Фарғонада ёшлар фестивали доирасида байрам концерти ўтказилди

14:10 27 Июнь 2022 Жамият
889 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз бўйлаб «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ташкил этилган ёшлар фестивали Фарғона вилоятида юзлаб йигит-қизлар фаоллигида унутилмас таассуротларга бой ўтмоқда.

Куни кеча ўтказилган «Янги нафас» югуриш марафони навқирон авлод вакилларини соғлом турмуш тарзига, бир мақсад йўлида бирлашишга тарғиб этган бўлса, файзли оқшомда ташкил қилинган концерт дастури фарғоналик ёшларга янада кўтаринкилик бахш этди.

Фарғона шаҳрида жойлашган муҳташам театр-концерт саройи очиқ саҳнида гала-концерт олдидан республика миқёсида ўтказилган лойиҳалар, ижодий танловлар, спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган бир гуруҳ истеъдодли йигит-қизларга ташаккурнома, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

— Бугун илм-фан, ижод ва спортда ютуқларга эришаётган тенгдошларимизга чин дилдан ҳавас қилдик, — дейди фарғоналик Бобур Каримов. — Бундай эътибор уларни келгусида бундан ҳам яхшироқ натижаларга эришиш учун рағбатлантиради. Ўз ўрнида бизга ҳам ўз устимизда ишлашга, изланишга катта мотивация беради.

Концерт якунида ёшлик орзуси каби ёрқин мушаклар кўкда порлаб, тадбир иштирокчиларига бир олам завқ улашди.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер