклаб қўйди ва аскарлар типирчилаб, сўнгги сўзини ҳам айтолмай «чумчуқдай» қирилиб кетишди. Хантал гази эса тери ва шиллиқ пардаларда кучли кимёвий куйишга олиб келадиган қабариқ ҳосил қилувчи восита эди. Бу газлар жанг майдонига янги ўлчов қўшиб, хандақлар ва қазиш жойларини — илгари хавфсиз деб ҳисобланган — ҳалокатли тузоқларга айлантирди. Ҳа, бу ҳақиқий даҳшат эди. Зеро энди бронежилетлар аскарларни ҳимоя қилмаётганди.
Биринчи жаҳон уруши даврида кимёвий қуролларнинг кенг қўлланилиши халқаро миқёсда жиддий норозиликларга сабаб бўлди. Энди дунё етакчилари ушбу қуролларни назорат қилиш керак, деб ҳисоблай бошладилар. 1925 йилги «Женева протоколи» урушда кимёвий ва биологик қуроллардан фойдаланишни тақиқловчи газ уруши даҳшатларига бевосита жавоб эди. Аслидачи? Аслида ҳамма ўзиникини яратиш учун боши билан шўнғиб кетганди. Инсоният азалдан ютқазишни ёмон кўради. Гарчи ушбу қурол ўзи учун ҳам хавф бўлсада, уни яратишдан бу тўхтатиб қолмади. Ҳа, инсон шунақа, керагидан ортиқ кибрли мавжудот.
IV
Урушлараро даврда ҳам ҳарбий, ҳам саноат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда кимёвий қуроллар бўйича тадқиқотлар давом этди. Кимё ва муҳандислик соҳасидаги ютуқлар янада мураккаб ва ҳалокатли кимёвий моддаларни ишлаб чиқишга имкон берди. Кимёвий уруш таҳдиди ҳарбий режалаштириш ва фуқаролик мудофааси стратегияларига таъсир кўрсатди. Давлатлар тинч аҳолини потенциал кимёвий ҳужумлардан ҳимоялашга киришди. Иккинчи жаҳон уруши даврида кимёвий қуролдан фойдаланиш кўп жиҳатдан чекланди, аммо уларни жойлаштиришдан қўрқиш сақланиб қолди. Кимёвий уруш эҳтимоли урушнинг боришини шакллантирди, чунки иттифоқчи кучлар потенциал кимёвий жангларга тайёр эдилар.
Иккинчи Жаҳон урушидан кейин, совуқ уруш даврида АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги кенгроқ қуролланиш пойгасининг бир қисми сифатида кимёвий қуролларга қизиқиш янада кучайди. Иккала қудратли давлат ҳам Биринчи Жаҳон урушидан олдингиларига қараганда анча ҳалокатли бўлган зарин ва VX каби асаб тизимларига зарар келтирувчи кимёвий қурол захираларини ишлаб чиқди. Кимёвий қуролларнинг тарқалишини чеклаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар кучайиб, янада мустаҳкам шартномалар ва келишувларга олиб келди. 1993 йилги Кимёвий қуроллар бўйича конвенция (CWC) кимёвий қуролларни тўлиқ йўқ қилишга қаратилган муҳим ютуқ бўлди. Инсоният қабилаларга бирлашишни бошлагандан бери доим йирик ва кучли давлатлар турли чекловчи ташкилотларни яратдилар.
V
1997 йилда кучга кирган CWC мавжуд кимёвий қурол захираларини йўқ қилишга доир қарорни ишлаб чиқди. 2023 йилга келиб, 193 давлат CWC аъзоси бўлди. Бу уни қуролсизланиш бўйича энг кенг тарқалган ратификация қилинган шартномалардан бирига айлантирди. Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (OPCW) CWCʼнинг бажарилишини назорат қилади, текширувлар ўтказади ва мувофиқликни текширади. Ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, тўлиқ риоя қилишни таъминлаш ва можароларда кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги даъволарни кўриб чиқишда муаммолар бор. Масалан, Сурияда давом этаётган фуқаролар уруши кимёвий ҳужумлар бўйича қайта-қайта айбланиб, бу таҳдиднинг давом этаётганини кўрсатди. Айниқса, Яқин Шарқдаги конфликтларда кимёвий қуролланишни қўллаб турган йирик давлатлар ҳам йўқ эмас эди.
Биринчи Форс кўрфази уруши (ёки Эрон—Ироқ уруши) саккиз йил давомида Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Ироқ кучлари Эрон кучларига ва Ироқ фуқароларига қарши кимёвий қуроллар, жумладан, хантал гази ва асабни зарарловчи зарин газини қўллаган. АҚШ Марказий разведка бошқармасининг яқинда махфийлиги очиб берилган ҳужжатларига кўра, Қўшма Штатлар Ироқнинг кимёвий қурол қўллагани ҳақида шунчаки гумон қилмаган.
«Foreign Policy» журнали 2007 йилдан бошлаб махфийлиги ошкор этилган Марказий разведка бошқармаси ҳисоботларига таяниб, собиқ ҳарбий агентлар билан суҳбатлар орқали Америка кимёвий ҳужумларига қарамай, Ироқни қандай қўллаб-қувватлашда давом этганини шундай тасвирлайди: «Аввалроқ АҚШ Ироққа тактик разведка маълумотларини тақдим этгани, расмийлар Ҳусайн кимёвий қурол қўллаганида гумон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Аммо АҚШнинг Коллеж-Паркда жойлашган Миллий архивидаги махфий материаллар тўпламида деярли эътибордан четда қолган Марказий разведка бошқармаси ҳужжатлари собиқ разведка амалдорлари билан эксклюзив интервьюлар билан биргаликда Қўшма Штатларнинг қандай билимга эга эканлиги ҳақидаги янги тафсилотларни очиб беради. Далиллар шуни кўрсатадики, АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари кимёвий ҳужумларининг кўлами ҳақида мунтазам равишда хабардор бўлиб туришган. Булар Американинг энг даҳшатли кимёвий қурол ҳужумларида иштирок этганлигини расман тан олиш билан баробар».
VI
Бугунги кунда айрим ҳукуматлар ўзларига қарши уюштириладиган тартибсизликлар ҳамда норозилик намойишларида оломонни тарқатиш учун зарари камроқ бўлган кимёвий қуроллардан фойдаланадилар. Ушбу қуроллар намойишчиларни назорат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш учун мўлжалланган бўлсада, бундай қуроллардан можаро зоналарида фойдаланиш ахлоқий ва ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқаради. Кимёвий қуролдан фойдаланиш, уларнинг мақсади қандай бўлишидан қатъи назар халқаро ҳуқуқ ва гуманитар этикада баҳсли масала бўлиб қолмоқда.
Кимёвий қуролларнинг долзарблигининг муҳим омилларидан бири бу уларни ишлаб чиқаришнинг ядровий ва биологик қуролларга нисбатан нисбатан қулайлигидир. Кўпгина кимёвий моддалар савдода мавжуд бўлиб, уларни, ҳаттоки, уй шароитида ҳам тайёрлаш мумкин. Бу мавжудлик ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича саъй-ҳаракатлар учун жиддий муаммодир.
Бундан ташқари, кимёвий технологияларнинг иккиламчи фойдаланиш хусусияти тартибга солиш ҳаракатларини мураккаблаштиради, чунки кўплаб кимёвий моддалар қонуний саноат ва тиббиётда қўлланилади. Шундай қилиб, кимёвий қуролларни самарали назорат қилиш кўп қиррали ёндашувни, жумладан, қатъий қоидалар, халқаро ҳамкорлик ва ишончли текшириш механизмларини талаб қилади.
VII
Кимёвий уруш тарихи, шунингдек, кимёвий қуролларни ишлаб чиқиш ва одамларда синовдан ўтказишнинг кўплаб мисолларини ўз ичига олади. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШ ҳам, Совет Иттифоқи ҳам ҳарбий хизматчиларда кимёвий моддалар таъсирини ўрганиш учун тажрибалар ўтказган. Кўпинча субъектларнинг розилигисиз, албатта. Советлар, айниқса, бу борада ўта шафқатсиз бўлишган. Совет тузуми кўпинча илмий тадқиқот ёки ҳарбий зарурат ниқоби остида одамлар устида кўплаб ғайриинсоний кимёвий тажрибалар ўтказган. ГУЛАГ меҳнат лагерларидаги «Газ камераси» деб номланувчи Совет Иттифоқи ҳарбий тиббиёт муассасасида маҳбусларга уларнинг таъсирини ўрганиш учун турли хил заҳарли газлар таъсирланганида энг даҳшатли ҳолатлардан бири эди. Бунга фосген, хантал гази ва люизит билан ўтказилган тестлар кирар, натижада кўплаб инсонлар ҳалок бўлар эди. Яна бир машҳур мисол — Харков тиббий радиология институтида сиёсий маҳкумларда ўтказилган тажрибалардир, уларнинг розилигисиз радиация ва бошқа зарарли моддаларга дучор бўлган.
Кимёвий терроризм таҳдиди кимёвий қурол масаласига яна бир мураккаблик қўшади. Нодавлат субъектлар, жумладан террористик гуруҳлар ўз мақсадларига эришиш учун кимёвий моддаларни қўлга киритиш ва улардан фойдаланишга қизиқиш билдиришади. Бундай ҳолат ўтган асрнинг охирида Японияда содир бўлган эди. 1995 йилда Токио метросида Aum Shinrikyo култининг зарин моддаси билан ҳужуми кимёвий терроризм тинч аҳолига қандай даҳшатли таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқ эслатиб туради. Кимёвий терроризмга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатлар кимёвий объектларда хавфсизликни кучайтириш, аниқлаш ва жавоб бериш имкониятларини яхшилаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олади. Шундай қилиб, кимёвий ҳужумлар эҳтимоли XXI асрда муҳим хавфсизлик муаммоси бўлиб қолмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кимёвий қуроллар тарихи инсон зукколиги ва аҳмоқлигининг энг буюк кўринишларидан биридир. Ипрдаги хлор газининг биринчи ҳужумидан тортиб кимёвий қуролларни тарқатмаслик шартномасига қадар инсоният кимёвий қурол сиртмоғида типирчилайди. Халқаро ҳамжамиятнинг кимёвий қуролларни йўқ қилиш ва улардан фойдаланишнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлари хавфсизроқ ва инсонпарварроқ дунёга қадам бўлишини истардик, аммо бу ушалмас орзунинг бир рўёбига ўхшайди.
Санжар Шомуродов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг