“Ҳунарни асрабон нетгумдир охир”...

00:36 02 Октябр 2023 Жамият
853 0

Бахшулла ака яхши эслайди: ўзи ўқиётган мактаб синф доскаси ёнбошида “Олтин олмагину ўргангин ҳунар, Ҳунарнинг олдида хасдир олтин зар”, деган ҳикматли сўз ёзиғлик турарди. Иккинчи бир томонда эса Алишер Навоийнинг “Ҳунарни асрабон нетгумдир охир, Олиб тупроққаму кетгумдир охир”, деган ўлмас мисраси битилган эди.

— Бу ҳикматлар замирида мен ўз ҳаётимни кўргандек бўламан, — дейди бухоролик таниқли зардўз, “Шуҳрат” медали соҳиби Бахшулла Жумаев. — Салкам 45 йилдирки, зардўзлик билан шуғулланиб шундай хулосага келдим: чиндан ҳам ҳунарнинг олдида ҳар қандай мол-дунёнинг саҳродаги хасчалик қадру қиммати йўқ ...

Бахшулла акасига эргашиб “Моҳир қўллар” тўгарагига борар, қоғозга турли тасвирларни туширар, қадимий обидалардаги жилвакор нақшлар ўй-хаёлини буткул ўғирлаб қўйганди. Ҳавасу иштиёқ мактабдан сўнг уни Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ) га бошлаб келди. Бадиий графика йўналишида таҳсил олди. Ўша дамларда номдор саналган “Зардўз” фабрикасида бош рассом вазифасида ишлади. Истиқлол шарофати билан мустақил меҳнат қилиш имконияти юзага келгач, “Совға” зардўзлик мактаби фаолиятини йўлга қўйди. 1994 йилда Покистонда ўтказилган “Усталар иш устида” халқаро фестивалида биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Машаққатли меҳнати қадрланиб, вилоят ҳокимлиги томонидан унга кўҳна Бухоронинг қоқ марказидан яшаш ва ишлаш учун жой ажратилди. Зардўз “Ташаббус — 97” кўрик-танлови республика босқичи ғолиби бўлди.

Сирасини айтганда, зардўзлик кишидан катта иштиёқ, билим, изланиш, нозик дид, синчковлик, сабр-тоқатни талаб этади. Зардўз шеъриятга ҳам меҳр қўйган бўлмоғи даркор. Чунки Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фузулий, Жалолиддин Румий, Умар Хайём, Мирзо Бобур каби классик шоирларнинг асарлари халқ амалий санъати устаси учун битмас – туганмас илҳом манбаи саналади.

Бахшулла аканинг “Бухоройи Шариф”, “Қўштовус”, “Гултувак”, “Алишер Навоий”, “Баҳор”, “Амир Темур” каби йирик полотноли асарлари ана шу мутолаа натижаси десак хато қилмаймиз.

Дарвоқе, зардўзлик санъатининг Бахшулла ака ва унинг рафиқаси Муқаддас Жумаева ижодига мансуб жозибадор бу намуналари Испания, Мали, Тунис, Греция, Франция, Германия, Япония, Швецария каби дунёнинг ўттизга яқин давлатида уюштирилган халқаро кўргазмаларда намойиш этилган.

— Бухоро зардўзлиги неча минг йиллик тарихга эга, — дейди уста. — Унинг “зардўзи заминдўзи”, “зардўзи-гулдўзи”, “зардўзи-беришимдўзи” каби қадимий усуллари бор. Аждодларимиз таъбир жоиз бўлса, бу усулларни тишларининг кавагида асраб, келгуси авлодларга етказишган. Масалан, манбаларда айтилишича, 1920 йилга қадар Бухорода 300 – 350 нафар зардўз фаолият кўрсатган. Мустақиллик шарофати билан чашма қайта кўз очди. Асрий анъаналар қайта тикланди. Ҳозир ҳамкасбларимиз қўл меҳнатига асосланган бу ҳунарнинг ажойиб намуналарини яратишмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухорода халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилишининг йўлга қўйилиши оламшумул воқеа бўлди.

Дарвоқе, Бахшулла ака бу фестивални ўзига хос совға билан қарши олди. Бир туркум зардўзлик буюмлари тайёрлаш билан чекланмай, Бухоро зардўзлик санъати ҳақида китоб ёзди. Фестивалда бу китоб тақдимоти ўтказилди. Асар шу ҳунарга меҳр қўйган ёшларга асқатади, халқ амалий санъати ихлосманлари учун муҳим манба вазифасини ўтайди.

Айтмоқчи, Бахшулла ака хонадонига ҳунармандлар оиласи дея таъриф беришади.Турмуш ўртоғи ва фарзандларидан ташқари, синглиси, қариндош-уруғлари ҳам ҳунар этагидан тутишган. У ҳозиргача 500 нафардан зиёд шогирд тайёрлаган. Улар орасида хориж фуқаролари ҳам бор.

Дейлик, жорий йилда нодавлат ташкилотлардан бири кўмагида дунёнинг ўнта давлатидан бир гуруҳ зардўзлик санъати ихлосмандлари атайин келиб, ҳунар сир-асрорларини ўрганиб кетишди. Шу ўринда зардўзлик ва заргарлик фестивалида устанинг олтита давлатдан бўлган шогирдлари фаол иштирок этишганини ҳам таъкидламоқчимиз.

— Ҳазрат Алишер Навоий “Ҳунарни асрабон нетгумдир охир...”, деб бежиз лутф этмаганлар, — дейди қаҳрамонимиз. — Шогирдларим эришган ютуқлар ҳақида эшитганимда, уларнинг “Устоз” дея ҳурматимни жойига қўйишганини кўрганимда қушдай енгил тортаман. Шундай юртда яшаётганимга шукрона айтаман. Мен ҳунар инсон умрининг безагига айланишини ўз ҳаётим мисолида кўрдим.

Жорий йил ҳам уста учун қувончли воқеаларга бой кечаяпти. У Президентимиз Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ устаси унвонига сазовор бўлди. Қўқонда ўтган II Халқаро ҳунармандлар фестивалида 1-ўринга муносиб кўрилди.

...Бутун бошли зардўзлик мактабига асос солган Бахшулла Жумаевни одатдагидек, устахонасида учратасиз. Дониш Бухоронинг фидойи бу фарзанди кўз нури, қалб қўрини бериб халқ амалий санъати дурдоналарини яратишда давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер