Гулчеҳра опанинг чемпион ўғли

16:29 12 Август 2024 Жамият
227 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Катта Фарғона канали бўйида жойлашган Булоқбоши қишлоғининг Янги замон кўчасида жойлашган 27-хонадон бир ойдан бери меҳмонлар билан гавжум. Ўтган қисқа даврда ушбу оилани нафақат Риштон, балки Фарғона бўйлаб минглаб ҳамюртлар таниди.

Шу хонадонда туғилиб ўсган, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Асадхўжа Мўйдинхўжаев шу кунларда Франция пойтахти Парижда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, олтин медални қўлга киритди. Мустақиллик йилларида фарғоналик спортчилар олимпиада ўйинларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарила олмаган эди. Бу борада 23 ёшли ўғлон Асадхўжа янги тарих яратди.

2016 йили Бразилияда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида фарғоналик боксчи Бектемир Мелиқўзиев кумуш медалини қўлга киритганди. Париж олимпиадасида фарғоналик яна бир боксчи Лазизбек Муллажонов ҳам олтин медалга сазовор бўлди. Буниси энди фахр!

— Ўғлимнинг ўйини бўладиган кунлари, айниқса, финал баҳси хонадонимизда тўй бўлиб кетди, — дейди чемпионнинг онаси Гулчеҳра Охунжонова. — Аммо ўйин тугагунигача телевизор экранига қарашга юрагим дош бермади. Фақат ўйиндан сўнг натижани эшитиб, таскин топдим

Эртаю кеч Париждан қўнғироқ кутдим. Вақти бизнинг вақтга тўғри келмагани боис, баъзан ярим тунда ёки саҳарда телефон қўнғироғидан ҳушёр тортаман. Ўғлимнинг жарангдор овози безовта қалбимга таскин берди. Ўзимнинг олтин болам! Телефон орқали Париж таассуротлари, у ерда спортчиларимизга яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди. Энг сўнгги қўнғироғида чемпион бўлгач, Президент билан гаплашганини ўзгача ҳайрат ва ҳаяжон билан айтди. Она-бола узоқ суҳбатлашдик.

Асадхўжа эндигина 23 ёшда. Аммо 2017 йилдан буён 4 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони, бир неча халқаро турнирлар ғолиби. 2019 йилдан буён Фарғона вилояти спорт якка курашига ихтисослаштирилган спорт мактабининг бокс бўлими мураббийи. Ҳозирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси.

Чемпионнинг отаси Зоҳидхўжа Охунжонов Риштон тумани солиқ инспекциясида ишлайди. Онаси Гулчеҳра опа тумандаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси. Акаси Ғайратхўжа ҳам таълим тизимида фаолият кўрсатади. Бу сулола туманда энг ибратли оилалардан бири сифатида танилган. Охунжоновлар сулоласидан етишиб чиққан олимлар, таълим фидойилари, шифокорлар кўпчиликни ташкил этади.

Асадхўжанинг ғолиблик жанги ва чемпион бўлиши Булоқбошида катта байрам сифатида нишонланди. Чемпионлик ўйинидан сўнг Асадхўжа ёзги Олимпия ўйинларидан икки карра ғолиби Баҳодир Жалолов билан бирга телефон қилиб, самимий қўллаб-қувватлаганлари учун ҳамқишлоқларига алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз спортчилари Париж олимпиадасида ёзги ўйинлар солномасида ўзига хос тарих яратишди. 13 та медаль ва умумжамоа ҳисобида 13-ўрин. Бу қувонишга, хурсандчилик қилишга арзийдиган натижа. Дунё спортчилари даврани кенгроқ олинг, йўл беринг: Янги Ўзбекистон спортчилари келмоқда!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?