Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» давлат дастури ҳақида

16:53 17 Март 2023 Дунё
601 0

Нашрда Ўзбекистон Президенти 1 март куни 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонни имзолагани маълум қилинган. «Ҳужжатга биноан, барча давлат органлари ва ташкилотларида аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш чора-тадбирлари белгиланди, дейилади мақолади. - Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 300 тага, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилади».

Муаллиф мамлакатда адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига жиноятларни тергов қилиш жараёнида «Хабеас корпус» институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси киритилишига эътибор қаратган. Нашрда, шунингдек, 2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм, шундан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилиши таъкидланган.

«Ҳужжатда 32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан етарли маблағлар жалб қилиш белгиланган, - деб ёзади муаллиф. - 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади».

Мақола интиҳосида таъкидланганидек, давлат дастурида аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бошқа изчил чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер