Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо...

16:26 27 Январь 2025 Жамият
176 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Ҳеч кимнинг тақдири азалига камбағаллик қисмати битилмайди. Бинобарин сендан ҳаракат мендан барокат, деган ҳикматда ҳам ҳар бир инсонни ўз ҳаётини гўзаллаштириш, турмушини фаровон қилишга даъват мужассам. Албатта, бунда жамиятнинг камбағалликка муносабати, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган фуқароларни ижтимоий-иқтисодий тангликдан олиб чиқишга бўлган рағбати ҳам алоҳида ўринга эга.

Шу жиҳатдан сўнгги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш Юртбошимиз томонидан миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатида танланиб, турли ижтимоий тадбирлари билан бир қаторда жамиятда ўзи истаса-да фаровон яшашини таъминлай олмайдиган кишиларга кўмаклашиш зарурлиги кечиктириб бўлмас вазифа сифатида белгиланди. Зотан, жамиятда камбағаллик муаммоси мавжуд экан, давлатнинг стратегик мақсадларга эришиши мушкуллигича қолаверади. Боиси камбағаллик мамлакатда бюджет тақчиллиги, таълим ва тиббий хизмат сифати пастлиги, жамиятда боқимандалик кайфиятининг ортиши билан асоратлидир.

Бошқа ҳудудларни билмадику Навоий шаҳри ва Кармана туманида кўпчилик кишилар камбағалликдан чиқишнинг ягона йўли “Қизилқумцемент”, “НКМК”, “Навоий азот” АЖлари каби йирик саноат корхоналарига ишга жойлашишда деб ўйлашади. Тўғри, иқтисодий жиҳатдан барқарор ушбу ишлаб чиқариш қувватларида иш ҳақи юқори, кучли ижтимоий ҳимоя йўлга қўйилган. Бироқ мазкур корхоналарда ҳам иш ўринлари чегараланган. Бўш иш ўрни бўлса ҳам касб-ҳунарга эга, малакали мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. Шунга эга бўлмаганларни ўз ўқув марказларида ўқитиб, “қўлини тўғрилайди”.

Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз Навоий шаҳрилик Шарофат Обидова (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳам Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)га ёзган мурожаатида фарзандини мазкур корхоналардан бирига ишга жойлаштириш учун кўп сарсон бўлганлиги, бирор натижага эриша олмагач, ўғли ва келини Россияга ишга кетганлигини баён этади. У ўз мурожаатида фарзандлари Россияда “Яндекс” етказиб бериш хизматида ишлаб юрган пайтида қамалгани, ўзининг эса иши юришмай бугун оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолгани, моддий ёрдам сўраб берган аризасига МФЙ томонидан рад жавоб олганлигини таъкидлаган.

Мазкур аризани атрофлича ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 14 январь куни Республика Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев бошчилигида Навоий шаҳри ҳокими ўринбосари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгаши депутатлари, Навоий шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари ҳамда маҳалла еттилиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, Шарофат Обидованинг хонадонида бўлдик.

Навоий шаҳридаги Ҳаёт МФЙ “маҳалла еттилиги”нинг ижтимоий ходими Мадина Маматова ушбу хонадонда рўйхатдан ўтган бегона шахс ва унинг номида автомашина борлиги, оила аъзоларига даромад тақсимоти белгиланган мезондан юқорилиги сабабли рад этилганини хизмат планшетидан кўрсатди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, моддий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилишида инсон омили деярли чекланган бўлиб, Мадина Маматова астойдил истаган тақдирда ҳам ёрдам кўрсатиш ёки кўрсатмаслигининг имконияти чегараланган. Муаммони юзага чиқариб, газак олдирган омил эса шундаки, хонадонда рўйхатдан ўтган автомашинали шахснинг Ш. Обидова кенжа фарзандига қишки кийим учун моддий ёрдам олишига монелик қилган.

Табиийки, Ш. Обидова хонадонида рўйхатдан ўтган шахсни мутлақо танимаслигини билдириб, оиласига ундан бир сўм даромад келмаётганлигини баён этди.

Масала Республика Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Навоий шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази назоратида ўрганилиб, бегона шахс Ш. Обидованинг хонадони рўйхатидан чиқарилди. Орадан бир кун ўтиб, 15 январь куни фуқаронинг аризаси қайта киритилганида “ижтимоий ходим кузатуви ва скоринг натижаларига кўра фуқаро бирламчи эҳтиёжларни қоплаш учун муҳтож, деб топилди”. Шу асосда Ш. Обидовага “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Кийим-кечак ва зарурий товарлар” учун 1 миллион саккиз юз минг сўм ажратиш тавсия этилди.

Мавзуга шу ерда нуқта қўйсак. Бироқ оддийгина шу муаммо нега сансоларлик, фуқаронинг тизимдан норозилигини келтириб чиқарди, деган саволлар жавобсиз қолиб кетаётганлиги сабаб, ўз мулоҳазаларимизни давом эттирамиз.

Гап шундаки, фуқаро мурожаатига “маҳалла еттилиги”нинг ижтимоий ходими юзаки ёндашиб, рад жавобнинг сабабларини мурожаатчига тушунтирмаган. Шундай бўлганида мурожаатчининг ўзи ҳам бегона шахсни хонадони рўйхатидан чиқариб, муаммони бартараф этган бўлар, турли норозилик ва эътирозларга ўрин қолмасди.

Кези келганда таъкидлаш жоиз, Ш. Обидова мазкур ёрдам билан оғир ижтимоий аҳволдан тўлиқ чиқиб кета олмайди. Қолаверса, ўзаро мулоқотдан фуқаро нимадандир ийманиб, асл муддаони юзага чиқара олмаётганлиги ҳам аён бўлди. Яъни хорижда қамоққа тушиб қолган фарзандлари жанггоҳларга жалб этилиши эҳтимолидан хавотирда эканлигини баён этиб, уларни юртимизга қайтаришда амалий ёрдам сўради.

Мазкур масала махсус идоралар ваколатида бўлиб, табиийки фуқарога ушбу ҳолат бўйича тушунтириш берилди. Биз асосий мавзумиз камбағаллик ва оғир ижтимоий аҳвол ҳамда ундан чиқиш омиллари хусусида мақоламиз аввалидаги фикрларимизга қайтсак.

Аввалбошданоқ таъкидлаш жоиз, чўкаётган кишининг ўзи ҳам ҳаракат қилмаса, қутқарувчини ҳам сув остига тортиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Шунга “Baraka non Navoiy” МЧЖ раҳбари Шаҳноза Каримованинг тақдири мисол сифатида келтириш мумкин.

— Ўн йил аввал мен тадбиркорликни бошлаганимда оиламиз билан ижарада яшардик, — дейди Ш. Каримова. — Икки нафар фарзандим ёш, хўжайиним ҳам ишсиз эди. Тирикчилик учун ҳар куни беш-олти килограмм ундан хамир қориб, нон пиширар, кечга яқин уйма-уй сотиб, пулига яна ун олардик

Шу тариқа икки йил ўтди. Пулимиз бироз кўпайгач, турли пишириқлар, чучвара тайёрлаш, дўконларга топширишни йўлга қўйдик. Бизнесимиз эса кенгаяверди.

Бугун корхонамизда ҳар куни олти тонна ундан 360 турдаги маҳсулот тайёрлаб бозорга чиқарамиз. Навбаҳор туманининг ўзида 200 нафар аёлни иш билан таъминлаганман. Бугун Тошкентнинг ўзида иккита уйимиз, иккита энг замонавий машинамиз бор. Турмуш ташвишлари билан бўлиб ўқий олмай қолдим, деб ўксинардим. Мана энди қирқ ёшга кириб жорий йил қўлимга олий маълумотлилик дипломини оламан.

Чинданам камбағаллик ва фаровонлик ораси бир қадам. Ўша қадамни босиш учун киши ўзида журъат ва қаноат топиши керак. Ҳаётнинг эса турли синовлари борки, уларга таъриф бераркан адиб, “Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир“, дея ёзган эди. Албатта, бахтлиларга қўшилиш учун ҳаракат керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?