Гулистонда мамлакатимизда илк «Тиббиёт кластери» ташкил қилинади. Лойиҳа ишлари бошланди
Гулистон шаҳрида бунёд этиладиган «Тиббиёт кластери» нинг лойиҳа ишлари бошланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Президентимиз ташаббуси ва топшириғи асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра, биринчи босқичда 9 та тиббиёт маскани, яъни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази,кардиология, эндокринология диспансерлари, кўз касалликлари шифохонаси, диагностика маркази, қон қуйиш станцияси, суд - тиббий экспертиза бюроси, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали битта ягона бошқарув асосида - «Гулистон тиббиёт» кластери негизида фаолият кўрсата бошлайди. Кластер мажмуаси вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ўрнида янги, замонавий лойиҳа асосида қурилади. Иккинчи босқичда эса вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят онкология ҳамда вилоят дерматовенеролог -косметология диспансерлари ушбу кластер таркибига киритилади.
Куни кеча Қурилиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, «Ўзтиблойиҳа» МЧЖ, Сирдарё вилояти архитектура бошқармаси, «Ягона буюртмачи» инжиниринг компанияси вилоят бўлими мутасадди раҳбарлари ва ходимлари ҳамда Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаларининг умумий иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарларидан иборат лойиҳачилар гуруҳи тажриба-синов лойиҳаси асосида «Гулистон тиббиёт» кластерига айлантирилиши кўзда тутилган вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Гулистон тиббиёт олийгоҳига айлантирилиши кўзда тутилган Гулистон тиббиёт коллежларида бўлишди. Айни чоғда мавжуд бўлган бино ва иншоотлар кўздан кечирилди ва мавжуд имкониятлар ўрганилди. Шу билан бирга янгитдан барпо этилиши кутилаётган «Гулистон тиббиёт» кластери биноси лойиҳаси муҳокама қилинди.
-Лойиҳага кўра, қуриладиган бино 6 қаватдан иборат бўлиб 580 ўринга мўлжалланади. Бунда барча бўлимлар, диагностика ва лаборатория текширувлари марказлашиб, битта бино ичида жойлашади.Бошқарув тизими такомиллашиб, штат бирликлар мақбуллаштирилади. Натижада маблағ ҳам иқтисод қилинади. Янгитдан очилаётган тиббиёт олийгоҳи туфайли кадрларга бўлган эҳтиёж вилоятнинг ўзида қопланади.Давлат-хусусий шерикчилик ва аутсорсинг усулида иш юритилиб, тиббий суғурта тизимини жорий этиш учун замин яратилади,-дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев.
Қолаверса, соҳада инновация ва биотехнологияни ривожлантириш учун кенг йўл очилади. Яна тиббий ёрдамни ташкил этишнинг учинчи даражали модели яратилиб, эндоваскуляр хирургия, кардиохирургия, юқори технологик даволаш усуллари, трансплантация хизматлари ҳам йўлга қўйилади.Консультация хизмати соддалаштирилиб, текшириш, даволаш, диспансер назоратига олиш ҳамда реабилитация қилиш сифати ошади. Тиббиёт хизматини рақамлаштириш орқали аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатилади.Шифокорларга Сирдарёнинг ўзида ишдан ажралмаган холда илмий-амалий малака ошириб бориш имконияти яратилади.Энг муҳими, аҳоли учун марказлашган, замонавий ва сифатли тиббий хизмат шароити пайдо бўлади.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг