Ўзбекистонда аномал иссиқ қачон кузатилиши маълум. Бунга Энергетика вазирлиги тайёрми?

19:23 20 Июнь 2024 Иқтисодиёт
482 0

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти мамлакатимизда жорий ёздаги аномал иссиқ қачон бўлишига оид прогнозларини эълон қилди. Хабарда айтилишича, жорий йилнинг июль ва август ойи бошларида ғайритабиий (аномал) иссиқлик даврлари кузатилиши мумкин.

«Баъзи кунларда ҳарорат узоқ муддатли ўртача қийматлардан сезиларли даражада кўтарилиши мумкин, эҳтимол бу вазият минтақада вужудга келувчи термик депрессия жараёни таъсири билан узвий боғлиқ», дейилади прогнозда.

Тахминий аномал иссиқ кузатилмайдиган ҳудудлар номлари ҳам аниқ. Фарғона водийси, Тошкент вилояти тоғли ҳудудлари ҳамда Сурхондарё вилоятида бутун ёз давомида ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёр кўрсаткичларига яқин бўлади.

«Термик депрессия – бу ёзги синоптик жараён бўлиб, Марказий Осиёнинг жануби-шарқида паст босимли ҳудуд пайдо бўлиши, қуруқ-жазирама иссиқ об-ҳаво билан тавсифланади (бу даврда Марказий Осиё текислик ҳудудларида ҳаво ҳарорати +44…+46 даражага, баъзи ҳолларда, +48 даражагача етиши мумкин)», деб хабар беради институт матбуот хизмати.

Бундан бир йил муқаддам Энергетика вазирлиги аномал иссиқ сабабли мамлакатдаги электр энергияси истеъмоли ҳаддан ортиқ ошиб кетганини ва шу туфайли электр узатишда узилишлар бўлаётганини маълум қилган эди. Бундай узилишларни бартараф этиш кўп вақт олиши, кутилмаган кескин иқлим шароити мураккабликлар келтириб чиқараётгани маълум қилинганди.

Бизнингча, шов-шувларга сабаб бўлган прогноз Энергетика вазирлиги учун огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлиши зарур. Улар аномал иссиқ даврида электр истеъмолининг ошишини ҳисобга олган ҳолда профилактика ишларини олиб бориши, ҳар қандай ҳолатга тайёр туришлари зарур.

Бу юртдошларимизни иссиқ кунларда электр узилишлардан ҳимоя қилиш билан бир қаторда, мамлакатдаги кичик бизнес ва тадбиркорларни қўллаб қувватлаш учун ҳам аҳамиятлидир. Ёдга оладиган бўлсак, 2023 йил ёз ойларида рўй берган электр узилишлари натижасида кичик тадбиркорлик субъектларида маҳсулотлари ачиб қолган эди. Шунингдек, энг ачинарлиси, юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларнинг аҳволи ҳам ёмонлашган эди. 

2022 йилда Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш лойиҳаси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков Qalampir.uz билан суҳбатда «Халқимиз бойиб кетди, ҳаммада кондиционер. Ёзда кун исиб кетса, ҳамма кондиционер ёқади ва бирдан электр етишмовчилиги сезилади», деган эди. Бу эса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. 

Аввалроқ Президентимиз Шавкат Мирзиёев 30 май куни иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?