Фарзандликка олишда бола ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш зарур

13:20 02 Июль 2021 Жамият
1141 0

Ўзбек оиласида бола дунёга келиши жуда катта қувонч билан кутиб олинади. Зеро, халқимиз азалдан болажон халқ. Лекин ҳаёт ҳар доим ҳам бир текисда кетмайди. Кимларгадир фарзанд кўриш бахти насиб этмайди. Табиийки кўпчилик аҳил оилалар фарзанд асраб олишга қарор қилишади. Таҳлилларга қараганда айни пайтда мамлакатимизда фарзандликка олиш истагини билдирган шахслар 4 мингдан ортиқ экан.

Табиийки, фарзанд асраб олиш ҳам ўз-ўзидан содир бўлмайди. Мазкур жараённинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқий талаблари бор.

Ана шу талабларни соддалаштириш, фарзандликка олувчиларга енгиллик яратиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Бугунги кунда фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга (ҳар йили ўртача 200 нафар бола) нисбатан анча юқорилигича қолмоқда. Демак амалдаги қонунчиликда бу борада бўшлиқлар мавжуд.

Мисол учун, доимий даромадга эга бўлмаган ёки соғлиғи ҳолатига кўра ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажара олмайдиган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳуқуқларини чеклаш қонунда аниқ белгиланмаган.

Оқибатда фуқаролар томонидан ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан бола савдоси каби ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2017-2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жами 185 та жиноят аниқланган ва ушбу жиноятлар бўйича 286 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка кўра, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаган болани фарзандликка олишларига йўл қўйилмайди деб белгиланган.

Кўриниб турибдики, бу борада ечимини кутаётган масалалар кўп. Шу боис, Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 176-бандида фарзандликка олиш амалиётини ўрганиш ва бу бўйича ҳуқуқий асосларни қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Унга кўра, «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасида Оила кодексининг фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар (152-моддаси) рўйхатида муқаддам қасддан жиноят содир этган шахслар томонидан фарзандликка олинишига тақиқ ўрнига қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб шахсга фарзандликка олишни тақиқлаш қоидаси жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, оғир (5 йилдан 10 йилгача) ва ўта оғир (10 йилдан ортиқ) турдаги жиноятларни содир этган, шунингдек, фарзандликка олиш вақтидан олдин 1 йил давомида доимий даромадга эга бўлмаган ёки ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлган даромад оладиган фуқароларга, фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахсларга фарзандликка олиш таъқиқланмоқда.

Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар ҳамда жамоат тартибига қарши жиноятлар ва ҳарбий мансабдорлик жиноятларини содир этган шахсларга фарзандликка олиш таъқиқланмоқда.

Мазкур қонунни қабул қилиш ва унинг нормаларини аниқ баён этишдан асосий мақсад битта. Яъни бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини тўлақонли таъминлаш, болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш, айниқса бола савдоси ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашишдан иборатдир.

Соддароқ айтганда қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар асраб олинаётган боланинг маънан ва жисмонан соғлом оила аъзосига айланишига хизмат қилади. Бу фарзандликка олинаётган болаларнинг келажаги учун ҳам муҳимдир.

Шаҳноза ХОЛМАХМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер