«Ҳар бир дастурхонга хонбалиқ етказиб бермоқчимиз»

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Наманган табиати балиқ етиштириш учун жуда мос. Айниқса, Норин тумани балиқчиликда катта тажриба тўплаган. Гўштининг мазали ва тўйимлилиги жиҳатидан форель, халқ тили билан айтганда, хонбалиқ ноёб балиқлар турига киради. Унинг парвариши учун ўзига хос иқлим, унча баланд бўлмаган ҳароратдаги сув ва бошқа қатор шарт-шароитлар керак. Норин дарёсининг имкониятлари инобатга олиниб, яқинда ишлаб чиқилган режага мувофиқ 84 та тик қудуқда давлат-хусусий шериклик асосида интенсив усулда йилига 8 минг 500 тонна гўшт берадиган форель етиштириш режалаштирилган. Биринчилар қаторида Хўжақўрғонча маҳалласида хонбалиқни интенсив усулда етиштиришга киришилди.
— Форелни бекорга ноёб балиқлар қаторига қўшишмайди, — дейди хўжақўрғончалик Нурилло Маҳмудов. — Унинг гўшти қуввати юқори бўлган фойдали органик моддалар — фосфор, омега-3, омега-6 каби ёғ кислоталарига бой. Истеъмол қилинганда хотира сусайиши, қон-томир ва асаб касалликларининг олдини олади. Талаб юқори, ўз навбатида экспортга ҳам тортадиган балиқни ҳовлимда интенсив усулда парваришлаш орқали оилавий бизнесимни йўлга қўйишга қарор қилдим. Ҳар бир дастурхонга хонбалиқ етказиб бермоқчимиз.
Форелни парваришлаш усулларини обдон ўрганган тадбиркор ишни уйи томига 5 кВтли қуёш панели ўрнатишдан бошлади. Кейин тик қудуғига мотор ўрнатиб, «бочка» усулида ҳовуз қурди. Бошланишига ташланган 1100 та чавоқ балиқчаларга айланмоқда. Бизнес режага кўра, уч ойда ҳар бир балиқнинг оғирлиги бир килограмман ўтади, тўрт ойда 3,5 – 4,5 килограммгача вазн олади. Шу тариқа беш ойда 45 млн. сўмлик харажат сарфланиб, 80-90 млн. сўмдан кўпроқ даромад олиш кўзда тутилган. Соф фойда миқдори 40 миллион сўмдан ортади. Балиқнинг бу тури жуда нозик. Унга махсус озуқа Эрон, Туркия, Полшадан импорт қилиб олиб келинмоқда. Н.Маҳмудов эндиликда яна қўшимча иккита ҳовуз қуришни режалаштириб турибди.
— Сувимизнинг мазкур ноёб балиқ парваришига мослиги бизга жуда қўл келди, — дейди Хўжақўрғонча МФЙ раиси Шоҳиста Султонова. — Ишни олдингилар қаторида бошлаган Нурилло Маҳмудов, Саидғани Жалоловлардан ўрнак олиб, яна эллик нафар фуқаромиз ҳовлисида мўъжаз ҳавза қуриш ва хонбалиқ боқиш ҳаракатига тушган. Уларнинг бизнес лойиҳасини вилоят тижорат банклари молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Дарвоқе, туманда бундан ташқари бир нечта ҳовлида Африка лаққаси парваришини йўлга қўйиш ҳам мўлжалланган.
Нориндаги тажриба вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги оилавий тадбиркорларга ҳам маъқул тушди. Учқўрғон, Уйчи ва бошқа қатор туманларда хонбалиқ етиштириш билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар сони кўпайиб бормоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг