Фуқаро мансабдор танишлари орқали 32 гектар ерни харидорга 2,4 миллион АҚШ долларга сотмоқчи бўлди

Ўзбекистонда ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига қарши курашиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида бир қатор ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, айбдор шахслар қўлга олинди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Оҳангарон туманида жойлашган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 2 миллион 400 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ушбу шахс Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида олдиндан 500 минг АҚШ долларини олган вақтда ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси, шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тошкент вилоятида яна бир тезкор тадбир давомида Янгийўл туманида яшовчи, 1974 ва 1978 йилларда туғилган икки нафар шахс туман ҳокимлиги захирасидаги 48 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг АҚШ доллари ҳамда кадастр ҳужжатларини ҳал қилиб бериш учун 8160 АҚШ доллари талаб қилган. Уларнинг қўлига 64 минг АҚШ доллари теккан вақтда ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланган.
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. 1990 йилда туғилган шахс Сув хўжалиги вазирлигининг «Аму-Сурхон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Шеробод туманидаги мелиоратив экспедиция балансидаги 20 сотих ер майдони ҳамда 1961 йилда туғилган маҳаллий фуқарога тегишли, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 45 сотих ер майдонини умумий 60 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Ушбу шахс 56,7 минг АҚШ доллари ва 43 миллион сўм олган вақтда ДХХ, Ички ишлар вазирлиги ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди.
Хоразм вилоятининг Урганч туманида эса 1979 йилда туғилган шахс давлат захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 45 минг АҚШ доллари ва 13 миллион сўм талаб қилган. У ҳам пулнинг бир қисмини олган пайтда ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ер майдонларини ноқонуний сотишга қарши қатъий чоралар кўришда давом этмоқда. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида доимий назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг