Ҳужжатларда кўрсатилмаган товарлар юзасидан божхона қонунбузилиши ҳолати расмийлаштирилди

08:59 27 Март 2023 Жамият
381 0

Сўнгги вақтларда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва божхона чегаралари орқали ҳаракатланган фуқаролар томонидан божхона ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш ҳамда ходимларни ҳақорат қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Масалан, 2023 йил 28 январь куни Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг “Ховособод” чегара божхона постига спиртли ичимликларни ичиб, маст ҳолда кириб келган 4 нафар фуқаролар божхона ходимини ноўрин сўзлар билан хақорат қилиб, қонуний талабларини бажармаган ҳолда хизмат олиб боришига фаол қаршилик кўрсатишган.

2023 йил 17 февраль куни Навоий вилояти божхона бошқармасининг “Навоий аэропорт” чегара божхона постида Туркиядан
курьерлик ташкилотларидан бирининг номига келтирилган 2,5 тоннадан зиё оғирликдаги 201 дона курьерлик жўнатмаларини божхона назоратидан ўтказиш давомида пост ходими Гулмира Рустамова жўнатмаларнинг ростдан ҳам шахсий фойдаланиш учун юборилганми ёки шахсий фойдаланиш ниқоби остида аслида тижорат мақсади учун кўзланганми, шуларни аниқлаш учун жўнатмалардан исталган 2 тасини танлайди ҳамда уларда исм-шарифи қайд этилган фуқарога телефон орқали қўнғироқ қилади.

Суҳбат давомида англадингиз-ки, фуқаро ўзи номига юборилган почта жўнатмасида қандай товарлар борлигини ҳаттоки билмайди ва табиийки, жўнатмани ўзи буюртма қилмаган.

Божхона кўригида давомида жўнатма эгаларига қўнғироқ қилинишини кутмаган шекилли, курьерлик ташкилоти раҳбари ва ишончли вакили божхона ходимини, боз устига аёл кишини ҳақорат қилишга тушишади.

Аслида, курьерлик ташкилоти раҳбари ва ишончли вакилининг асабийлашиши ва бу қадар жазавага тушиши бежиз эмас экан. Божхона кўриги давомида жўнатмалардаги товарлар тижорат мақсади учун кўзлангани аниқланди ва салкам 36 млн. сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди.

34 дона жўнатма уларда кўрсатилган телефон рақамлари ишламаганлиги сабабли, жўнатма эгаларининг шахсига аниқлик киритиш мақсадида вақтинча сақловга олинди. Шунингдек, ҳужжатларда кўрсатилмаган салкам 21 млн. сўмлик товарлар юзасидан тегишли тартибда божхона қонунбузилиши ҳолати расмийлаштирилди.

Бу каби ҳолатларда Божхона қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ходимларининг шаъни, қадр-қимматларини камситилиши ҳамда хизмат вазифаларини бажаришга қаршилик кўрсатилишига чек қўйиш мақсадида зудлик билан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун тегишли ҳуқуқ тартибот идораларига юборилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?