Ихтиролар тараққиётга хизмат қилмоқда

11:22 28 Июнь 2024 Жамият
267 0

Ўтган йили дунёда энг нуфузли ҳисобланган QS ташкилоти Жаҳон университетлари рейтинги «World University Rankings — 2024» ни эълон қилди. Юртимиздаги 14 та олий таълим муассасаси илк бор ушбу рейтингда ўрин олди. Булар орасида Фарғона политехника институти ҳам бор.

Айни пайтда 682 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатаётган таълим даргоҳининг илмий салоҳияти 36 фоизга етди. 2023 йилда давлат илмий-техник дастурлари доирасида 18 та халқаро миқёсда 10 та лойиҳа ҳамда институт қошида ташкил этилган Spin-off корхоналари томонидан 682 та ҳамкорлик шартномалари амалиётга муваффақиятли татбиқ қилинди.

Мазкур институтнинг докторанти сифатида бугун назарий билимларимни амалий тажриба билан ўзаро уйғунликда олиб боряпман. Илмий ишларим Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилди. Шу тариқа бугунги кунгача хориждан импорт қилиб олиб келинаётган сув насослари, электр двигатель металл корпус маҳсулотлари маҳаллий хомашёлар асосида локализация қилиниб, тўлиқ ишлаб чиқаришга жорий қилинди. Бу ютуқларим эвазига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони билан тақдирландим.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида белгиланган вазифалар доирасида институт таъсисчилигидаги «Ferpi mech-techno» унитар корхонаси томонидан «Деталларни ишлаб чиқаришда газлантиришга асосланган инновацион қуйиш технологиясини жорий қилиш ҳамда металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш» лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳада Илмий тадқиқот ўқув ишлаб чиқариш комплексига 14 турдаги замонавий технологик жиҳозлар ҳамда 17 турдаги метрологик назорат ўлчов қурилмалари олиб келиб ўрнатилди.

Лойиҳа бўйича ташкил этилган лаборатория базасида 6 та фандан 40 та мавзу бўйича амалий машғулотлар олиб борилди. 250 нафар талабалар ишлаб чиқариш ҳамда малакавий амалиётини ўтамоқда. 40 нафар зиёд докторант, магистр ва мустақил тадқиқотчилар ўзларининг илмий изланишларини амалга оширяпти. Хусусан, бугунги кунга қадар 3 нафар тадқиқотчи техника фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори илмий ишини ёқлади. Лойиҳа доирасида Интеллектуал мулк агентлигидан 20 дан ортиқ дастурий таъминот гувоҳномалари олинди.

Институтда дуал таълим тажрибаси асосида қишлоқ хўжалиги, енгил ва оғир саноат, қурилиш корхоналари ҳамда кичик бизнес субъектларига кўплаб технологик ечимлар берилиб, амалиётга татбиқ этилди. Техникалар эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва сервис хизмати кўрсатиш, бутловчи қисмлар билан таъминлашга кўмаклашилди.

Инновацион қуйиш технологияси амалиётга татбиқ этилиши натижасида мураккаб шаклли эҳтиёт қисмлар ва аниқлиги ўта юқори машинасозлик жиҳозларининг ишлаб чиқариш унумдорлиги 30 фоизга оширилди. Шу билан бирга ишлаб чиқариш сарф-харажати 12 фоизга камайишига эришилди. Мисол учун, технологик амалиётлар сони қисқарди, ишлаб чиқариш чиқиндилари, меҳнат ресурси ва электр энергияси сарфи камайишига эришилди.

Ёшлар куни байрами олдидан давлат раҳбари қарорига кўра, «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланганим бу борадаги изланишларимга янада рағбат бўлди.

Аҳаджон ЎЛМАСОВ,

«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер