Ғузор бегининг уйини ким эгаллаб олган? (Аччиқ, аммо очиқ гап)

11:54 11 Октябр 2024 Маданият
365 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Манбаларда қайд этилишича, XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида Ғузор беклиги Бухоро амирлиги тасарруфидаги энг ривожланган маъмурий бирликлардан бири бўлган.

Бу даврда Ғузор беклари томонидан ҳудудда катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Уларнинг бир қисми собиқ тузум даврида вайрон этилиб, йўқ қилиб юборилган. Қолганлари мустақилликдан сўнг маданий мерос объекти сифатида қайд этилиб, давлат муҳофазасига олинган. Шунга қарамай, бу архитектура ёдгорликлари эътиборсизлик, ўз ҳолига ташлаб қўйилиши оқибатида бугун ниҳоятда ачинарли аҳволга келиб қолган.

«Бобомдан қолган мерос»

Ғузор беклигининг асосий қўрғони Ғузордарё соҳилидаги тепаликда жойлашган. Бу ерда бекнинг яшаш жойи, бошқарув идораси ва бошқа турли зарур муассасалар бинолари бўлган. Ҳозир бу тепалик ва иморатлардан харобалар қолган холос.

ХИХ асрнинг иккинчи ярмида Ғузор беги (Абдумалик тўра) томонидан қўрғондан бироз қуйида ёзги чорбоғ ва унинг ёнида уй барпо этилган. Манбаларда қайд этилишича, бу ер ўз вақтида жуда кўркам манзил бўлган. Чорбоғга Ҳиндистондан манзарали дарахт кўчатлари келтириб экилган. Уй ёнидаги мармар қопланган ҳовуз доимо кўм-кўк сув билан тўлиб турган.

Шу ерлик кексаларнинг айтишича, асосий қўрғондан ёзги чорбоғга олиб келадиган ер ости йўли ҳам бўлган. Катта эҳтимол, бу йўл ҳали ҳам бор. Фақат унинг кириш қисмларига тупроқ тўлиб ёпилиб қолган.

Бекнинг уйи архитектура жиҳатдан катта тарихий қийматга эга. Унда айниқса, ўймакорлик ва ганч санъатининг мураккаб ва ноёб усулларидан фойдаланилгани эътиборга молик. Шунга кўра, ушбу обида архитектура ёдгорликлари рўйхатига киритилиб, давлат муҳофазасига олинган. Лекин бино эътиборсиз, қаровсиз қолдирилган. Натижада бир оила бу обидани ҳеч қандай ҳужжатсиз «Бу уй бобомдан қолган мерос» деган иддао билан эгаллаб олган. Энди на туман ҳокимлиги, на Қашқадарё вилоят маданий мерос бошқармаси масъуллари ушбу оила аъзоларини тарихий ёдгорликдан кўчириб чиқаришнинг имконини қила олмаяпти.

Биз ҳолатга вилоят маданий мерос бошқармаси раҳбари Обиджон Ҳамидовдан изоҳ сўрадик.

– Тўғри, бу ерда анча вақтдан буён бир аёл фарзандлари билан яшаб келмоқда, – дейди у. – Биз уларга бу ер тарихий обида эканлигини тушунтиришга, кўчириб чиқаришга кўп уриндик. «Ёш болаларим билан кўчага ҳайдаб чиқаряпти, уйсиз қоляпман», деб дод солади. Аммо барибир чорасини топиб, бир муросага келамиз.

Шу ердаги тарихий боғ ҳам қарийб 10 йилдан буён турли ташкилотлар, тадбиркорлар ўртасида талашда. Натижада бир пайтлар шаҳарнинг кўрки бўлган бу боғ аста-секин ўз тароватини йўқотиб, оддий ташландиқ манзилга айланиб бормоқда.

Тўкилиб бораётган обихона

Ғузор шаҳрининг Хўжагузар маҳалласи ҳудудидаги йўл бўйида гавжум савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган. Уларнинг қаторида ҳудуддаги тадбиркорлардан бири анча йилдан буён омборхона, дўкон сифатида фойдаланиб келаётган яна бир бино бор. Усти гумбаз шаклида ёпилган ушбу бино ва унинг ёнидаги минорани кўрган киши дарҳол бу икки бинонинг тарихий обида эканлигини англайди.

Манбаларда келтирилишича, Бухоро амири Амир Шоҳмурод ўз вақтида Ғузор беклигида масжид ва мадраса қурдирган. Тахминларга кўра, амир қурдирган масжид худди шу ҳудудда бўлган ва мазкур обихона (таҳорат олинадиган жой) ва азон минораси ҳам унинг ёнида барпо этилган.

Мустақилликдан сўнг ҳар икки обида давлат муҳофазасига олинган. Бироқ бу уларни талафотларсиз сақлаш, келажак авлодларгача етказиб бериш кафолатини бермайди. Чунки ҳар икки обида таъмирга, қаровга, назоратга муҳтож.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 11 ноябрдаги "2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарорида мазкур меъморий мажмуанинг 2014 йил сентябрь ойига қадар таъмирланиши кўзда тутилган бўлиб, бу борадаги ишлар давлат бюджети маблағлари асосида молиялаштирилиши белгиланган эди. Аммо режадаги ишлар қоғозда қолиб кетди. Шу хусусда туман ёки вилоят ҳокимининг эмас, республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, махсус дастурлар тузиб чиқилган, ҳатто қаердан қанча маблағ ажратилиши, ким масъул эканлигига қадар белгилаб берилган бўлса-да, унинг ижроси таъминланмади.

Айни пайтда обихона вилоят маданий мерос бошқармаси масъуллари томонидан ҳудуддаги тадбиркорлардан бирига савдо дўкони сифатида фойдаланиш учун бериб юборилган. Тарихий минорани ҳам қўшни хонадонларнинг қурилишлари ҳар томондан қуршаб олмоқда...

Аросатдаги «Авғонбоғ»

Обихона ва минорадан ўтиб, бироз жануб томонга юрсангиз, йўл бўйидаги икки қаватли яна бир тарихий обидага дуч келасиз. Аҳоли «Авғонбоғ» мадрасаси деб атайдиган бу бино ҳам Ғузор беклигининг сўнгги йилларида, аниқроғи, 1913 йилда барпо этилган.

Мадрасанинг биринчи қават саҳни атрофида тўртбурчак шаклда 24 та ҳужра жойлашган бўлиб, иккинчи қаватга чиқиш учун зинапоялар бор. Иккинчи қаватда 7 ҳужра жойлашган. Ҳар бир ҳужра тепасида алоҳида анъанавий паст гумбазлар бор.

«Авғонбоғ» мадрасаси ҳам давлат муҳофазасига олинган. Ҳукуматнинг 2013 йил 1 ноябрдаги тегишли қарори (айни пайтда кучини йўқотган)га асосан мазкур мадрасасини ҳам реставрация қилиш режалаштирилган. Бунинг учун турли манбалар ҳисобидан 100 минг доллар эквивалентида маблағ сарфлаш кўзда тутилган эди. Бироқ бу ишлар амалга ошмаган, натижада кўп йиллар давомида ушбу обида ҳам чиқиндихонага айланиб қолган эди.

Бу йил туманнинг Батош маҳалласида яшовчи Нодир Самадов мадраса биносини ҳамкорлик шартномаси асосида вақтинча фойдаланиш учун олиб, бу ерда келин-куёлар айланиб, турли фотосессиялар уюштириши учун шарт-шароит ҳозирлабди.

– Ўтган вақт давомида бино ва унинг атрофини чиқиндилардан тозалаб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, турли тарихий буюмлар ёрдамида ўзгача декорация яратдим, – дейди у. – Ҳозир кўплаб келин-куёвлар тўйи куни бу ерга айлангани келади. Шогирдларим билан биргаликда уларга тарихий декорациялар уйғунлигида турли фотосессиялар, видеороликлар тайёрлаб бермоқдамиз. Бугун ҳудудимиздаги ёшлар орасида тарихий услубдаги фотоларга қизиқиш янада ортиб, мижозларимиз сони ортиб бормоқда.

Албатта, тарихий ёдгорликдаги ҳозирги озодалик, саришталик ҳам киши кўнглини хушнуд этади. Лекин барибир бу бинони сақлаб қолиш, келажак авлодларга-да бус-бутун етказиб бериш учун уни белгиланган талаблар асосида реставрация қилиш зарур. Боиси бинонинг айни вақтдаги ҳолатини кўрган киши унинг таъмирга эҳтиёжи юқорилигини дарҳол ҳис этади.

Мухтасар айтганда, ким учундир бу биноларни белгиланган талаблар асосида сақлаш, таъмирлаш ортиқча муаммо, харажат манбаи сифатида қараши мумкин. Аммо уларнинг тарихий қийматини билганлар учун бу катта бойлик.

Тасаввур қилинг, биз санаб ўтган обидаларнинг барчаси бир жойда – туманнинг Хўжагузар маҳалласи ҳудудида жойлашган. Бу ҳудудда худди шундай яна қатор тарихий обидалар, манзиллар бор. Уларни таъмирлаш, сайёҳлар учун керакли шарт-шароитларни ташкил этиш орқали шаҳарнинг тарихий қиёфасини яратиш, жуда катта туристик мажмуа ҳосил қилиш мумкин. Бу ҳудудга ҳар йили минглаб сайёҳлар ташрифи, даромад манбаи деганидир. Фақат бунинг учун кимдир бош қотириши, шунга ҳаракат қилиши зарур. Айни пайтда туман масъулларини бундай режалар қийнамаётгани ажабланарли.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?