Гипотония ёхуд қон босими нега пасаяди?
Аксарият кишилар юқори қон босимини саломатлик учун хавфли деб ҳисоблайди. Бу тўғри. Бироқ ҳамма ҳам қон босимининг тушишига эътибор беравермайди. Шифокорга бормай, қаҳва билан бу балансни тўғрилашга ҳаракат қилади.
Хўш, бу қанчалик тўғри? Қон босимининг пастлиги саломатлик учун хавфсизми ёки уни даволаш керакми?
Ушбу саволларга тиббиёт фанлари номзоди Ҳамидулла Тошпўлатов жавоб берди.
— Гипотония, яъни қон босимининг пастлиги марказий асаб тизими фаолиятида томир тонуси ва неврогормонал тартибнинг бузилиши оқибатида келиб чиқади, — дейди мутахассис. — У сурункали (қон босимининг узоқ вақт пасайиши), ўткир (бошқа бир касаллик белгиси сифатида) ёки симптоматик (беморда қон босимининг аста-секин пасайиши) ва бир марталик пасайиш каби турларга бўлинади.
Одатда қон босими иккита кўрсаткич билан ифодаланади. Биринчиси, систолик босим, яъни систол пайтда томирларда ҳосил бўладиган босим (юракнинг қисқариши). Иккинчиси, диастолик босим, яъни диастол пайтда томирлардаги босим (юракнинг бўшашиши).
Систолик босим доим диастоликдан юқори бўлади. Юрак-томир тизимининг тонуси (таранглиги) пасайганда танада қон босими ҳам тушади. Тонометр ёрдамида ўлчанганда, юқори (систолик) рақам 100 мм. симоб устуни, пастки (диастолик) эса 60 мм. симоб устунидан паст бўлган тақдирда беморга гипотония ташхиси қўйилади. Бу кўрсаткич кичик ва ўсмир ёшдаги болаларда 85-60 мм. симоб устуни, 30 ёшдан ошган инсонларда эса 105-65 мм. симоб устунини ташкил қилади.
Ушбу хасталикнинг келиб чиқишига, энг аввало, ички қон кетишлар, миокард инфаркти, камқонлик, бош ва орқа мия жароҳатлари, юрак етишмовчилиги, сурункали уйқусизлик сабаб бўлади.
Шунингдек, стресс, невроз, психологик жароҳатлар, руҳий тушкунлик, буйрак усти ва ости безлари фаолияти бузилиши, гормонал ўзгаришлар, бош мия ички босимининг пасайиши, ҳомиладорлик, оддий сувсизланиш ҳам қон босимининг пасайишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, паст қон босими инсоннинг ўзига хос хусусияти ҳам бўлиши мумкин. Шу боис бундай кишилар ўзларини ёмон ҳис этишмайди ва уларга дори-дармоннинг ҳожати йўқ.
Қон босими пасайганда мияга кислород ва озуқа моддалари етарли даражада етиб бормайди. Оқибатда инсонда бош айланиши, уйқучанлик, умумий ҳолсизлик, бош оғриғи, диққатни жамлай олмаслик, иш қобилиятининг сусайиши, кўнгил айниши, жунжикиш, терлаш, кўз олдининг қоронғулашиши, жиззакилик кузатилади. Касаллик одатда сурункали кечиб, айниқса, қайталаниб туради.
Қон босимининг нормал ёки кескин пасайишини (масалан қон йўқотиш, сувсизланиш, юрак касалликлари ёки анафилактик шок сабабли) тана аъзолари жиддий ҳис этади ва бунинг оқибатида буйрак етишмовчилиги, онгнинг бузилиши ва кома ҳолати рўй бериши мумкин.
Агар беморда онгнинг хиралашуви, танани совуқ, ёпишқоқ тер қоплаши, терининг оқариши кузатилса ва у тез-тез ва юзаки нафас олса, пульс тезлашуви ва кучсизлиги каби клиник белгилар аниқланса, бу – инсон ҳаёти учун хавфли бўлган ички аъзолар ва бош мия гипоксиясига олиб келувчи ўткир артериал гипотония белгилари ҳисобланади.
Шу боис бу ҳолатда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг