Ғўбдин тоғ тизмасида шамол электр станцияси қурилмоқда

12:20 25 Сентябр 2025 Жамият
155 0

Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳолиси сонининг ўсиши билан электр энергиясига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Шу боис муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари ҳажми 8000 МВтга етказилади ва ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбаларига тўғри келади. Бу йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан Самарқанд вилоятининг Булунғур, Жомбой ва Пайариқ туманлари, шунингдек, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган Ғўбдин тоғ тизмасида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станцияси қурилмоқда.

— Ҳозирда учта туманда ҳам шамол станциялари ва ҳаво электр тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда, — дейди “Universal Energy” компанияси мутахассиси Беҳруз Исмоилов. — Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида бу ҳудудларда 80 та шамол трубинаси ўрнатилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун дастлаб гидрометрологик мачталар қуришга ер майдонлари ўзлаштирилди.

Қурилиш объектларида қурувчилар томонидан ер ости таянч устунлари ўрнатилиб, йўл қурилмоқда. Шунингдек, трубиналар таянчи учун хандақлар, омборхона ва бошқа қўшимча биноларнинг пойдевори қазилмоқда. Бунёдкорлик ишлари аниқ лойиҳалар асосида хитойлик малакали мутахассисларнинг тавсияси билан амалга оширилмоқда. Энергетика вазирлиги билан лойиҳа доирасида шамол электр станциясини ҳамда ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича координаталарни белгилаш ишлари ҳам давом этмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида лойиҳа доирасида жами 7 та гидрометрологик мачта ўрнатилган бўлиб, улар орқали йил давомида жамланган барча маълумотлар таҳлил қилиниб, қаерда, нечта ва қанча қувватга эга шамол турбиналари қурилиши белгилаб олинади.

— Туманимизда парракларининг узунлиги 150 метргача бўлган шамол станциялари ўрнатилади, — дейди Булунғур тумани ҳокими ўринбосари Шавкат Раззоқов. — Трубиналарининг биттаси 5,5-8 МВт қувватгача электр токи ишлаб чиқариб, 15-20 минг аҳолига эга бўлган битта кичик шаҳарчани энергия билан таъминлай олади. Мазкур станциялар ишга туширилса, юзлаб мутахассислар иш билан таъминланади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».                                                              

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?