Ҳаётимни газета-журналларсиз тасаввур қилолмайман! — шаҳар ҳокими

09:13 02 Февраль 2021 Жамият
782 0

Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов хонасидамиз. Куннинг энг долзарб муаммолари, уларнинг ечими хусусида суҳбатлашарканмиз, шаҳарнинг янги ҳокими соҳамиз билан боғлиқ илгари сураётган масалалардан бири алоҳида эътиборимизни тортди.

—Нега бугун газета ўқимай қўйдик, бунинг сабабини биласизми? —дейди у. Жавобини ҳам ўзи баён қила бошлади:

—Чунки интернет пайдо бўлди. У худди ўргимчак тўридек, онгу шууримизни ўраб олди. Айниқса, ёшлар унинг чангалига тез илинди. Энди бу ёғи масала... Ота-оналар ва биз каби раҳбарларнинг вазифаси ва масъулияти ошди. Чунки маънавий тарбияни бугун кучайтирмасак, эртага кеч бўлади. Китоб ўқиб, умумий саводхонликни ошириш, руҳиятимизни поклаш орқали бу жараёндаги муаммоларни бартараф этишимиз мумкин. Маънавий етуклик — бу бирдан бир тўғри йўл! Айниқса, газета журнал ҳамда бадиий китобларни узлуксиз ўқиш, ёшларда бунга рағбат уйғотиш, назорат қилиш, ўрнак бўлиш, бугунги раҳбарлар, ота-оналар, ўқитувчи ва мураббийларнинг бевосита вазифасидир.

Ҳаётимни газета-журналсиз тасаввур қилолмайман! Чунки ёшликдан шунга одатланганман. Ишга келган кунимнинг эртасигаёқ кунлик оммавий нашрларни суриштирдим. Афсус! Ҳокимиятда ҳеч ким обуна бўлмаган экан! Сабабини сўрасам: "Мажбурий обуна йўқ-ку!" — дейишди.

—Шундайми, унда ихтиёрий-чи? — деб, сўрадим улардан. Табиийки, ер чизишди. Биринчи бўлиб ўзим ташаббус кўрсатдим. Пластикка ойлик маош тушган куни оммаввий нашрлар учун 2021 йилга тўлиқ обуна расмийлаштирдим. Ҳамма ҳайрон. Ҳатто: "Наҳотки ҳоким газета ўқиса! Тайёр интернет турибди-ку!" — дея, бири-бирига пичирлашганлар ҳам бўлди. Уларга, эътибор қилмадим, эътирозсиз ҳам қолдирмадим. Саводхонлик бу — инсон маънавий дунёсининг гўзаллиги, у газета-журналлар ўқиш, тинимсиз китоб мутолаа қилишдан бошланишини эслатдим уларга.

Дарвоқей шундай. Олмалиқ шаҳар ҳокими бу ҳақиқатни теран англагани боис, вилоятдаги деярли барча ҳокимлар, корхона ва ташкилотлар, қишлоқ ва сув хўжалиги бирлашмалари, халқ таълими, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари 2021 йилги обуна мавсуми учун берган тавсияларимизга ўта совуққонлик билан муносабат билдирган бир пайтда, у, «Халқ сўзи», «Народное слово», «Правда Востока»,«Тошкент ҳақиқати», «Ташкентская правда», «Адабиёт зиёси», «Олмалиқ ҳақиқати», «Алмалыкский рабочий» каби оммавий нашрларга ҳамёнидан пул сарфлаб йиллик обуна расмийлаштирди.

Ҳокимдан олган обуна чипталарига кўз ташларканман, тўғриси, журналист бўла туриб, бунчалик нашрларга обуна бўлолмаганим туфайли, ўзимдан уялиб кетдим.

Қобил Ҳамдамов ҳокимлик тизимига ҳарбий соҳадан кириб келгани боис, ишда қатъий тартиб-интизомни талаб қилади. Хонасида ўқиб улгурмаган оммавий нашрларни, уйида мутоалаа қилади. Эрталаб яна ўзи билан олиб келиб, саҳифалардаги муҳим сатрларни рангли қаламда белгилаб, эътиборга олади. Иш вақтини якунлаб, уйга қайтаркан, кроссворд саҳифали газеталарни олиб, оила даврасида кечки тановулдан сўнг, фарзандлари билимини синаб кўради. Хуллас, раҳбар сифатида ҳам, оила бошлиғи сифатида ҳам ҳаммасига вақт топади.

Ҳокимлик ходимлари, корхона ва ташкилот раҳбарлар эътиборига яна бир хайрли ташаббусни илгари сурди. У Олмалиқни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳит мусаффолигини барқарорлаштириш ниятида шаҳар кўчалари, хиёбонлар, йўлакларга миллион туп турли хил гуллар ўтқазиш, дарахтлар экиш учун имконият қидиряпти. Унинг таъкидлашича, мавжуд хиёбон ва кўчаларда майсазор ва дарахтларни суғориш тизими тўлиқ қайтадан таъмирланади. Аҳоли билан гавжум жойларга, сайлгоҳларга замонавий фавворалар ўрнатилади. Худо хоҳласа, тез орада Олмалиқ кўркам ва обод масканга айланади.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер