Ҳусанов жароҳат сабаб 2 ҳафтага сафдан чиқди

18:02 01 Сентябр 2025 Спорт
1100 0

Видеодан кадр

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов жароҳат сабаб «CAFA Nations Cup» турнирида иштирок эта олмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Ҳусанов кеча, 31 август куни «Манчестер Сити» сафида «Брайтон»га қарши учрашув пайтида ўзини ноқулай ҳис қилган. Текширувлардан сўнг футболчининг чап оёқ болдир мушагида кичик жароҳат борлиги аниқланган.

«Дастлабки хулосаларга кўра, тикланиш муддати 2 ҳафтани ташкил этиши кутилмоқда. Шифокорларнинг тавсиясига биноан Абдуқодир «CAFA Nations Cup» турнирида иштирок этолмаслиги маълум бўлди», дейилади ЎФА хабарида.

Маълумот учун, 31 август куни Англия Премьер лигасининг 3-тур баҳслари якунланди. Турнинг сўнгги ўйинларидан бирида «Манчестер Сити» Фалмер шаҳарчасида «Брайтон» клуби меҳмони бўлди. Мазкур аҳс мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ушбу ўйинда асосий таркибда майдонга тушди ва 61-дақиқада «Брайтон» ҳужумчиси Якубу Минтегага қарши қўпол ўйнаб, сариқ карточка олди.

Ҳусанов баҳснинг 85-дақиқасида, «Брайтон»нинг иккинчи голидан олдинроқ жароҳат олди ва Рубен Диашга алмаштирилди. Шундан сўнг учрашувда ҳисоб ўзгармади.

Жамоа бош мураббийи Гвардиола ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Абдуқодир ҳақда илиқ фикрлар билдирди ва агар у майдонда қолганида иккинчи голни бартараф этиши мумкин бўлганини айтди.

«Иккинчи голни жуда тезкор футболчилардан ўтказиб юбордик. Ҳусанов эплаши мумкин эди, чунки у ҳам жуда тез, лекин аввалроқ уни алмаштиришга мажбур бўлгандим. Унда ҳеч қандай жароҳат йўқ. Шунчаки бироз шикастланди ва мушакларда муаммо пайдо бўлганди», дейди Пеп.

Айтиш жоиз, ўзбекистонлик футболчи майдонда ҳаракат қилган дақиқаларида 90 фоиз узатмалари аниқ чиқди. 6 марта рақибнинг ҳужумини тўхтатиб қолди. Ўзи қатнашган елкама-елка дуэллар 7 тасида рақибларини ютди. «Sofascore» портали Ҳусановнинг ўйинини 6,7 баллга баҳолади. Бу «Манчестер Сити» ҳимоячилари ичидаги энг яхши балл эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?