Германия ҳам Фаластинни давлат сифатида тан олишга чақирилди

18:20 25 Июль 2025 Дунё
246 0

Архив фото

Германия Фаластин давлатини тан олишда Францияга эргашиши керак. Бу фикрларни Германиянинг “Ақл ва адолат учун иттифоқ” партияси раҳбари Сара Вагенкнехт айтиб ўтди.

Пайшанба куни Франция президенти Эммануэл Макрон сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Франция Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди. Бунинг ортидан Германия ҳукумати матбуот котиби Стефан Корнелиус Германия ҳукумати қисқа муддатда Фаластин давлатини тан олиш ниятида эмаслигини билдирди.

“Франция президенти Эммануэль Макроннинг Фаластинни давлат сифатида тан олиш ҳақидаги қарори тўғри. Германия ҳам ниҳоят икки давлат ечимига аниқ ишора сифатида бу қадамни қўйиши керак”, — дейди Вагенкнехт.

Бунинг ўрнига, унинг сўзларига кўра, Германия ҳукумати Исроилга нисбатан сиёсати билан ўзини тобора изоляция қилмоқда. Исроил ҳукуматини қурол-яроғ билан таъминлашда давом этаётганлар Ғазодаги уруш жиноятлари ва очликдан ўлим учун қисман жавобгардир.

Аввалроқ, Германия социал-демократик партияси фракцияси Германия ҳукуматидан Европа давлатларининг Исроилни Ғазо секторидаги можарога чек қўйишга чақираётган ташаббусига қўшилишни талаб қилган эди.

Шу йилнинг май ойида Франция президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Канада бош вазири Марк Карни биргаликда ўз ҳукуматлари Фаластин давлатини тан олишга «қатъий» эканликларини ва «икки халқ учун икки давлат» концепциясини амалга ошириш учун бошқалар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришган эди. Пайшанба куни Макрон сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида Франция Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди.

Фаластин давлатини 147 давлат тан олган, АҚШ улар орасида эмас. 2024 йилда Қўшма Штатлар Фаластиннинг БМТга тўлиқ аъзолигига вето қўйди. 2024 йилдан бери Фаластинни ўнта давлат, жумладан Ирландия, Норвегия, Испания ва Арманистон тан олган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?