Германияда ўқитувчиларга совға бериш мумкинми?

19:59 26 Апрель 2021 Жамият
881 0

Кеча «Миллий тикланиш» партиясида «Ватандош билан суҳбат» лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда ёшлар таълим тизимини ислоҳ қилиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш масалалари муҳокама этилди.

Мазкур лойиҳанинг галдаги меҳмони Германиянинг Ҳерманн-Счулз-Грундсчуле мактаби педагоги, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили, «Шуҳрат» медали соҳиби Камолиддин Бедиев бўлди.

— Келажагинг учун ўзинг жавобгарсан. Қаерда туғилишинг, қандай шароитда бўлишингдан қатъи назар эртанги кун учун ўзинг тамал тошларини қўйиб боришинг керак. Ўз касбингни, ишингни севмасанг, соҳанинг кучли вакили бўлолмайсан, — дейди лойиҳа меҳмони К. Бедиев. Халқимизда «Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир» деган нақл бежиз айтилмаган. Ўқувчилик пайтларимда устозим немис тилига қизиқишимни пайқаб, уни мукаммал ўзлаштиришим учун ноодатий ўқитиш услублари асосида менга сабоқ берди. Бугунги ютуқларимнинг самараси ҳам аслида шундан. Инсон тинимсиз меҳнат қилса, ўз устида ишласа ва илм олишдан тўхтамаса, албатта, муваффақият сари одимлашда давом этаверади. Бунга жуда кўп иқтидорли ёшларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Асосан, ёш авлод вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда улар томонидан лойиҳа меҳмонига кўплаб саволлар берилди.

Хусусан, Ёшлар парламенти аъзоси Aзизбек Очилов «Германия таълим тизимидан ўрнак олиш керак бўлган жиҳатлар нималардан иборат ва умуман,у ерда таълим тизими қандай йўлга қўйилган?» деган мазмундаги саволига қуйидагича жавоб берди:

— Германияда олтинчи синфгача умумий мактабларда таҳсил олишади, олтинчи синфни тамомлагач, ўзлаштириш кўрсаткичларига кўра турли мактабларга йўналтирилади, — дейди лойиҳа меҳмони. — Ўқитиладиган фанлар ҳақида ота-оналарга ўқув йили аввалида маълумот бериб, ўқув методикаси билан таништиришади. Диний фанлар ўқитилиши ҳам ихтиёрий бўлиб, ота-оналарнинг диний таълим методикаси билан танишиб чиқиб розилик хатини имзолаб беришса, диний фанлар ҳам ўқитилади.

Кейинги масала, яъни Германия таълим тизимидан ўрнак олиш керак бўлган жиҳатларга тўхталадиган бўлсам, коррупцияга мутлақо йўл қўйилмайди. Германия қонунларида қатъий белгилаб қўйилганки, ўқитувчи 5 еврогача, бизнинг миллий валютада ҳисоблаганда қарийб 60 минг сўмдан қиммат бўлмаган ҳар қандай миннатдорлик учун тақдим этилган совғани олиши мумкин. Ундан юқорисини олиш эса тақиқланган. Агар ушбу қоидага амал қилинмаса, ўқитувчи жавобгарликка тортилади.

Шу ўринда бир таклифимни айтиб ўтсам, умумтаълим мактабларида учбурчак, яъни «мактаб — психолог — ота-она» тизимини йўлга қўйиш керак. Бу ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслигида яхши самара беради.

Шунингдек, Камолиддин Бедиев мамлакатимиз таълим тизими тараққиётига оид таклифлари билан бирга, келажакдаги режалари, жумладан, Ўзбекистонда Германия таълим тизимига асосланган мактаб очиш ҳақида тўхталиб ўтди.

Сарвиноз ТУРСУНОВА,

ЎзЖОКУ талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?