Игорь Сергеев дубльга эришган ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонди

10:06 03 Сентябр 2025 Спорт
543 0

Фото: ЎФА

Кеча, 2 сентябрь куни Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилаётган «CAFA National Cup» мусобақасининг «А» гуруҳида иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Хусусан, Тошкентда жойлашган «Олимпия» стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Туркманистон термаси билан куч синашди. Учрашув 2:1 ҳисобида Тимур Кападзе шогирдларининг ғалабаси билан якунланди.

Учрашувда ҳисоб 35-дақиқада майдон эгалари томонидан очилди. Игорь Сергеев ўзининг терма жамоадаги йигирманчи голини урди. Игорнинг йигирма биринчи голи ҳам ўзини узоқ куттирмади, 44-дақиқада Туркманистон дарвозаси томон пенальти зарбаси белгиланди. Бундан унумли фойдаланган Игорь Сергеев терма жамоа тарихидаги тўпурарлар рейтингида Игор Шквиринни ортда қолдириб, Одил Аҳмедовга етиб олди.

Учрашувнинг асосий вақти тугашига 7 дақиқа қолганида, учрашувни бошқариб борган тожикистонлик ҳакам Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бундан эса «Аркадаг» футболчиси Дидар Дурдиев аниқ фойдаланиб, ҳисобни қисқартирди. Учрашувда ҳисоб бошқа ўзгармади ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақадаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди.

Маълумот учун, энди Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа 5 сентябрь куни гуруҳдаги сўнгги ўйинини ўтказади. Ушбу баҳсда Ўзбекистон термасига Қирғиз Республикаси рақиблик қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?