Гидроэнергетикада янги лойиҳалар янги имкониятлар демакдир

12:09 22 Ноябрь 2021 Жамият
893 0

Фото: "Халқ сўзи"

Сурхондарё вилоятида гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш, пировардида янги ГЭСлар қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш ишлари янада жадал суръат касб этмоқда. Чунончи ўтган йили мураккаб пандемия шароитига қарамай, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан воҳада 6 та янги қурилиш ва модернизация лойиҳаси ишга туширилди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қуввати 118,3 МВтни ташкил этиб, бу эса қўшимча 543 млн. кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини яратди. Жумладан, Сариосиё туманида янгидан барпо этилган “Зарчоб-1” кичик ГЭСи ўз фаолиятини бошлаган бўлса, ҳеч бир фурсат ўтмай, "Зарчоб-2" лойиҳаси ҳам муваффақиятли рўёбга чиқарилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Гидропроект” АЖ томонидан лойиҳалаштирилган ушбу кичик ГЭС учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компанияси томонидан етказиб берилди. Қурилиш-монтаж ишлари якунлангач, созлаш ва синовдан ўтказиш ҳамда автоматик тизим бошқарувини марказлашган тарзда мувофиқлаштириш ишлари олиб борилди. Йирик сув манбаи - “Тўпаланг” сув омборидан туннел ва канал орқали ушбу кичик ГЭСга сув етказиб берилди. Босимли ҳовуздаги сув кўтариш иншоотлари шай ҳолатига келтирилгач, белгиланган тартибда синовдан ўтказилди. Ва ниҳоят, синов жараёни якунланиб, “Зарчоб-2” кичик ГЭСи фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тақдимот маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ГЭС қурилиш-монтаж ишларида иштирок этган корхоналар, жумладан, хитойлик ҳамкорлар иштирок этди. Иншоот расмий очилишининг муҳим палласи - рамзий тугма босилиб, энг илғор технологик ускуналар ёрдамида дастлабки киловаттлар ишлаб чиқарила бошланди.

- Ушбу иншоотларда 2019 йилдан буён "Тўпаланг Холдинг" компанияси томонидан қурилиш-монтаж олиб борилди, - дейди "Тўпаланг" ГЭС раҳбари Асрор Улуғов. - Бу ерда келгусида яна 2 та агрегат қурилади. Ҳар бирининг қуввати 72.5 МВ бўлган жами 150 МВ электр энергия ишлаб чиқариш линияси бунёд этиш бўйича амалий ҳаракат бошланган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, табиий ва қайта тикланувчи ресурс эвазига "Зарчоб-1","Зарчоб-2" ГЭСлар томонидан экологик тоза ва барқарор электр энергияси ишлаб чиқарилиб, вилоят ижтимоий ва иқтисодий тармоқлари ҳамда маҳаллий аҳолига етказиб берилади

Таъкидлаш жоизки, Сурхондарёда фойдаланиладиган сув ресурсларининг умумий ҳажми йилига 4 минг 270 млрд. метр кубни ташкил қиладиган бўлса, бунда асосий кўрсаткичлар Амударё, Сурхондарё дарёлари ҳамда “Тўпаланг” сув омбори ҳиссасига тўғри келади. Мазкур сув омбори 500 млн. м3 сиғимдаги сувни тўплаш имкониятига эга бўлиб, у орқали  Сурхондарё вилоятининг 103 минг гектардан ошиқ ер майдони суғорилади.

 Яна бир йирик лойиҳа - “Тўпаланг” ГЭСида олиб борилаётган модернизация ишлари россиялик ҳамкорлар билан амалга оширилмоқда. Айни жараёнга хитойлик мутахассислар ҳам жалб этилган. Хусусан, мазкур иншоот учун замонавий асбоб-ускуналар ва гидроагрегатлар Хитойнинг етакчи компанияси - “Dongfang Electric International Corporation” томонидан етказиб берилди ва монтаж ишлари маҳаллий корхоналар билан биргаликда бажарилди.

- Биз кўп йиллик тажрибамиз асосида Ўзбекистонда гидроэлектр станцияси қурилишида қатнашаётганимиздан мамнунмиз,  - дейди мазкур лойиҳа бўйича хитойлик менежер Сун Жианфенг. -  "Зарчоб-1" ва "Зарчоб2"  кичик ГЭС ларида маҳаллий корхоналар билан бирга муҳим лойиҳани бажардик. Бугун ҳар иккала агрегатлар тўлиқ қувват билан ишлаётир. Келгусида ҳам бу борадаги ҳамкорлигимиз давом этади.

Шу билан бирга ҳозирда "Тўпаланг" сув манбаидан вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга доир мегалойиҳа қизғин  олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида 361 км масофага сув қувурлари тортиляпти. Бу тармоқ ишга туширилгач, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ ва Термиз туманлари ҳамда вилоят марказидаги қарийб 2 миллионга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Шу ўринда яна бир маълумот. Кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли хонадонлари учун паст кучланишли электр тармоқлар ҳамда трансформатор пунктларини реконструкция қилиш ва янгидан қуриш ишларига ҳам жиддий ёндашилмоқда. Агар 1991-2016 йиллар мобайнида бор-йўғи 490 км электр тармоқлари ва 316 дона трансформатор пунктида қурилиш-монтаж ишлари қилинган бўлса, биргина 2020 йилнинг ўзида 286 км электр тармоғи ва 132 дона трансформатор реконструкциядан чиқарилди. Жорий йилда ҳам 1 минг 67 км ёки ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп электр тармоқлари, шунингдек, 284 та трансформатор пунктида қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш белгиланган.

2016 йилда воҳада истеъмолчиларга 2 млрд. 150 млн. кВт соат электр энергия етказиб берилган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 30 фоиздан ошиб, 3 млрд кВт.соатга етказилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Зарчоб-2” кичик ГЭСининг ишга туширилиши самарасида айни рақам яна 38 минг 200 кВт соатга ортади. Демак, бир суткада ўртача 750 минг кВтдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилиб, қарийб 300 мингга яқин хонадоннинг чироғи асло ўчмайди.

 

Илҳом РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи" мухбири.

 

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?