Франциядан жиддий қадам: Макрон сентябрь ойида Фаластин мустақиллигини тан олади

Франция президенти Эммануэль Макрон шу йилнинг сентябрь ойида Фаластин давлатини расман тан олади. Бу ҳақида «BBC» нашри маълум қилди.
Унда айтилишича, Франция етакчиси ўзининг «Х» тармоғидаги постида 2025 йилнинг сентябрь ойида Фаластин давлатини расман тан олишини ҳамда бу ҳақидаги расмий хабарни БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркдаги сессиясида эълон қилинишини таъкидлаган.
«Яқин Шарқда адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатишга бўлган тарихий мажбуриятга содиқ қолган ҳолда, Фаластин давлатини тан олишга қарор қилдим. Бугунги куннинг шошилинч эҳтиёжи — Ғазодаги уруш тугаши ва тинч аҳолининг қутқарилишидир. Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо халқига йирик гуманитар ёрдам киритилиши керак», — деб ёзади Макрон.
Шунингдек, Макрон ҲАМАС ҳаракатини демилитаризация қилишни кафолатлаш, Ғазонинг хавфсизлигини таъминлаш ва қайта қуриш лозимлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
Бундан ташқари, Франция етакчиси Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббосга ушбу қарорини тасдиқловчи хатни илова қилган. Макроннинг баёнотига жавобан, Маҳмуд Аббоснинг ўринбосари Ҳусайн ал-Шайх, бу позиция Франциянинг халқаро ҳуқуққа содиқлигини ҳамда Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини акс эттирганини таъкидлаган.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Эммануэль Макроннинг ушбу қарорига жавобан, ўзининг «Х» тармоғидаги саҳифасида пост қолдирган.
«Биз Президент Макроннинг 7 октябрдаги қирғиндан кейин Тел-Авив ёнидаги Фаластин давлатини тан олиш қарорини кескин қоралаймиз. Бундай шароитда Фаластин давлати Исроилни йўқ қилиши учун қулай ҳудуд ва имкониятларга эга бўлиб қолади», — дейди Нетаньяху.
ҲАМАС ҳаракати Франциянинг қарорини ижобий қадам дея таъкидлаб, дунёнинг барча давлатларини Франция каби қарор қабул қилишга чақирган.
Маълумот учун, ҳозирда Фаластин давлатини БМТга аъзо 193 давлатнинг 140 дан ортиғи тан олган. Улар орасида Европа Иттифоқининг бир нечта давлатлари, жумладан, Испания ва Ирландия ҳам бор. Аммо Исроилнинг асосий ёрдамчиси АҚШ ва унинг иттифоқчилари, жумладан, Буюк Британия Фаластин давлатини тан олмаган.
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер француз ва немис раҳбарлари билан телефон орқали фавқулодда суҳбат ўтказиб, Ғазодаги зиддиятни тўхтатиш учун нималар қилиш кераклиги тўғрисида фикр алмашган.
«Давлатчилик Фаластин халқининг ажралмас ҳуқуқи. Ўт очишни тўхтатиш бизни Фаластин давлатини тан олиш ва икки давлатли ечим йўлига олиб боради» — деган Стармер.
Шунингдек, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги ҳам Франциянинг Фаластинни тан олиш қарорини олқишлаб, халқаро ҳамжамият Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқи бўйича консенсусини яна бир бор тасдиқлашини билдирган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг