Фарғонада Ёшлар куни юксак кўтаринкиликда нишонланмоқда

13:38 30 Июнь 2022 Жамият
791 0

Фото: Халқ сўзи

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Фарғона вилоятининг барча шаҳар-туманларида санага бағишланган байрамлар, концерт дастурлари, спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар юксак кўтаринкиликда ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон тумани маркази Яйпан шаҳрида ўтказилган ёшлар сайли доирасида умумтаълим мактаблари битирувчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, бу йил тумандаги 71 та умумтаълим мактабининг 11-синфини 2 минг 830 нафар ўқувчи тамомлади. Тантанали тадбирда муддатидан олдин нуфузли олий таълим муассасалари талабаси бўлган 35 нафар битирувчи, аъло баҳолари ва намунали хулқи учун олтин ҳамда кумуш медалларга сазовор бўлган 81 ўғил-қиз эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Шунингдек, халқаро ва республика кўрик-танловлари, «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг якуний босқичида ғолиб бўлган навқирон авлод вакилларига вилоят, туман ҳокимлигининг ташаккурномаси, совғалари топширилди.

— «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг Бухоро шаҳрида волейбол бўйича ўғил болалар ўртасида ўтказилган якуний босқичда ғолиб бўлиб, муносиб тақдирландик, — дейди Абдураҳмон Жомий номидаги МФЙда яшовчи уюшмаган ёшлардан иборат волейбол жамоаси сардори Шоҳруxбек Узоқов. — Бугунги тадбирда ҳам совғалар олдик. Қувонарлиси, Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан маҳалламизда универсал спорт майдончаси қуриб бериладиган бўлди.

Ёшлар сайлида элимиз ардоғидаги актёр ва санъаткорларнинг чиқишлари барчага хушкайфият бағишлади.

Вилоятда Ёшлар куни байрам тадбирлари давом этмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?