Ички ишлар ходимини пичоқлаган шахсни қўлга олишда иштирок этган фуқаро ва ходимлар тақдирланди

11:29 21 Май 2025 Жамият
211 0

Жорий йилнинг 19 май куни Юнусобод деҳқон бозорида хизмат олиб бораётган ППХ инспектори сафдор И.Ибрагимов ўзини шубҳали тутган фуқарони тўхтатиб текширмоқчи бўлганида, у ёнидаги ўткир тиғли буюм билан ходимнинг ҳаётига суиқасд қилиб, бўйин қисмига тан жароҳати етказганди.

Шундан сўнг, жиноятчи воқеа жойидан яшириниш мақсадида яқин атрофда бўлган автобусга қўлидаги пичоқ билан чиқиб олган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган Патруль-пост хизмати ходимлари катта сержант С.Каржанбаев, сафдор С.Абзалов ва профилактика инспектори лейтенант Ў.Нормаматовлар зудлик билан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаб, автобусдан йўловчиларни эвакуация қилишган. Сўнг хавфли жиноятчини махсус воситалар ва жисмоний куч ишлатиш йўли билан зарарсизлантириб қўлга олишган.

Жиноятчини қўлга олиш жараёни акс етган видеотасвирларда ИИО ходимларига фуқаро Владимир Авдиянс ҳам фаол ёрдам бериб, ўзининг фуқаролик бурчини сидқидилдан бажарганлигини кўриш мумкин.

Мазкур ҳолат Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида эътироф этилиб, Тошкент шаҳар ИИББда тантанали равишда бўлиб ўтган тадбирда фуқаро В.Авдиянсга «Ички ишлар вазирлигининг миннатдорчилиги» эълон қилиниб, 10 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан сержант С.Каржанбаев, сафдор С.Абзаловлар «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан, лейтенант Ў.Нормаматов рағбатлантириш тариқасида муддатдан олдин «катта лейтенант» махсус унвони билан мукофотланган.

Эслатиб ўтамиз, қўлга олинган гумондор шахс 1963 йилда Жиззах вилоятида туғилган, Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи Х.А. бўлиб, 2005 йилдан бери руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туриши маълум қилинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25-97 моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ушбу шахснинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролар бўлса, яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишларини сўраган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер