Газ баллони портлаган автотранспорт воситалари сони очиқланди

12:42 25 Ноябрь 2021 Жамият
176 0

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Фарғона шаҳрида видеоселектор тарзида йиғилиш ўтказилди. 

Унда «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг транспорт воситалари техник ҳолати ва ускуналарга доир талабларга оид қисмининг Фарғона вилоятидаги ижро этилиш ҳолати, яъни газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинди.

Тадбирда ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар студияларидан тегишли мутасаддилар иштирок этди.

Йиғилишда 23 ноябрь куни Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб борилгани, шунингдек, вилоятда Қонун ижросини таъминлаш мақсадида тегишли йўналишларда муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тартибини соддалаштириш бўйича қатор ташкилий чоралар кўрилган, бу борада юридик ва жисмоний шахсларга қўшимча қулайликлар яратилган. Натижада бугунги кунда Фарғона вилоятида жисмоний шахсларга тегишли 341 820 та автотранспорт воситасининг 249 664 таси, яъни 73 % ва 31 814 та юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларининг 29 214 таси, яъни 91,7 % газ баллонлари билан жиҳозланган.

Вилоятда жорий йил 1 ноябрь ҳолатига 22 та тадбиркорлик субъекти автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Улар учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати «Техник кўрик» автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти яратилган.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан 16 та тадбиркорлик субъектига автотранспорт воситаларида ўрнатилган газ баллони ускуналарини синовдан ўтказиш учун рухсатнома берилган.

Йиғилишда олиб борилган ишлар билан бир қаторда баъзи камчилик ва муаммолар борлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Жумладан, 2020 йил ва жорий йилнинг 10 ойи давомида республика бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 17 та портлаш ҳолати содир бўлган ва уларнинг биттаси айнан Фарғона вилоятида қайд этилган. 

Хусусан, жорий йил 22 май куни Фарғона вилояти, Қува туманида фуқаро А.Тоштемировнинг ВАЗ-2101 русумли транспорт воситасига мутасадди идораларда қайта рўйхатдан ўтказмасдан сифатсиз газ баллони ўрнатилганлиги оқибатида газ қуйиш шохобчасида (газ тўлдирилаётганда) портлаш содир бўлган. Оқибатда икки киши жароҳатланган.

Газ баллонларини автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан таъсирчан назоратнинг ўрнатилмагани ҳам нохуш ҳолатларни юзага келтирмоқда.

Газ баллонларига ортиқча босимда газ тўлдирилиб, яроқлилик муддати 15 йилдан ортиқ бўлган газ баллонларидан ҳам фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 

Йиғилишда газ баллонли автомобиллардаги портлаш ҳолатлари учун таъсирчан жавобгарлик чораларининг масъуллар, хусусан ускуналарни ўрнатувчи ва уларни синовдан ўтказувчи субъектлар вакиллари, шунингдек транспорт воситалари эгаларига қўлланилмаётгани ҳам уларнинг тез-тез содир бўлишининг сабабларидан экани қайд этилди. 

Шу ва бошқа муаммоли ҳолатлар юзасидан мажлис якунида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Вилоятда йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича олиб борилаётган ишлар ва бошқа яна бир қатор масалаларда масъулларнинг ахборотлари ҳам эшитилди.

Якунда савол-жавоблар ва билдирилган таклифлардан келиб чиқиб олдинда турган вазифалар келишиб олинди. Мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?