Газланган сув ичиб, семизликдан қутилиш мумкинми?
Газланган сувнинг вазн бошқарувига таъсири ҳақида қизиқарли хулосалар олинган янги тадқиқотда бу ичимлик организмда глюкозани қайта ишлаш жараёнига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлиги исботлади. Шунга қарамасдан, барча ишингизни қўйиб, газли сув билан озиш фикрига келган бўлсангиз, «игна билан қудуқ ковлаш»дай мураккаб жараёнга қўл урган бўласиз. Бу ҳақда «Nutrition Prevention & Health» илмий журналида махсус мақола чоп этилди.
Айтиш керакки, тадқиқотчилар газли сувнинг таъсир жуда оз миқдорда эканини ва бу вазн ташлашда асосий омил бўлиши мумкин эмаслигини билдиришган. Мутахассислар газланган сувнинг фойдасини ошириб кўрсатмасликни, муваффақиятли вазн бошқаруви учун жисмоний фаоллик ва мувозанатли овқатланиш зарурлигини алоҳида қайд этишмоқда.
Гап шундаки, газланган сувнинг вазн ташлашга таъсир қилиши ҳақидаги фикрларнинг асоси тўқлик ҳиссини ошириш, иштаҳани пасайтиришига, шунингдек, глюкоза миқдорини камайтиришига боғлиқ. Бу ичимликни истеъмол қилиш ҳазм жараёнини бироз тезлаштириши ва қисқа муддатда камроқ овқат истеъмол қилишга ёрдам бериши мумкин. Газланган сув таркибидаги карбонат ангидрид (CO2) қонга сўрилиб, глюкозани қайта ишлаш учун масъул бўлган ферментларни фаоллаштириши аниқланган.
Шунингдек, газланган сувнинг қисман гемодиализ жараёнига (организмни ортиқча суюқлик ва зарарли моддалардан сунъий тозалаш усули) ўхшаш таъсир кўрсатиши кузатилган. Гемодиализ қондаги глюкозани камайтириш учун тиббий усул бўлиб, бу жараёнда карбонат ангидрид ишлаб чиқарилади. Шунга қарамасдан, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, гемодиализнинг қонда глюкоза камайтириш таъсири анча юқори бўлса, газланган сувнинг бу таъсири минимал даражада.
Тадқиқотчилар газланган сувнинг моддалар алмашинуви жараёнидаги ролини аниқлаш учун лаборатория шароитида турли синовларни ўтказган. Уларнинг хулосасига кўра, газланган сув организмда глюкозани қайта ишлаш тезлигини ошириши мумкин, аммо бу таъсир жуда кам сезилади. Мисол учун, гемодиализ жараёнида қонда ўртача 9,5 грамм глюкоза ишлатилади, газланган сувнинг таъсири эса бундан анча кам. Шунинг учун бу ичимликни асосий вазн ташлаш воситаси сифатида кўриб бўлмайди.
Газланган сувни ҳаддан ташқари кўп ичиш ошқозон ва ичаклар учун ноқулайлик туғдириши мумкин. Айрим одамларда бу ичимлик газ йиғилиши, шишиш ёки қорин оғриғини келтириб чиқариши эҳтимолдан ҳоли эмас. Айниқса, ҳазм тизими сезгир ёки сурункали ичак касалликларига эга бўлган одамлар газланган сув истеъмол қилишни меъёрида сақлашлари керак.
Мутахассислар газланган сувнинг кичик фойдаларини тан олсалар-да, бу ичимликни вазн бошқаруви учун асосий восита сифатида тавсия этмайдилар. Уларнинг фикрига кўра, газланган сувни истеъмол қилишда меъёрни сақлаш муҳим ва вазн ташлаш учун жисмоний фаоллик ҳамда мувозанатли овқатланишдан самаралироқ усул йўқ.
Газланган сувнинг вазн ташлашга таъсири ҳақидаги тадқиқотлар қизиқарли бўлса-да, бу ичимликни асосий ечим сифатида кўриш хато бўлади. У ҳазм жараёнини бироз тезлаштириши ва қисқа муддатда тўқлик ҳиссини ошириши мумкин, аммо узоқ муддатли ва барқарор вазн бошқаруви учун бу етарли эмас. Соғлом овқатланиш, мунтазам жисмоний фаоллик ва меъёрида ичимлик истеъмоли муваффақиятнинг асосий омилларидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг