ФВВ аҳоли ва корхона раҳбарларига мурожаат билан чиқди

12:17 23 Октябр 2024 Жамият
222 0

Кунлар совиши натижасида электр, газ ёки бошқа ёқилғида ишлайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда эътиборсизлик туфайли ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва ёнғинлар содир бўлиши мумкин. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика аҳолиси ҳамда ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, бундай ҳолатларга тушмаслик учун уй-жой секторлари, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларидаги газ, электр ва бошқа ёқилғида ишловчи иситиш мосламаларини соз ҳамда шай ҳолатга келтириш чораларини мавсум бошланишидан аввал амалга ошириш зарур. Акс ҳолда иситиш мосламалари билан боғлиқ турли нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳоли ва ташкилот раҳбарларига қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги тавсияларни берди:

  • ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланмаслик;
  • электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланиш;
  • иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печлари ва улар дудбуронларининг созлиги, қувурларнинг ҳар хил маҳсулотлар билан беркилиб қолмаганлигини кўздан кечириш ва дудбурон орқали ҳаво тортиш кучига алоҳида аҳамият қаратиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришиш;
  • носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасидан фойдаланиш;
  • иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормаслик;
  • газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширмаслик;
  • газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиш;
  • газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилиш;
  • ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритмаслик;
  • газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланиш ва уларнинг доимий созлигига эътибор бериш.

Шунингдек, вазирлик агар хонада газ ҳидини сезилса, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланмаслик, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўришни ва бу ҳақда 104 рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда ёнғин-қутқарув хизматининг 101 ёки 1050 телефон рақамига хабар бериш кераклигини тавсия қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?