Фарғонадаги тергов ҳибсхонасида касбга ўқитиш амалиёти жорий этилди

17:52 07 Январь 2025 Жамият
202 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида соғлом дунёқарашни шакллантириш, озодликка чиққанларидан сўнг қайта жиноят қилишларининг олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ижтимоий кўникма маркази томонидан мамлакатимизда илк бор янги ташаббус илгари сурилди.

Шу тариқа Фарғона шаҳар касбий кўникмалар “Ишга марҳамат” мономаркази, Ички ишлар вазирлиги, Жазони ижро этиш департаменти иккинчи минтақавий ҳудуд 10-сонли тергов ҳибсхонасида паррандачилик, қуёнчилик, иссиқхона, тикувчилик соҳалари йўлга қўйилди.

Бугунги кунга қадар муассасадаги 24 нафар хўжалик ҳисобидаги маҳкумлар Фарғона шаҳар касбий кўникмалар “Ишга марҳамат” мономаркази томонидан тикувчилик, пайвандлаш, темирчилик, дурадгорлик, чилангарлик, ошпазлик йўналишларида касб кўникмалари шакллантириш борасида ўқитилиб, сертификатлар берилди.

— Яқинда муассаса раҳбарияти билан ҳамкорликда сартарошлик, сантехника хизматлари, мебельчилик соҳалари бўйича устахоналар ташкил этилиши режалаштирилмоқда, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ижтимоий кўникма маркази раҳбари ўринбосари Баҳром Мадумаров. — Натижада Қўқон шаҳридаги жазо муддатини ўтаб қайтган уйи йўқ фуқаролар истиқомат қиладиган эски ётоқхона ўрнига 17 та хонадан иборат, барча қулайликларга эга бўлган янги бино қурилди.

Айтиш жоиз, тергов ҳибсхонасида гумонланувчини айби исботлангунга қадар сақланади. Ички ишлар вазирлигининг тегишли кўрсатмаси асосида айби исботланиб, жазога тортилган маҳкумлардан айримларини хўжалик ҳисобида жазо ўташи учун муассасада олиб қолиш амалиёти мавжуд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер