Ҳеч бир киши бефарқ қараб туришга ҳақли эмас

11:33 26 Сентябр 2024 Жамият
138 0

Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг Мурожаатида қайд этилган ҳар бир масала ортида инсон тақдири бор. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи камбағалликни қисқартириш бўйича ташаббуслар бошида турган бир пайтда жамиятда ҳеч бир киши бунга бефарқ қараб туришга ҳақли эмас. Айниқса, маҳалла фаоллари бу эзгу ишларни амалга оширишда масъулдир.

Мурожаатда “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда хонадонбай юриб, оила аъзоларининг биронтаси даромадли иш билан банд бўлмаган ёки оила боқувчиси ёлғиз бўлгани сабабли оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилаларнинг рўйхатини тузиш назарда тутилган. Аслида, ушбу белгиланган устувор вазифаларнинг ҳар бирида маҳалланинг бевосита иштироки бўлади. Чунки маҳалла аҳоли билан ишлашда масъул ва жавобгар ҳам. Қолаверса, одамларнинг яшаш шароитини маҳалла фаоллари жуда яхши билади. Ҳар бир бошланган иш кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага бой нуронийларимиз маслаҳати ва кўмаги асосида амалга оширилиши ҳам бор гап.

Жамиятимиздаги баъзи оилалар нега камбағаллик гирдобига тушиб қолган? Бунинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Қайсидир оилада йўл қўйилган биргина хато шу кўчага етаклаган. Тортинчоқлик ёки дейлик, журъатсизлик ҳам оиладаги моддиятни орқага тортади. Боқимандалик эса камбағалликка асосий доя. Аммо жамиятнинг бир кўмаги билан бир оила камбағаллик ботқоғидан қутулиб қолиши мумкин.

Тан олиш керак, кўп вақтлар бу масалага унчалик эътибор қилмадик. Камбағалликни ор билиб, уни бекитдик. Теварак-атрофдан ҳақиқий муҳитни яширдик, ўзибўларчиликка берилдик. Ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Ҳатто, камбағалликка тушиб қолган инсонга муносабатимиз ҳам ўзгаргани рост.

Токи давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан аҳолимизнинг муайян қисми ўртасида камбағаллик борлигини айтиб, мамлакатимизда бу муаммони ҳал этишга қарор қилинганини жаҳон ҳамжамиятига билдиргунича бу ҳақда бирор гап-сўз ёки ташаббус деярли кўринмади. Бугун эса камбағалликни қисқартириш масаласи Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ажралмас бир қисми сифатида илгари сурилмоқда.

Биз маҳалла фаолларининг асосий вазифаси — одамларни камбағалликка етакловчи унсурларга ғов бўлишдир. Бундай инсонлар бегона эмас, улар — ўз қадрдонларимиз. Шундай экан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳар томонлама – моддий, маънавий, руҳий елкадош бўлайлик. Камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракати атрофида бирлашайлик!

Чоршанби АЛИҚУЛОВ,

Бойсун туманидаги “Хўжабулғон” МФЙ раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер