Ҳаммаси бир ҳовуч сувдек...(суд ҳукмидан кейинги ўйлар)

Инсон жамиятда ўз ўрнини топиб кетиши учун йиллаб вақт керак. Бу орада у ўз устида ишлаши, билим олиши, тажриба тўплаши, атрофдагиларнинг эътирофига сазовор бўлиши лозим. Шундагина унга ишонч билдирилади, масъулият ҳисси оширилади, юқори мансаб ўринлари тавсия этилади. Энг ёмони шундаки, ана шу мансаб ваколати берилгач, аксарият мутасаддилар суистеъмолликни касб қилиб оладилар. Ваколатидан ўз манфаати йўлида фойдаланишни бошлайдилар. Шу тариқа битмаган ишини битказади, ўзгаларнинг «оғирини енгил қилиб бериш» мақсадида таъмагирлик қилади. Қарабсизки, пора аталмиш иллат юзага келади. Коррупция номи билан аталувчи "денгиз" мавжлана бошлайди. Шундагина мансаб эгасининг йиллар давомида қилган саъй-ҳаракатларидан мақсади аён бўлади. Кўза эса кунда эмас, кунида синади. Ўшал кун у ҳамма йиққан обрў-эътиборини сариқ чақага алмашади. Обрў-эътибор эса бир ҳовуч сувдек. Кафтингизни очсангиз ҳисоб, ҳаммаси тўкилиб кетади...
Шуҳратбек Хайруллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам Андижон вилояти транспорт бошқармасида бўлим бошлиғи вазифасида иш бошлагунига қадар ўзига хос жараёнларни босиб ўтган. Соҳадаги босқичларга тетапоялик билан қадам босиб, илдамлик ила юқорилаган. Бунинг учун, табиийки, изланган, ўрганган, ишончни оқлаган. У ҳали кўп ижобий натижаларга эришиши мумкин эди, агар пора аталмиш иллатга дили кетмаганида…
Ўша куни фуқаро Анваржон Холматов бошқарувидаги автомашинасида ҳеч қандай расмий рухсатномасиз аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиш билан банд эди. Кутилмаганда мутасадди идоралар вакиллари томонидан ўтказилаётган назорат тадбири жараёнида унинг бу хатти-ҳаракатига чек қўйилди. Бошқарувидаги машина жарима майдончасига олиб кирилди. Анваржоннинг боши қотди. Энди нима қилса бўлади? Машина маълум вақт жарима майдонида қолиб кетадиган бўлса, тирикчиликдан қолади. Аксига олиб жарима миқдори ҳам катта экан. Аслида лицензия олганида шунча ғалва йўқ эди.
Унинг хаёлидан шу ўйлар ўтар экан, юзага келган вазиятни енгиллаштириш чорасини излай бошлади. Бу ўйлар уни Шуҳратбек Хайруллаев сари чорлади.
Шуҳратбекка аслида бўлим бошлиғи сифатида ходимлар вазифасини белгилаш, бажариладиган ишларни назорат қилиш, ўз ваколатлари доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, прокуратура, ДСИ, ЙҲҲБ билан ҳамкорликда иш олиб бориш, бўлим ходимлари томонидан расмийлаштирилган баённомалар ва далолатномаларнинг сони, сифати ҳамда натижаларини таҳлил қилиш, ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш, тўпланган ҳужжатларни маъмурий судга жўнатилишини таъминлаш каби вазифалар юклатилган. Кўриниб турибдики, демак, у қонуний меъёрларга қатъий амал қилиши шарт бўлган мутасаддилардан бири. Шундай бўлгани ҳолда унинг ўзи ҳуқуқбузарлик содир этишини қандай баҳолаш мумкин? Хуллас, ўша куни у Анваржон Холматовга 1 миллион сўм пул эвазига машинасини жарима майдонидан олиб чиқиб бериш ва тузилган баённомани йўқ қилиб беришни ваъда қилди. Сўралган пулни олаётган пайтида ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди.
— Судланувчининг бу хатти-ҳаракати суд томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва унга нисбатан амалдаги тартибларга биноан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган, — дейди Андижон вилоят судининг судьяси Улуғбек Каримов. — Шундан сўнг судланувчининг аппеляция шикоятига кўра унинг хатти-ҳаракталари жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида кўриб чиқилди ва унга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Шундай қилиб уч нафар фарзанднинг отаси йиллар давомида эришган ютуқларини бой берди. Унга билдирилган ишонч ўзини оқламади. Жазо муддати эса содир этган хатосидан тўғри хулоса чиқариб, ақлу ҳушини йиғиб олишига имкон беради, деган умиддамиз.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг