Ҳаёт, бу – вақт машинаси
Фото: Халқ сўзи
«Мен эрта болалигимданоқ баъзи юмушларни қандайдир бошқача тарзда бажариш мумкинлиги ҳақида кўп бош қотирардим», деган эди XX асрнинг буюк муҳандисларидан бири, ишлаб чиқаришда оқим-конвейер йўлини жорий этган, АҚШ автомобиль саноатининг «отаси», миллиардер Ҳенри Форд. Шу сабаб 12 ёшли болакайга ҳар куни эрталаб айланма зинадан сув тўла челакларни кўтариб келиш ёқмас, оғир меҳнат ўрнига еростидан сув қувурлари ўтказиш мумкинлиги ҳақида хаёл қиларди. Унинг кичик ихтиролари 12 ёшга тўлган кунида отаси совға қилган чўнтак соатидан бошланди. Соатни очди ва кўз ўнгида ажабтовур мўъжиза пайдо бўлди. Механизм қисмлари бир-бирини ҳаракатга келтирар, битта жажжи ғилдирак бошқасини ишга туширар, ҳар бир мурватча муҳим вазифа бажарарди. Соатни қисмларга бўлган, сўнг қайта йиғиб чиққан бола узоқ вақт ўйланиб қолди: ушбу механизмни катталаштирса бўлмайдими? Ўша саволга умри давомида жавоб излади ва топди, натижада у машина яратди, машинасозлик саноатига асос солди.
Болалигида велосипед, автомобилларни ҳайдаб кўришдан ҳам кўра, уни бўлакларга ажратиб, яна қайта йиғишга ишқибоз бўлган Абдуманнон Муҳаммеджонов ҳам Ҳенрининг ўзбекистонлик издошларидан. Ҳозирда у «Навоийуран» давлат корхонаси «Зафаробод» кон бошқармаси транспорт бўлими бошлиғи. «Болаликдаги орзуларимга етдим. Фаолиятим давомида минмаганим бир самолёт қолди», дейди у кулиб.
— Биз Тожикистонда яшардик. Ўғлим 2 ёшга тўлар-тўлмай турмуш ўртоғим автоҳалокатда вафот этди. Ҳайдовчи эди. Сўнг Навоийга қайтишга мажбур бўлдик. Баъзан унга ўйинчоқ олиб беришга имконим бўлмасди. Лекин нечта машина ўйинчоғи бўлса, ҳаммасини авайлаб, бузмасдан ўйнарди. Машинага ишқибозлик унга ота мерос, назаримда, — дея хотирлайди қаҳрамонимизнинг онаси Мавлуда опа.
Навоий шаҳридаги 7-мактабда илк таълимини бошлагач, ўйинчоқ машиналар ўрнини ҳақиқийларига бўлган қизиқиш эгаллаб олди. Фаол, аъло баҳоларга ўқувчи кичик Абдуманноннинг мактабдан ташқари машғулоти кўпинча велосипед ва машиналарни «операция» қилиш бўлган. Табиатан уятчан, камсуқум бола ҳаётидаги илк мўъжизаларни, ҳайратларни улардан олган. Бобоси билан узоқ суҳбатлар қурган.
— Абдуманнон ёшлигидан жуда тартибли, меҳнаткаш бўлиб ўсди. Мен кечалари билан цехда тикувчилик қилардим. Асосан бобо-бувисининг қарамоғида бўлди. Бувисининг вафотидан сўнг эса дадамга қаттиқ боғланиб қолди. Ҳар куни кийимларини ўзи ювиб кийдирар, уй ишларига ҳам улгурар эди. Абдуманнон жуда эрта масъулиятни ўз бўйнига олди. Бу хислати ўқишида ҳам, иш фаолияти, оиласига муносабатида ҳам яққол сезилиб туради. Бир куни 5-синфда ўқир эди, кўпинча ишдан кеч қайтардим, овқат тайёрлашга улгурмасдим. Уйга боришимга ош дамлаб қўйибди. Оиласига, одамларга жуда меҳрибон, — дейди ҳаётини ёлғиз ўғлига бағишлаган она Мавлуда Муҳаммеджонова.
— Бобом — Шарифжон Маҳмудов — устозим, дўстим, отам эди. Ҳаётимдаги энг оғир кун уларни йўқотган куним бўлган, — дейди Абдуманнон Муҳаммеджонов. — Ҳозиргача у инсоннинг дўстона маслаҳатлари, ўгитлари, меҳри етишмайди.
Бобо!
Сиз – бунда,
Мен – унда,
Икки танҳо дил,
Бир умр тўлмасми меҳрнинг ғори?
Билмайсиз, мўртлашган суягингиздек,
Тўрт фасл зирқираб юрагим оғрир... (Ж.Жондор)
Қаҳрамонимиз ҳаёт фалсафасини оилада, илмда кўради. У учун оиладан муқаддас қадрият, илмдан буюк мақсад, нажот йўқ.
— Замон ривожланяпти, янги техника, технологиялар жорий қилиняпти. Ҳар куни ўз устингизда ишламасангиз, ўқиб-ўрганмасангиз, замон сизни кутиб турмайди, — дейди у. — Сира эсимдан чиқмайди, янги иш бошлаган пайтим, ҳали ярим тиркама машина ҳайдамаганман. Декабрь ойи, совуқ, йўллар музлама. Рулга ўтирдиму, оёқ-қўлим қалтираяпти, юк олиб келишим керак. Ёнимдаги ҳамроҳим — йўлбошловчига сездирмасликка ҳаракат қиляпман. Бир амаллаб етиб бордиму, дарвозадан ичкари киргизолмайман. Ҳар йўлини қилиб кўрдим ҳам эплай олмадим. Анча вақт ўтди. Охир-оқибат бир ҳайдовчига илтимос қилиб, юкни юклаб чиқиб олганман. Ўша пайтдаги билмай қолганим — ҳаётимдаги энг катта сабоқ бўлган. Ўзимга ўзим айтганман: «Абдуманнон, бунақаси кетмайди, ўз касбингни ипидан-игнасигача пухта ўрганасан!» ва бир ҳафталик машқлардан сўнг баҳайбат машинани йўриғимга юргиза олганман. Шу сабаб тушкунликка тушиб, аросатда турган шогирдларимга ҳам такрорлашдан чарчамайман: «Бугун ўхшамадими, эплолмадингми? Эртага албатта ўрганасан. Фақат ўз устингда тинимсиз ишла!»
Бу марраларга чиқишда устозларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлаган Абдуманнон Муҳаммеджонов уларни номма-ном санай кетди: Орзу Норматов, Ғани Арслонов, Турсун Таматов... Устозларнинг этагидан маҳкам тутган қаҳрамонимиз ҳам бугун устозлик мақомига етган. Шогирдлари кўп, ҳаммаси транспорт соҳасида, бири темирйўл, бири автомобиль, яна бири самолётда бўлиб, шу Ватан равнақи, инсонлар манфаати йўлида хизмат қилмоқда.
— 2000 йилдан бери Абдуманнон ака билан бирга ишлаймиз, — дейди автомобилларни таъмирловчи механик Одил Мирзаев. — Таниганимдан буён устозлик қилади, тўғри йўл кўрсатади. Шогирдларига нисбатан қаттиққўл, талабчан, босиқлик билан тушунтиради. Ўзи ҳам дунёқараши кенг, билимли, маданиятли инсон.
— Туғилганимдан темир-терсакнинг ичидаман. Мактабни битиргач, соҳадаги илк фаолиятимни «Турон» акционерлик жамиятида авточилангарликдан бошладим, сўнг Навоий Политехника институти (ҳозирги Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети)да технология машинасозлик йўналишида таҳсил олдим. 1998 йилдан ҳозиргача Навоий кон металлургия комбинатида турли лавозимларда ишлаб келяпман. Техника — ҳаётим мазмунига айланган, танлаган касбимдан афсусланмайман. Ҳамма ишнинг ҳам оғир-енгили бўлади, касбимни севганим учунми, менга негадир ҳеч машаққати сезилмайди, — дейди қаҳрамонимиз.
Унинг оиладан ҳам иқболи кулган. Нилуфар Муҳаммеджонова билан турмуш қуришгач бир ой ўтиб, иш фаолиятида яхши ўзгаришлар бўлганини кулиб эслади: «Рафиқамнинг қадами қутлуғ келган». Абдуманнон Муҳаммеджонов болаликдаги орзуси — Навоий кон металлургия комбинатида иш бошлаган. Ҳозирда рафиқаси ҳам шу даргоҳда хўжалик бўлимида фаолият юритади. Уч нафар фарзанди бор. Тўнғич қизи Рухшона ҳам ота изидан бориб, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини тамомлади. Ахборот технологиялари бўйича мутахассис. Камола эса Самарқанд тиббиёт билим юрти талабаси, кенжа ўғил Музаффаржон 18-мактаб ўқувчиси. Ҳаммаси илмнинг этагини ушлаган, тарбияли. Бу оилага кўпчиликнинг ҳаваси келади. Чиндан ибрат олгулик, ҳавас қилгулик қўрғон.
— Кўп вақтим ишда ўтади, баъзан шанба-якшанба кунлари ҳам ишдан ортолмаймиз. Лекин барибир оиламга вақт ажратишга, суҳбатлашиш, кўпроқ уларни тинглашга ҳаракат қиламан. Телевизор, интернетни ўчириб, бир кунни оила куни сифатида мароқли ўтказишга интиламиз, — дейди Абдуманнон Муҳаммеджонов.
— Дадам — менинг биринчи устозим, идеал ота. Кўпчилик муболағага йўйиши мумкин, лекин чиндан энг гўзал, бахтли хотираларим дадам билан боғлиқ. Бола бўлиб биз билан ўйинчоқларни ўйнарди, вақтим йўқ ёки ёш бола билан ўйнайманми, демаган. Қаерга борса, доимий ҳамроҳи эдим. Ҳар якшанба дадамнинг қўлидан палов ейиш оилавий анъанамизга айланган. Ҳозир ҳам якшанба келишини интиқ кутаман, — дейди қизи Рухшона.
Отасининг бағрикенглик, лидерлик, меҳнатсеварлик фазилатларига ҳавас қилиб, отасидек инсон бўлиш учун у ўқиган университетда бакалавр, ҳозирда магистратурада ўқийди. Навоий кон металлургия комбинатида иш тақсимловчи вазифасида ишлайди. Чиндан қиз эркак образини, тимсолини отада кўради. Рухшонанинг бахти ҳам шунда.
Спорт инсонни ҳам жисман, ҳам руҳан чиниқтиради, иродасини тоблайди дегувчи қаҳрамонимиз болалигида бокс, ҳозирда эса футбол ва сузиш билан мунтазам шуғулланиб келади. Ўғли Музаффаржоннинг баскетбол дарсларига шерик бўлади.
— Сўнгги икки-уч йил ичида фаолиятимизда сезиларли ўзгаришлар бўлди, — дейди қаҳрамонимиз. — 2017 йилдан транспорт бўлимига раҳбарлик қилаётган бўлсам, деярли эски техникалар, қийинчилиги кўп эди. Бугунги кунга келиб уларнинг 80-90 фоизи янгиланди, ёнилғи тежамкорлиги 4 бараваргача фарқ қилади. Албатта, техникаларнинг янгиланиши ўз-ўзидан билимларнинг янгиланишини ҳам талаб қилади. Агрегатлари бошқа, механикдан электрон бошқарувга ўтишда кўпроқ ўрганиш, соҳадаги янги билимларни ўзлаштириш керак. Шунинг учун айтаманки, бешикдан қабргача илм излаш – ҳар бир инсон, шу қатори менинг ҳам ҳаётдаги бош аъмолим. Шунингдек, бўлимдаги беш нафар ходим билан 6 та автобаза, 4 та технологик кондаги транспорт участкаларига методик ёрдам кўрсатиш, чора-тадбир тузиш, қисқача айтганда, олган билимларимизни бошқалар билан бўлишиш ҳам кишига завқ, куч бағишлайди.
Абдуманнон Муҳаммеджонов орзулари, мақсадлари ортидан бориб, бугун жамоада ва жамиятда обрў-эътибор қозонди. 2019 йили меҳнатлари қадрланиб, III даражали «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳаёт машинага ўхшайди, вақт машинасига. Тизгинни ўз қўлингга олмасанг, у сени бошқаради. Улкан машиналарнида, ҳаёт машинасинида тўғри йўлга, катта йўлга чиқариб олган қаҳрамонимизга янги манзиллар, янги марралар ёр бўлсин.
Севара АЛИЖОНОВА, журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг