Футзал бўйича «Ўзбекистон Нотариал палатаси кубоги» турнирининг финал босқичи ўтказилди

16:03 19 Апрель 2025 Жамият
207 0

«Нотариуслар соғлом турмуш тарафдори» шиори остида футзал бўйича «Ўзбекистон Нотариал палатаси кубоги» турнири бу йил бешинчи бор ўтказилди. Бу ҳақида «Notarius maslahati» Telegram канали хабар берди.

Турнирнинг ҳудудий босқичлари 4 та — «А», «В», «Д», «С» гуруҳларига бўлинган ҳолда ўтказилиб, ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган жамоалар – Қашқадарё, Наманган, Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар нотариуслари жамоалари финал босқичида беллашишди.

Мусобақанинг финал босқичи учун қуръа ташланди ва дастлабки финал ўйинларини Қашқадарё вилояти ҳамда Андижон вилояти жамоалари бошлаб берди. Қизғин ўтган мусобақада ўз дарвозасига 2 та гол ўтказиб юборган қашқадарёлик нотариуслар камбек эвазига ғалабани илиб кетишди.

Навбатдаги финал ўйинларида Тошкент шаҳар ва Наманган вилояти ҳаваскор футболчилари беллашишди. Мазкур баҳс якунида наманганлик нотариуслар 5:2 ҳисобида ғалабага эришди.

Мусобақанинг 3 ўрин учун баҳсида Тошкент шаҳри ҳамда Андижон вилояти ҳаваскор футболчилари ўзаро куч синашди. Ушбу баҳсда андижонликлар пойтахтлик ҳамкасбларини 3:2 ҳисобида енгиб, фахрли 3-ўринни эгаллади.

Финал ўйинида Наманган ҳамда Қашқадарё вилояти жамоалари чемпионлик учун кураш олиб борди. Кубок учун кечган баҳсда Наманган вилояти жамоаси рақиблар дарвозасига 8 та гол уришга муваффақ бўлди. Умумий ҳисоб 8:1 ҳисобида наманганлик нотариуслар фойдасига ҳал бўлди.

Шу тариқа, Наманган вилояти нотариусларидан таркиб топган ҳаваскор футболчилар бу йил учинчи бор «Ўзбекистон Нотариал палатаси кубоги» соҳибига айланишди.

«Ушбу спорт байрамлари нотариуслар орасида мунтазам ўтказиб келинишидан мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш, нотариуслар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, дўстона муносабатларни кучайтиришдан иборат», — дейди Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров.

Турнир ғолибларга Нотариал палата Кубоги, диплом, медаллар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?